Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.04.2020



14:29:45 (GMT +5), Яш, 5 апр 2020

Тинч ва осуда ҳаётимизнинг ҳуқуқий кафолати

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : А. Қодиров, Адлия вазирлиги масъул ходими

Ўзбекистон республикаси Конститу­циясининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда Асосий қонунимиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллик санасини кенг нишонлаш мақсадида Президентимиз томонидан 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши имзоланди.

Ушбу Фармойиш билан Конституциямиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар Дастури тасдиқланди.

Хусусан, Дастурда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш, Бош қомусимиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллигига бағишланган почта маркасини чоп этиш каби тадбирларнинг назарда тутилганлиги, бу йилги тадбир ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтишидан далолатдир.

Ҳаттоки, Дастурда кўзи ожизлар учун брайль алифбосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини нашр этиш тадбирининг кўзда тутилиши, байрам шукуҳи барча қатламни  тўлиқ ўзига ҳуқуқий жиҳатдан ҳам қамраб олиши таҳсинга сазовордир.

Шунингдек, Дастурда кенг аҳоли қатламига қулай ва тушунарли бўлиши учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига илмий-амалий шарҳ тайёрлаш ва нашр этиш назарда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Дастурда барча давлат идоралари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига Бош қомусимизнинг йигирма беш йиллигини муносиб нишонлаш хусусида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Эркин ва обод келажагимиз пойдеворини белгилаб берган Конституциямиз ва ундаги нормаларни тарғиб қилиш борасида жорий йилнинг ўтган даврида Адлия вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан бир қатор вазифалар амалга оширилди.

Хусусан, Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкамлиги, уни халқаро талабларга ҳар томонлама мос келишини аҳолига, айниқса, ёшларга тушунтириш бўйича адлия органлари томонидан жами 1 272 та ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилиб, 43 минг аҳоли қамраб олинди.

Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида уч босқичли “Ҳуқуқ билимдонлари — 2017”, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари учун эса “Сиз қонунни биласизми?” республика кўрик-танловининг 1-3-босқичлари ўт­казилди. Шунингдек, “Тафа­ккур синовлари” республика кўрик-танловининг якуний республика босқичи ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун Конституциявий давлат тузумининг туб маъно-мазмуни, ноёб қирралари атрофлича, қизиқарли ва равон тилда баён қилинган “Ўзбекистон Конституциявий давлат сари” китоби тайёрланиб, 10 минг нусхада чоп этилиб, барча маҳаллаларга тар­қатилди.

Хулоса қилиб айтганда, Конституция — хал­қимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси, Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг мустаҳкам кафолатидир. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни ва ойлигини муносиб ўтказишга эса барчамиз бирдек масъулмиз.