Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.11.2020



08:43:56 (GMT +5), Пш, 26 ноя 2020

Адлия вазирлигида Европа Иттифақининг норма ижодкорлиги соҳасидаги энг яхши тажрибалари муҳокама қилинди

Адлия вазирлигида Европа Иттифақининг норма ижодкорлиги соҳасидаги энг яхши тажрибалари муҳокама қилинди


Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш ва қонунчиликни тизимлаштириш” мавзусида вебинар ўтказди.

Вебинарнинг иккинчи куни давомида иштирокчиларга Испаниядаги қонунчиликни тизимлаштириш, Польшадаги қонунчиликдан фойдаланишни таъминлаш ҳуқуқи, Хорватияда тартибга солиш таъсирларни баҳолаш тартиблари ва Францияда кодификация қилиш тўғрисида маълумотлар берилди.

Хусусан, Мария Ванесса Унтиедт Лекуона хоним таъкидлаганидек, Испанияда, авваламбор, иқтисодий соҳадаги қонунчиликни тизимлаштиришга эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, Испанияда ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш таъсирни баҳолашни амалга оширадиган 22 вазирлик мавжуд.

Полша Сейми администрацияси Қонунчилик девони директори ўринбосари жаноб Радослав Радославскийнинг сўзларига кўра, тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг якуний ҳисоботида давлат бюджети, меҳнат бозори, рақобат, ҳудудий ривожланиш ва атроф-муҳит учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Хорватия ҳукумати қонунчилик идораси раҳбарининг ёрдамчиси жаноб Борис Зеленика таъкидлаганидек, тартибга солувчи таъсирни баҳолаш иқтисодиёт, бозор рақобати, кичик бизнес, ижтимоий масалалар, меҳнат, атроф-муҳит ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, у қонунчиликни тизимлаштириш ва тартибга солиш таъсирни баҳолашга ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Европа Иттифоқи, OECD, Жаҳон банки, БМТТД ушбу соҳада малака ва илғор тажриба алмашиш учун барча зарур манбаларга ега.

Жаноб Гиём Мöнйе - Франция Aдлия вазирлиги судининг раиси таъкидлашича, тартибга солиш таъсирни баҳолаш билан бир қаторда қонунчиликни кодификация қилиш муҳим аҳамиятга ега. Бугунги кунга қадар Францияда 60 дан ортиқ кодекслар қабул қилинган, уларнинг матни www.legifrance.gouv.fr портали орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Қонунчиликни кодификациялашнинг асосий мақсади - ҳар ким уни осонликча тушуниши ва кундалик ҳаётда қўллай олиши учун қонунчилик базасини соддалаштириш.

Вебинар иштирокчилари Европа мамлакатларининг тажрибаси тўғрисида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Маърузачилар тадбир мавзуси доирасида ўз мамлакатларидаги тажриба ҳақида батафсил ахборот бериб ўтдилар.

Умуман олганда, тадбир Франция, Испания, Полша ва Хорватияда тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва қонунчиликни тизимлаштиришнинг турли жиҳатлари қизғин бахс-мунозара шаклида бўлиб ўтди.

Вебинар якунида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегациясининг ҳамкорлик сектори раҳбари жаноб Франсуа Бежо Aдлия вазирлиги билан долзарб ҳуқуқий масалалар бўйича бошқа лойиҳалар, шу жумладан, Twinning лойиҳаси доирасида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Маълумот учун: Twinning - бу Европа Иттифоқи мамлакатлари томомнидан давлатлар ўртасида ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш ва техник кўмак воситаси ҳисобланади.

Иззатилла Исмоилов.
Адлия вазирлиги масъул ходими