Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 21.10.2020



11:56:20 (GMT +5), Чр, 21 окт 2020

Юридик хизматлар тугатилдими? Адлия вазирлиги изоҳи

Юридик хизматлар тугатилдими? Адлия вазирлиги изоҳи


Давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматлар қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида 1993 йилда ташкил этилган эди. 2017 йилга келиб, уларга алоҳида мақом берилди: ташкилотда юрист штатини қисқартириш тақиқланди, уларга мартаба даражаси бериш жорий қилинди, ҳар бир шартнома, буйруқ, юридик ҳужжатлар юрисконсультдан ўтиши мажбурийлиги белгиланди ва ҳоказо.

Аммо бугунги кунда туман даражасидаги давлат органлари юридик хизматларининг иш кўлами ва сифати таҳлил қилинганда, уларнинг фаолияти кутилган самарани бермаётгани аниқланди.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 19 май куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон билан шаҳар ва туман адлия бўлимлари ҳузурида давлат ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этиш белгиланди.

Шу мақсадда, жорий йилнинг 17 сентябрида Ҳукуматнинг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Марказларнинг мақоми, фаолият тартиби, функция ва вазифалари белгилаб берилди.

Марказлар қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.

Эксперимент доирасидаги туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг марказ билан келишилмасдан қабул қилган буйруқлари, фармойишлари, шартномалари ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

Ҳозирча Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида эксперимент тариқасида. Яъни эндиликда туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотларнинг ҳар бирида эмас, фақат шаҳар ва туман адлия бўлимлари қошида юридик хизматлар ташкил этиш мақсад қилиб олинган.

Хўш, юридик хизматлар кўрсатиш марказлари бизга нима беради?

Биринчидан, бюджет маблағлари иқтисод қилинади.

Айни вақтгача туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотларда жами 2001 та юридик хизмат штат бирлиги мавжуд бўлиб, уларни сақлаб туриш учун бир йилда ўртача 80 млрд сўмга яқин бюджет маблағлари сарфланмоқда.

Биргина Қашқадарё ва Наманган вилоятларида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил қилиш орқали қарийб 3,5 млрд. сўм, бутун республика туман (шаҳар)ларида ташкил қилиш орқали эса қарийб 40 млрд. сўмдан ортиқ бюджет маблағлари иқтисод қилинади.

Иккинчидан, қонунийлик ва қонун устуворлиги амалда таъминланади.

Давлат органлари ва ташкилотларида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш юридик хизматнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шунга қарамасдан, айни дамда бир қатор объектив ва субъектив сабабларга кўра ушбу вазифа ижроси етарлича таъминланмасдан келинмоқда.

Юридик хизматларнинг қонунийлик ва қонун устворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти уларнинг мустақил эмаслиги, раҳбар ходимларнинг уларга бевосита ёки билвосита таъсири остида етарлича самара бермаябди. Бу эса ўз навбатида, давлат органлари ва ташкилотларида ноқонуний ишларнинг авж олишига имкон яратиши шубҳасиз.

Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари эса давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига бўйсунмайди, уларнинг таъсир доирасида бўлмайди, яъни улар тўла мустақил фаолият олиб боради. Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотларида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади.

Иккинчидан, юридик хизмат кўрсатиш сифати ошади.

Таъкидлаб ўтиш керакки, туман даражасидаги юридик хизмат ходими томонидан қонунчиликда уларга юкланган 39 та функциялардан 30 таси бажарилиши лозим бўлса-да, бироқ амалиётда ушбу юридик хизмат ходимининг ташкилотдаги вазифаси бор-йўғи буйруқлар ва шартномаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш (асосан виза қўйиш), заруратга қараб суд мажлисларида иштирок этишдан иборат бўлиб қолмоқда.

Юридик хизматлар ташкилотларда биргина меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлай олмаганликлари сабабли, 2018-2019 йилларда судлар томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган 1082 та фуқаро ишга тикланган, 1572 нафар шахсга иш ҳақи ундириб берилган. Бунинг оқибатида, биргина давлат божи учун ўрта ҳисобда 800 млн сўмдан ортиқ бюджет маблағлари сарфланган.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш орқали улар фаолиятига тааллуқли бўлмаган функция ва вазифалар олиб ташланади. Натижада юридик хизмат кўрсатиш марказлари ходимларининг ўзларига юкланган вазифаларни самарали бажариши таъминланади.

Учинчидан, ортиқча ўрганишлар, текширишлар олди олинади.

Бугунги кунда туман даражасидаги юридик хизматлар ташкилотларда қонун устуворлигини ва қонунийликни таъминлай олмаяпти, шу сабабли ташкилотдаги қонунбузилишлар адлия бўлимлари томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлардан кейингина бартараф этилмоқда.

Масалан, 2019 йилда адлия бўлимлари томонидан туманларидаги давлат ташкилотларига нисбатан 15051 та тақдимнома киритилган, 2431 та ҳужжат бекор қилинган.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари адлия бўлимлари ҳузурида ташкил қилинаётганлиги сабабли, туман даражасидаги юридик хизматлар фаолиятини ўрганиш, текшириш зарурати қолмайди. Бевосита назорат вужудга келади. Бу ҳам адлия ходимлари меҳнат унумдорлиги ошишига, фуқароларга хизмат кўрсатиши учун кўпроқ вақт ажратилишига замин яратади.

Тўртинчидан, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади.

Туман даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишининг суст эканлиги юридик хизмат ходимлари томонидан ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Марказлар фаолияти замонавий IT технологиялари билан тўлиқ таъминланади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳужжат алмашинуви ягона электрон тизим орқали амалга оширилади.

Марказлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотари ўртасида ҳужжат алмашинувининг ягона электрон тизимини жорий этиш орқали бугунги пандемия шароитида ишларни масофавий ташкил этиш имконини яратади.

Юридик хизматлар кўрсатиш марказлар кейинчалик эксперимент натижалари умумлаштириб, муаммолар бартараф этилганидан сўнг бутун республикадаги туман (шаҳарлар)да жорий қилинади.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими