Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.04.2020



15:44:19 (GMT +5), Яш, 5 апр 2020

Малакали тиббий хизмат: ундан фойдаланиш ҳуқуқимиз бор

Республикамизда фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқи бевосита қонун ҳужжатлари билан кафолатлаб қўйилган. Жумладан, Конс­титуциямизнинг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Конституцияда мазкур ҳуқуқнинг мустаҳкамлаб қўйилгани Бош қомусимизнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос эканлигидан ҳам далолат беради. Зеро, Республикамизнинг Биринчи Президенти И.Каримов таъкидлаганидек: “Бизнинг қомус демократик конституцияларга қўйиладиган юксак талабларга жавоб беради, инсон ҳамда фуқаронинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлайди”.

Юқорида қайд этилган Конституция қоидаларининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда 1996 йил 29 августда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Ҳозирги кунгача мазкур Қонунни янада такомиллаштириш мақсадида бир неча марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари соғлиқни сақлаш борасида дахлсиз ҳуқуққа эгадирлар. Давлат ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар фуқароларнинг соғлиғи сақланишини таъминлайди. Давлат фуқароларда касалликларнинг ҳар қандай шакллари борлигидан қатъи назар, уларнинг камситишлардан ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Ушбу қоидани бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Шунингдек, мазкур Қонунга биноан бемор тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва тиббий ёрдам олаётган пайтда бир қатор ҳуқуқларга эга. Бу қуйидаги инфографикада тасвирланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ажнабий фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кафолатланади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, соғлиқни сақлашда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Фуқаролар соғлиққа таъсир этувчи омиллар ҳақида, шу жумладан яшаш ҳудудининг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги тўғрисида, овқатланишнинг оқилона нормалари хусусида, товарлар, ишлар, хизматлар, уларнинг хавфсизлиги, санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида ўз вақтида ва аниқ ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Касал бўлиб қолганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда ва бошқа ҳолларда фуқаролар профилактик, ташхис қўйиш-даволаш, куч-қувватни тиклаш, санаторий-курорт, протез-ортопедия ёрдами ва бошқа хил ёрдамни, шунингдек беморларни, меҳнатга лаёқатсиз ва ногирон кишиларни боқиш-парваришлаш юзасидан ижтимоий чора-тадбирларни, шу жумладан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўлашни ўз ичига оладиган тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Тиббий-ижтимоий ёрдам тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассислар томонидан кўрсатилади.

Фуқаролар ўзларини ихтиёрий равишда тиббий суғурта қилдириш асосида, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағлари, ўз шахсий маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қўшимча тиббий ва бошқа хил хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ҳуқуқлари бузилган тақдирда бемор ёки унинг қонуний вакили бевосита даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсига, юқори бошқарув органига ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда ўтган давр мобайнида соғлиқни сақлаш соҳасида кенг қамровли ислоҳолотларни амалга ошириш жараёнида кўпгина норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, соғлиқни сақлаш соҳасининг норматив-ҳуқуқий базаси яратилишига эришилди. Қабул қилинган қонун ҳужжатлари эса соғлиқни сақлаш соҳасини ҳуқуқий тартибга солишга ҳамда фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.