Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.11.2020



09:55:18 (GMT +5), Пш, 26 ноя 2020

“Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив тусдаги қарорларини Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz)да эълон қилиш: муаммо ва ечим”

Аҳамият беринг

“Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив тусдаги қарорларини Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz)да эълон қилиш: муаммо ва ечим”


Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуси билан ҳар йили ҳокимлар иштирокида ўтказиб келинаётган ўқув семинарлар тобора муҳим аҳамият касб этиб, ҳокимлик масъул ходимларининг ҳам малакасини ошириш махсус курсларининг ташкил этилгани, амалда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Мазкур тадбирларда масъуллар нафақат ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, балки фаолиятларидаги муҳим масалалар ва мавжуд муаммоларни самарали ҳал қилиш йўллари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашиш имкониятига эга бўлмоқда.

Маълумки, ҳокимликлар фаолияти устидан тизимли мониторинг ва назорат олиб боришнинг янги механизмлари ўрнатилди. Бунга ҳанузгача ҳуқуқни қўллаш фаолиятида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликнинг етарли эмаслиги, қонунчилик нормаларини айрим ҳолларда нотўғри, турлича, хато талқин қилиш ва қўллаш каби муаммолар учраётганлиги сабаб бўлди.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони 3-банди билан 2021 йил 1 июнга қадар барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz)га (кейинги ўринларда – Миллий база деб юритилади) киритилиши шартлиги белгиланди.

Фармон ижросини ташкил этиш бўйича эса адлия органлари ҳамда “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази (кейинги ўринларда – Марказ деб юритилади) масъулиятини ошириб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонунийликни таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўрмоқда.

Масалан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив тусдаги қарорларини Миллий базага киритиш учун юборишнинг техник талаблари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига услубий таъминлаш мақсадида юборилиб, ҳокимликлар билан адлия бошқармалари ўртасида келишув имзоланди.

Биринчи масала – маҳаллий ҳокимликларнинг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти бўйича: маҳаллий ҳокимликлар ҳуқуқ ижодкорлигининг фаол субъекти бўлиб, улар қабул қиладиган ҳар қандай ҳужжат қонунчиликка мувофиқ ва албатта халқчил бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам, бу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда. Адлия органлари эса бу соҳада ҳокимларга яқиндан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи идора ҳисобланади.

Маълумот учун, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қуйидаги норматив тусдаги қарорлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши керак:

►ҳуқуқий нормаларга (қонун ҳужжатларида белгиланган шаклда қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида қонун ҳужжатлари нормаларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳужжат) эга бўлган;

►аниқ адресат билан таърифланмайдиган;

►аниқ муносабатларни белгиловчи ягона тартибга эга бўлган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари нормалари лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда баён қилиниши лозим. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўқиганда ва амалда қўллаганда, унинг матни турли хил талқинлар ва тушунмовчиликларга олиб келмаслиги лозим. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган мазмунига мувофиқ, турлича шарҳлаш имкониятини истисно этадиган тарзда бир хилда қўлланилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайдиган ҳужжатлари ҳам мавжуд-ки, уларга қуйидагилар киради:

● якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар:

– шахсий тусдаги (лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимдан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, мукофотлаш ва бошқа шу кабилар) ҳужжатлар;

– тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича қабул қилинган ҳужжатлар;

● илгари белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ва норматив-ҳуқуқий кўрсатмаларни ўз ичига олмаган ҳужжатлар (шу жумладан бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар);

● тавсия тусидаги ҳужжатлар;

● муайян ташкилот ва фуқароларга ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тўғрисидаги ҳужжатлар;

● норматив ҳуқуқий тусга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.

Ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайдиган қарорлар лойиҳалари ҳуқуқий нормаларга эга бўлмаслиги, улар ҳуқуқий нормаларни қўллашга қаратилган бўлиб, индивидуал мазмунга ва бир марталик характерга эга бўлиши лозим. Бундай қарорлар лойиҳаларида ҳатто битта ҳуқуқий норма ўрнатилган бўлса ҳам улар, албатта, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши лозим.

Шунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, расман эълон қилинганидан сўнг кучга киради. Бу тоифадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари эса мазкур органларнинг расмий нашрларида эълон қилинади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат расман эълон қилинганда унинг барча реквизитлари (ҳужжатнинг тури ва номи, қабул қилинган жойи, санаси, рақами ва имзо қўйиб тасдиқлашга расман ваколати бўлган шахсларнинг фамилияси, лавозими ва имзолари) кўрсатилиши лозим.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилганда, юридик хизмат ва адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганда расмий нашрларда эълон қилинган манбалардаги қонун ҳужжатларидан фойдаланиш лозим.

Бундай манбалар бўлиб «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами», «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари ҳисобланади.

Биргаликда кўрилган чоралар натижасида норматив тусдаги қарор лойиҳаларини адлия бошқармаларига ҳуқуқий экспертиза қилиш учун мунтазам равишда тақдим қилиш механизми йўлга қўйилди. Бироқ, бу йўналишда ҳали эътибор қаратиш лозим бўлган камчиликлар талайгина. Шунга кўра, юқорида қайд этилган Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси Адлия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш бўйича ташаббус кўрсатган ҳолда, тизимлаштириш ва уларни Миллий базага киритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни базага автоматик тарзда жойлаштириш механизмини жорий этиш ишлари амалга оширилишини ташкил қилиш вазифаси юклатилди.

“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига асосан Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Миллий базада 2017 йилнинг 25 сентябридан Марказ томонидан расман эълон қилиб келинмоқда.

Мазкур қонуннинг 9-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида ўзи қабул қилган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорларнинг матнларини ва зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни Миллий базада эълон қилиш учун ва давлат органларига юбориш учун Адлия вазирлигига ҳудудий адлия органлари орқали йўллаши белгиланган.

Ҳоким қабул қилган норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши шарт ва бунга имконият ҳам мавжуд. Андижон шаҳар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий нашрлари мавжуд эмаслиги ёки босма нашрларда эълон қилиш учун маблағ зарурлиги натижасида, қарорлар эълон қилинмаяпти, бу қарорлар Миллий базага расман эълон қилиш учун ҳам ҳудудий адлия органлари орқали юборилмаяпти.

Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даврида ҳокимлар қабул қилган 799 та норматив тусга эга қарорларнинг 57 таси, яъни 8 фоизи расмий нашрларда эълон қилинмаган. Бу кўрсаткич Жиззах вилоятида (54-44) 19 фоизни, Хоразм вилоятида (41-35) 15 фоизни ва Тошкент вилоятида (51-40) 8 фоизни ташкил қилган.

Таъкидлаш лозимки, бундай қарорларни расмий нашрларда эълон қилмаслик фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларига путур етказиши мумкин. Ўз навбатида, бундай ҳужжатлар ваколатли идоралар томонидан бекор қилинади ёки суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилади.

Биргина 2020 йилнинг 9 ойида адлия органлари киритган тақдимномаларга асосан жами 170 та, жумладан; Қашқадарёда 44 та, Самарқандда 36 та, Сурхондарёда 21 та, Хоразм 20 та, Бухоро, Жиззах ва Андижонда 8 тадан, Тошкент вилоятида 3 та, Тошкент шаҳрида 2 та, Фарғонада 1 та, Сирдарёда 1 та ҳокимнинг норматив тусдаги қарорлари қонунчиликка зидлиги сабабли бекор қилинган.

Масалан, Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 2017 ― 2019 йиллар ва 2020 йилнинг 9 ойида норматив тусдаги жами 179 та қарор қабул қилинган бўлса-да, шундан 138 таси (4 та Сирдарё вилояти ҳокимининг, 10 та Янгиер, 13 та Ширин, 6 та Гулистон шаҳарлари, 14 та Гулистон, 15 та Сайхунобод, 16 та Сирдарё, 16 та Мирзаобод, 15 та Оқолтин, 9 та Боёвут, 11 та Ховос ҳамда 9 та Сардоба туманлари ҳокимларининг қарорлари) Миллий базага жойлаштириш учун Марказга юборилган, қолган 41 та қарор ҳозирга қадар юборилмаган.

Жойлаштириш учун юборилган 138 та қарорнинг 12 тасини эълон қилинган санаси ва манбаси мавжуд эмаслиги сабабли Миллий базага жойлаштиришнинг имкони йўқ. Чунки, 12 та қарор қачон ва қайси маҳаллий газетада эълон қилинганлиги бўйича маълумот тақдим этилмаган (Гулистон туман ҳокимининг 2019 йил 30 мартдаги 1330-сонли қарори, Янгиер шаҳар ҳокимининг 2018 йил 9 мартдаги 286-сонли қарори).

Қарорлар матнида имловий ва бошқа хатолар мавжуд, “қ, ғ, ў, ҳ” ҳарфлари бошқа ҳарфларда ифодаланган (Сайхунобод туман ҳокимининг 2018 йил 14 февралдаги 312-сон қарори, қарорнинг матнида “килиш максадида” “катъий “карор кабул килишни”... деб ёзилган), ҳужжатлар кечиктириб юборилмоқда (Сайхунобод туман ҳокимининг 2019 йил 4 февралдаги 551-сон қарори Марказга 4 ой кечиктириб, 2019 йил 11 апрелда юборилган), ҳужжатларнинг реквизитлари (муҳр, имзо, сана) тўлиқ эмас (Сирдарё вилояти ҳокимининг “Вилоятда 2018 йилда қўлланиладиган давлатга тегишли кўчмас мулклар ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисидаги” қарори юборилган, сана, имзо, муҳр мавжуд эмас).

Худди шу каби ҳолатлар аксарият вилоятлар ҳокимликлари фаолиятида мавжуд.

Энг асосийси, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлар тўлиқ, уларнинг тегишли ахборот таҳлилий материаллари эса умуман юборилмаслиги, Миллий базада эълон қилинмаслиги, киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ёки ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақидаги маълумотларни Миллий базадаги ҳужжатларга киритилмаслиги ҳамда назорат ҳолатида юритилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича давлат органлари ва ташкилотларига етказилмаяпти. Бу билан юқорида қайд этилган Қонун ва Ҳукумат қарори ижроси таъминланмаяпти.

Ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида кўрсатиб ўтилган камчиликлар ушбу соҳа фаолияти устидан назоратни шахсан хокимлар ўз зиммасига олишларини, фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан ҳудудий адлия органлари билан биргаликда комплекс чора - тадбирларни амалга оширишни талаб қилади.

Иккинчи масала – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш фаолияти бўйича: марказ томонидан 2020 йилнинг 9 ойида 960 та қабул қилинган ва ҳокимликларга электрон шаклда юборилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олганлиги электрон манзилда кўринса-да, улар туман (шаҳар) ҳокимликларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юборилмаяпти, уларни раҳбар ва ходимлари эътиборига ўз ватқида етказилмаяпти, шунингдек, ўзлари қабул қилган ва ўз фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий веб-сайтларига жойлаштирмаяпти, ўз фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидаги нормаларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга доир, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражасини юксалтиришга қаратилган етарли чора-тадбирлар кўрилмаяпти, энг асосийси, бу ҳужжатларнинг ижросини таъминлашга масъул ходим ҳам бириктирилмаяпти.

Маълумот учун: Миллий база фойдаланувчилар орасида Lex.uz фаолиятни қандай баҳолайсиз мавзусида сўровнома ўтказилди. Сўровномани жами 12 300 нафар фойдаланувчи ўқиб, 3 082 нафари иштирок этган бўлса, уларнинг 40 фоизи аъло, 37 фоизи яхши, 18 фоизи ўртача ва 5 фоизи ёмон деб баҳолаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг Миллий базада эълон қилиш тезлигини қандай бахолайсиз мавзусида ўтказилган сўровномани эса 12 900 нафар фойдаланувчи ўқиб, 2 901 нафар иштирок этганларнинг 33 фоизи аъло, 36 фоизи яхши, 24 фоизи ўртача ва 7 фоизи ёмон деб фикр билдирган.

Иштирок этувчилардан тушган таклиф ва эътирозлар Миллий базани, шунингдек, Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда концепциялар, дастурлар, “Йўл харита”лари ва комплекс тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш учун фойдаланилади.

Миллий база сайти фойдаланувчилари ҳақидаги рақамларни дунё бўйича солиштирганда унчалик ҳам катта рақам кўринмаса-да, www.lex.uz www.uz рейтингида барча категориялар бўйича 13-ўринда (ўтган йилга нисбатан 13 та юқорилади), маълумот берувчи сайтлар рўйхатида 3-ўринда, қонун ва ҳуқуқ йўналишида 1-ўринда сараланган. Сайтнинг доимий кирувчилар сони бир кунда тахминан 30-44 мингтани, кўришлар сони эса 176 мингта (ўртача ҳисобда ойига 5.5 млн. та)ни ташкил этади.

Сайтдан бир ойда Ўзбекистондан 650 371 нафар фойдаланувчи фойдаланган бўлса, Колумбия (192 116 нафар), Россия федерацияси (37 974 нафар), АҚШ (7 671 нафар), Буюк Британия (4 305 нафар), Украина (4 120 нафар), Қирғизистон (3 560 нафар), Қозоғистон (2 818 нафар), Чехия (1 717 нафар), Германия (1 593 нафар), Туркия (1 283 нафар)дан туриб ҳам фаол фойдаланишмоқда. Сайтдаги қонун ҳужжатлари нафақат давлат тилида балки, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида ҳам эълон қилинмоқда.

Навбатдаги масала – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш фаолияти бўйича: Республикамизда мустақиллик йилларида фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, маданияти ва билимини оширишга қаратилган асрларга таътигулик ишлар амалга оширилди. Кўп асрлик маънавий қадриятларни, улуғ аждодларимизнинг ҳуқуқий меросини, умумбашарий қадриятлар ва инсон ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро ҳуқуқий нормаларни ўзида мужассам этган Конституциямиз, 18 та кодекс, 600 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди, барча хуқуқ соҳалари бўйича ўқув дарсликлари, қўлланмалар, шарҳлар, оммабоп юридик адабиётлар яратилди. МДҲ давлатларида биринчи бўлиб қабул қилинган Асосий қонунимизда фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилди. Демак, фуқароларнинг қонунларни билиши, уларга риоя этиши конституциявий даражада ўрнатилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига мувофиқ ҳокимларга Қонунларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси хужжатларининг, юқори турувчи органлар ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорларнинг ижросини ташкил этиш, жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриш вазифалари юклатилган.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш ва маънавиятнинг маъно-моҳияти, миллий маънавиятимизнинг қадимий илдизлари, ноёб ва бетакрор намуналари, бугунги кундаги ривожланиш тамойиллари ҳақида аниқ мақсадга қаратилган тарғибот ишларини мунтазам равишда олиб бориш, аҳоли, авваламбор ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган суҳбат ва учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказиш, бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун хужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини атрофлича шарҳлаш ва тушунтириш, юртимизга қарши қаратилган ғоявий ва информацион хуружлар, уларнинг ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини тушунтириш, одамларни ҳушёрлик ва огоҳликка дават этиш, олимлар, сиёсатчи ва мутахассислар, ижодкор зиёлилар иштирокида жойларда самарали тарғибот тизимини йўлга қўйиш, ота-она, оила ва маҳалла, тарихий хотира, миллий ғурур, комил инсон тарбияси билан боғлиқ туйғу ва тушунчаларни ёш авлод қалби ва онгига таъсирчан усул-услублар орқали сингдириш, аждодларимизнинг бу борадаги меросини бугунги тараққиёт талаблари билан узвий ҳолда ривожлантириш, тарғибот ишларини миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлиги асосида ташкил этишлари зарур.

Хулоса шуки, мавжуд хато ва камчиликлар Ўзбекистоннинг имиджига ўз таъсирини кўрсатади, шу учун ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлар ва қайд этилган Қонун ҳамда Ҳукумат қарори бўйича ходимларда масъулиятни янада оширишни талаб этади, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, ҳудудий адлия органлари камчиликлардан хулоса қилиб, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан фаолият самарадорлигини янада оширишлари лозим бўлади.

Бунинг учун энг аввало, қонун бузилиши ҳолатлари келиб чиқишига шароит яратаётган:

- Миллий базага киритиш ва эълон қилиш учун юборилаётган ҳужжатларнинг сифати, лингвистик ва имловий жиҳатларига эътибор қаратиш, ҳуқуқий ва техник талабларга тўлиқ риоя этиш;

- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 2017 йил 25 сентябрдан ҳозирга қадар қабул қилинган норматив тусдаги қарорларни хатловдан ўтказиб, юборилмаганларини Миллий базага киритиш учун Марказга қоғоз, “pdf” ва “word” шаклда эълон қилинган манба (газета)сини илова қилган ҳолда юбориш;

- норматив тусдаги қарор лойиҳаларини тайёрлашда Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2420, 2013 йил 1 февраль) талабларига қатъий риоя этиш;

- Марказ томонидан электрон тизим орқали юборилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни:

ўз вақтида қабул қилиб олиш;

ижросини таъминлашга масъул шахс белгилаш;

ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўз вақтида етказилишини таъминлаш;

уларни раҳбар ва ходимлар эътиборига етказиш;

ўзлари қабул қилган ва ўз фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириш;

ўз фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидаги нормаларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга доир, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражасини юксалтиришга қаратилган зарур ишларни амалга ошириш;

масъул раҳбарлар ва ходимларнинг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон қарорида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгарлигини ошириш ва аниқланган қоидабузарликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш бўйича масъулларга кўрсатма бериш лозим бўлади.

Алижон ОЧИЛОВ

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот

маркази директори