Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 10.12.2019



16:52:20 (GMT +5), Сш, 10 дек 2019

Тинчлик ва тараққиётимиз асоси

Истиқлол йилларида эришган барча ютуқларимизнинг, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг, эртанги кунимизга бўлган ишончимизнинг, халқаро майдонда ортиб бораётган обрў-эътиборимизнинг негизида Конституцияда белгилаб берилган принцип ва нормалар мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмокда.

Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг эркинлик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижасидир.

Бош қомусимиз ўзининг туб моҳияти ва фалсафаси, мақсадлари ва ғояларига кўра биринчи моддасидан то охирги моддасигача мустақиллик ғояси билан суғорилган, ўзининг ички тузилиши ва янги конституциявий институтлари билан ажралиб туради, ўта мафкуралаштириш ва сиёсатлаштириш руҳидан йироқ, жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган халқаро ҳуқуқ талаб ва қоидаларига жавоб беради.

Конституциямизни мустақил давлатимиз равнақининг ҳуқуқий кафолати даражасига кўтарувчи энг муҳим белги унда жаҳоннинг илғор конституция­вий тажрибасини миллий-маънавий ва ҳуқуқий қадриятларимизга, ўзбек халқининг бой тарихига уйғунлаштирилиб қўлланилганидадир.

Асосий қонунимиз улкан тарихий аҳамиятга эга ноёб ҳужжат бўлиб, унда суверен давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим асослари, инсон ҳуқуқларига, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, фуқаролар тинчлиги ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлашга оид тамойиллар мустаҳкам ўрин олган. Унинг қоидалари мамлакатимизда босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларга кенг йўл очди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши соҳасида изчил демократик ислоҳотлар амалга оширилди. Бош қомусимиз қабул қилинган кундан бошлаб ҳозирги кунга қадар унга 10 марта киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар натижасида мамлакатимизда икки палатали парламент шакллантирилди, Президентнинг айрим ваколатлари Сенатга ўтди, сайлов тизимида муҳим ўзгаришлар рўй берди. Президентнинг ваколат муддати ва мақоми ўзгартирилди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, хусусан, Бош вазир ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий муносабатларда давлат бошқаруви шаклига таъсир кўрсатадиган ўзгариш ва ислоҳотлар амалга оширилди.

Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласига эътибор қаратиш, бунинг учун суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш долзарб аҳамият касб этарди.

Шу сабабдан судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир.

Айни шу мақсадларни амалга ошириш учун 2017 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)”ги Қонуни билан Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” принципининг бос­қичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш, Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, ҳукуматнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини рўёбга чиқариш борасидаги масъулиятини ошириш, Конституциявий суд, унинг ваколат доираларини янада кенгайтириш, жамият ҳаётида қонунлар устуворлигини таъминлаш ҳамда қонунларнинг аниқ ва бир хилда тушунилиши учун уларга шарҳ бериш, конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш мақсадида киритилди.

Бош қомусимиз жаҳонда амалдаги энг демократик асосий қонунлардан бири бўлиб, давлатимиз ва жамиятимизнинг ривожланиши, демократик ислоҳотлар жадаллиги ва самарадорлигини ошириш максадида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун барча шароитларни яратиб бермоқда.

Жорий йилнинг 19 сентябрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз бутун жаҳон аҳлига қилган мурожаатида Конституциямизда кўрсатилган норма “Давлатимизда халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши кераклиги”ни яна бир бор таъкидлади.

Мамлакатимизда 2017 йилнинг ўтган 9 ойи якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 5,3 фоизга (170,07 триллион сўм) ўсганлиги, Жаҳон банки томонидан ўтказилган ўрганишга кўра, Doing Business 2018: Equal Oppor­tunities for All (Бизнес юритиш 2018: Барча учун тенг имкониятлар) бўйича тузилган рейтингда жаҳондаги 190 га яқин давлатлар ичида 74-ўринни эгаллаганлиги, миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига ўтилганлиги, илк бор тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институти жорий этилиши ва бошқа турли соҳалардаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси Бош қомусимиз ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти том маънода конституциявий ривожланиш йўлидан изчиллик билан бораётганлигининг исботидир.

 

Ш. Баҳронов, Навоий вилоят адлия бошқармаси бошлиғи