Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.04.2020



15:20:37 (GMT +5), Яш, 5 апр 2020

Ҳуқуқий ахборотни эркин олиш ва ундан монеликсиз фойдаланиш имконияти яратилди

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Ф. Тожиев, Адлия вазирлиги масъул ходими

2017 йил 7 сентябрда қабул қилинган “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилди.

Шу мақсадда, вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идораларда, ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳуқуқий ахборот фондларини шакл­лантириш назарда тутилди.

Қолаверса, Қонунда норматив ҳужжатларнинг матнларини юбориш, расмий эълон қилиш, норасмий эълон қилиш, ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этиш каби ҳуқуқий ахборотни тарқатиш усуллари аниқлаштирилиб, улардан фойдаланишни таъминлаш механизми ва тартиблари ёритиб берилди.

Хусусан, бундан буён давлат органлари ва ташкилотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровига кўра ўз фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартибини тушунтиришлари лозим. Давлат органлари ва ташкилотлар томонидан тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришлар ушбу органлар ва ташкилотларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари учун мажбурий кучга эга.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан 2017 йил 13 сентябрда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган матбуот анжумани ҳамда  20 сентябрда давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун ташкил этилган ўқув-машғулот семинарида ҳам мазкур Қонуннинг шу каби нормалари таҳлил қилиб берилди. Аҳолига Қонуннинг мазмун-моҳиятини содда, ҳалқчил тилда етказиш борасида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Эътиборли жиҳати, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжуманлари Республиканинг барча ҳудудларида ўтказилиб, ҳозирда давлат органлари ва ташкилотларининг қуйи тизимлари учун адлия органлари томонидан ўқув-машғулот семинари ташкил этилмоқда.