Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.04.2020



13:49:59 (GMT +5), Яш, 5 апр 2020

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Э. Сайфуллаев, Адлия вазирлиги масъул ходими

Бирлашган миллатлар ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро тартибга солишнинг замонавий босқичига асос яратилди.

БМТ уставида эълон қилинган шахснинг ҳуқуқларини ҳурмат ва муҳофаза қилиш принциплари БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да бевосита ўз аксини топган. Декларация қабул қилинган кун – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида тарихга кирди ва дунё давлатлари бу кунни байрам сифатида нишонлаб келмоқда.

Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида кўпгина мамлакатлар инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартномаларнинг иштирокчиси бўлиб қолди. Бу ҳужжатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нормаларни амалга ошириш юзасидан ҳуқуқий мажбуриятлар юкланганлиги боис, мазкур соҳага оид нормалар халқаро кўламда амалга ошириладиган мажбуриятлар даражасига кўтарилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар айрим шахсларнинг ўзаро муносабатларини ҳамда муайян шахслар билан давлат ўртасидаги муносабатларни қамраб олади. Шу сабабли инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ва рағбатлантириш, энг аввало, давлатнинг ички вазифаси бўлиб, унинг бажарилиши учун жавобгарлик ҳар бир давлат зиммасига тушади.

Юртимизда ҳам мустақилликнинг илк йиллариданоқ ана шу жавобгарликни ангалаган ҳолда, энг улуғ мақсад, халқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла таъминлаш ва уларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Бу жиҳатлар Конституциямизда ҳам мустаҳкамланиб қўйилган. Жумладан, бош Қомусимизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгиланган.

Инсон ҳуқуқларини миллий кўламда ҳимоя қилиш тегишли қонун ҳужжатлари ёрдамида, мустақил суд ҳокимияти, ижро этувчи ҳокимият, шунингдек, демократик институтлар ташкил этиш йўли билан таъминланади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида у ёки бу халқаро шартномани ратификация қилиш билан давлат бу шартнома қоидаларини ўзининг ички қонун ҳужжатларига киритади ёки ундаги мажбуриятларни бошқача йўллар билан бажариш мажбуриятларини ўз зиммасига олади. Шунинг учун ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган стандартлар ва нормалар кўпгина мамлакатларнинг ички қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Бироқ муайян ҳуқуқлар ҳимоя этилиши тўғрисидаги қонун мавжуд эканлигининг ўзи етарли эмас. Мазкур қонун ана шу ҳуқуқлар самарали тарзда амалга оширилишини кафолатлаш учун зарур барча ҳуқуқий ваколатлар ва институтлар бўлишини таъминлаб бериши ҳам керак.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар деганда конституцияга ва қонунга мувофиқ Ҳукумат томонидан ташкил этиладиган ҳамда вазифаси инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя этиш дея белгилаб қўйилган органлар тизими тушунилади. Янада аниқроқ айтиладиган бўлса улар суд ҳам, норма яратувчи институт ҳам эмас. Қоида тариқасида, уларга инсон ҳуқуқлари хусусида миллий ва халқаро миқёсда доимий равишда маслаҳат бериб бориш вазифа ва ваколати берилади. Бу мақсадларга умумий воситалар, муҳокама этиш ва тавсия бериш орқали ёки алоҳида, ёхуд бир гуруҳ шахслар томонидан бериладиган шикоятларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш йўли билан эришилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тўғрисидаги масала илк бор БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан 1946 йилда, яъни БМТ Бош Ассамблеяси барча миллатлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилишдан икки йил аввал муҳокама қилинган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг 1978 йил 18–29 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя этиш билан шуғулланувчи миллий ва маҳаллий институтлар тўғрисидаги масалага бағишланган семинарида, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг тузилиши ва фаолият олиб боришига доир раҳбарий принциплар қабул қилинган. Ана шу ҳужжатга мувофиқ инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар қуйидаги вазифаларни бажаришлари зарур:

1) ҳукуматга, парламентга ва бошқа ҳар қандай нуфузли органга инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя этиш билан боғлиқ, шу жумладан, қонун ҳужжатлари ва маъмурий қоидаларга дахлдор ҳамда инсон ҳуқуқлари бузилаётган ҳар қандай ҳоллар билан боғлиқ исталган масалада тавсиялар, таклифлар ва маърузалар тақдим этиш;

2) миллий қонун ҳужжатлари ва амалиёт инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар билан мувофиқлаштирилишини ҳамда ҳамоҳанг бўлишини рағбатлантириш;

3) халқаро ҳужжатларни ратификация қилишга кўмаклашиш ҳамда халқаро стандартлар амалга оширилишини кузатиб бориш;

4) халқаро ҳужжатларга мувофиқ тақдим этиладиган маърузаларни тайёрлашга ёрдам бериш;

5) инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўқитиш ва тадқиқотлар олиб боришга тааллуқли дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот тарқатиш, мазкур масалалардан жамоатчилик эътиборини хабардор этиб бориш ва маърифатчилик фаолияти воситаларини кенгроқ жалб қилиш;

6) БМТ билан, минтақавий муассасалар ҳамда бошқа мамлакатларнинг миллий институтлари билан ҳамкорлик қилиш.

Айни пайтда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлардан Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги ва бошқа бир қанча ташкилотлар самарали фаолият олиб боришмоқда.

Юртимизда фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари бўйича мазкур миллий институтлар – мустақилликнинг ютуғи, парламент ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кўмагига эга, фуқароларни айрим мансабдор шахслар, давлат органларининг ўз ваколатларини ҳар қанақасига суиистеъмол қилишларидан ҳимоя қиладиган, фуқаролик жамияти шаклланиши ва ривожланишини таъминлайдиган, уни бошқаришни ва демократлаштиришни яхшилашга ижобий таъсир кўрсатадиган демократик институтлардир.

Ушбу институтлар Ўзбекистон учун янги бўлишига ва 20 йилдан ортиқ вақт мобайнидагина фаолият кўрсатишига қарамасдан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимида мустаҳкам ўрин эгаллади. Бунинг сабаби шундаки, ушбу демократик институтларнинг ҳуқуқлари ва ваколатлари ҳуқуқий асосда мустаҳкамланиб, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан конструктив руҳда ҳамкорлик қилиб келаётганлиги ҳамда уларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашаётганлигидадир.

Таъкидлаш жоизки, янги демократик институлар бўлган Омбудсман ва Миллий марказнинг шаклланиши ва ривожланиши мамлакатдаги ислоҳотлар ҳамда модернизация жараёнлари, жамиятнинг барча соҳаларидаги демократик ўзгаришлар, айниқса суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги ўзгаришлар билан ҳамоҳанг амалга оширилда. Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятининг юксалишига, бузилган ҳуқуқларини суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва бошқа давлат органларига мурожаат қилиш орқали тиклашда ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширилишида катта туртки бўлди.