Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.04.2020



14:43:06 (GMT +5), Яш, 5 апр 2020

Шартнома – бу шартлашув, бу ваъда

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Ш.Саидов, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

Олдиндан ота боболаримиз ҳар қандай шартномани фақатгина оғзаки келишув,бир бирларига ваъда бериш орқали тузишган ва уни бажаришга лафз қилишган.

Лафз, бу берилган ваъда – инсоннинг атрофдагилар орасида субутли ёки субутсиз эканини белгилайди. Агар у лафзида турса, демак, унга теварак атрофдагиларнинг ишончи ортиб боради. Тескариси бўлса, аксинча, ҳеч ким ишонмай қўяди.

Лавз-ҳалоллик деган тушунча бу муносабатларни тартибга солишда энг асосий мезонлардан бири бўлган. Ҳар бир инсон шу жиҳати билан баҳоланган, қадрланган ва улуғланган.

Бугунги кунда ҳам албатта бу қараш йўқолмаган.Ҳозирда бизнес оламида машҳур бўлган аксарият фирма ва компанияларнинг бу даражадаги обрў ҳамда муваффақиятларга эришувининг асосий сабабларидан бири ҳам айнан лафзга масъуллигидан, деб бемалол айтиш мумкин. Улар ўз фаолиятидаҳар қандай ҳолатларда ҳам лафзсиз ҳамкорлар билан ишлашмайди, бундай ҳолат аниқланди дегунча улар билан иқтисодий алоқаларни тўхтатади.Улар шартнома муносабатларига киришаётганда, албатта иккинчи тарафнинг ўз мажбуриятларини бажаришга маъсуллиги қандайлиги билан қизиқади, уни ўрганади ва ишонч ҳосил қилгандан кейингина шартнома тузади.

Доимий равишда шартнома шартларини бузиб, ўз мажбуриятларини бажармай келаётган субъект билан шартнома муносабатига киришишдан  ўзларини сақлашга ҳаракат қилади.

Демак, ҳозирги кунда ҳам иш юритувда ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг ўз мажбуриятларини бажаришга, лафзига маъсуллиги унинг фаолияти истиқболини белгилаб берувчи асосий омиллардан биридир.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўлиқ фермер хўжаликлари томонидан етиштирилмоқда.Ушбу маҳсулотларни етиштириш мақсадида улар ҳам бир қанча ташкилотлар билан моддий ресурслар етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш ҳамда тайёрловчи ташкилотлар билан маҳсулотлар етказиб бериш юзасидан шартнома муносабатларига киришадилар. Шартномалар тузиш орқали мажбуриятлар олади ва ҳуқуқларини белгилайди.

Бироқ, фермер хўжаликлари томонидан тузиладиган шартномалардан шундай бир тури  борки, унга кўра фермер, нафақат шартномавий мажбуриятни, балки шарафли бир бурчни, яъни давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш каби мажбуриятни зиммасига олади.

Фуқаролик кодексига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган, давлат бюджети ва молиялашнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобига таъминланадиган, Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари давлат эҳтиёжлари дейилади.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги фермер хўжаликлари томонидан давлат эҳтиёжлари учун пахта хом-ашё ва бошоқли дон ва шоли етказиб берилади.Албатта, давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.Аксарият фермерлар ушбу шартномалар бўйича олган мажбуриятларини бажаришга муҳим вазифа деб қараб, уни бажаришга ўзининг аҳди, ваъдаси ва ор-номуси сифатида ёндашмоқда. Бироқ, буни айрим фермерларунутишган холос.

Албатта, шартнома мажбуриятларини бажармаган тарафга нисбатан шартномада ҳам қонунчиликда ҳам тегишли чоралар қўланилиши белгиланган. Бу билан мажбуриятни бажармаслик натижасида бузилган ҳуқуқ тикланади, етказилган моддий зарарлар ундирилади.

Лекин, бу масаланинг яна бир муҳим жихати борки, уни шартнома муносабатига киришаётган ҳар бир тараф чуқур англаши, керак бўлса, ўзининг иш юритиш принципига айлантириши лозим.

Тадбиркорлик фаолиятида шартнома интизоми бу - умумий интизомнинг асосий қисмидир. Қайси корхона, ташкилот ёки қайси тадбиркорлик субъектида шартномавий интизом етарли бўлмаса, у жойда умум интизомнинг тўлиқлиги шубҳа остида қолади.

Бу эса унинг фаолиятини муваффақиятларга эришувига ҳамда истиқболига жиддий путур етказади.