Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.04.2020



14:54:48 (GMT +5), Яш, 5 апр 2020

Расмий мақом берилди

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Б. Каримов, Адлия вазирлиги масъул ходими

Куни кеча Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий ман­­ба мақоми берилди.

LexUz — мамлакатимиздаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни электрон шаклда нашр қиладиган ягона сайт бўлиб, ахборот-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳолига тезкор етказиб беришга хизмат қилади. Бундан ташқари сайтнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий матнлари бўлимида нашр қилинган ҳужжатлар нашр қилинган кундан бошлаб кучга киради ва бу уларни амалиётда тезкор қўллаш имконини беради.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш бў­йича кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, миллий базанинг янги такомиллаштирилган версияси яратилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий матнларини нашр қилиш учун махсус бўлим яратилган. У ерда ҳужжатни ҳамда ахборот-таҳлил материалларини PDF форматда кўриб чиқиш имконияти мавжуд.  LexUz сайтининг дизайни замонавий ёндашувлар асосида яхшиланди. Кўзи ожиз фойдаланувчилар учун сайтда қўшимча функциялар ишлаб чиқилиб, жорий этилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини сайтда ўзбек тилида лотин графикаси асосида жойлаштириш кўзда тутилган.

Эндиликда LexUz сайтини мобил дастури Android операцион тизимида ишлайдиган телефонлар учун хам янгиланади ҳамда IOS операцион тизимида ишлайдиган телефонлар учун мобил илова ишлаб чиқилади. Шу билан бирга энг кўп талаб қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг инглиз тилидаги версиялари жойлаштирилишининг йўлга қўйилиши режалаштирилган.

“Ҳуқуқий ахборотни тар­қатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонунга кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расмий эълон қилиш улар ­Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига келиб тушган пайтдан эътиборан бир кун ичида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш” бўлимида амалга оширилади.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари ва зарур бўлган тақдирда уларнинг ахборот-таҳлилий материаллари Адлия вазирлигига келиб тушган кундан бошлаб бир кун ичида Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинади.

Ўтган давр мобайнида Миллий базага ҳужжатлар “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ расмий манбаларда эълон қилингандан кейин киритилар эди. Эндиликда қонун ҳужжатлари вазирликка келиб тушгач бир кунлик муддатда PDF шаклида LexUz сайтида эълон қилинади. Бу эса қонунчиликдаги ўзгаришлар юртимизнинг чекка ҳудудларидаги аҳолига ва ижрочиларга тез етиб боришига хизмат қилади.

Албатта, мазкур қулайликлар аҳолининг ҳуқуқий ахборотларни олишида ҳамда эркин фойдаланишида муҳим омил ҳисобланади.