Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.04.2020



14:08:16 (GMT +5), Яш, 5 апр 2020

Қонун ҳаётга татбиқ этилди: янгича ёндашувлар яратилди

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Абдураҳмон Сафаев, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи

          Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, улар учун ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишнинг қулай тизимини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Жумладан, ҳуқуқий адабиётларни аҳолига етказиб беришни йўлга қўйиш, уни тарқатишни тартибга солиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари қабул қилинган. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 40 мингдан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлиги бунинг яққол исботидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эса ушбу йўналишдаги ишларни сифат ва самарадорлик жиҳатидан тамомила янги босқичга кўтарди.

Мазкур Қарорга асосан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек тегишли қонун ҳужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш белгиланди.

Шунингдек, ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилиши устидан доимий назоратни амалга ошириш вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муҳим вазифалари этиб кўрсатилди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин уларнинг ижросини ташкил этиш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган аниқ давлат органлари, шу жумладан давлат бошқаруви органлари кўрсатилиши шартлиги белгиланди.

Мазкур Қарор ҳамда Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонун ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тизимини самарадорлиги ошишига, шунингдек давлат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини кучайтирилишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар барча давлат органлари ва ташкилотларига, ижрочиларга, маҳалла, кутубхона
ва таълим муассасасига етиб бориши ҳамда у ерда улардан эркин фойдаланиш имконияти таъминланиши лозимлиги ушбу Қонуннинг асосий ғоясини ташкил этади.

Шу ўринда айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи сифатида қайд этилиб, унга давлат органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик қилиш вазифаси юкланди.

Мазкур Қонуннинг асосий мақсади ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳисобланади.

Қонунда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий принциплари, ундан фойдаланиш кафолатлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларининг ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари, таълим муассасаларининг, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг ушбу жараёндаги иштироки каби қатор масалалар қамраб олинган.

Шунингдек, Қонун билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларга оид расмий шарҳлар, қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришлар, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарорлари, Олий суди Пленумининг қонун ҳужжатлари қўлланилиши масалалари бўйича қарорларининг матнлари, ҳамда суд амалиётини умумлаштириш материаллари ҳуқуқий ахборот эканлиги белгилаб қўйилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотни монеликсиз излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқининг кафолатлари кучайтирилмоқда.

Энди давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини белгиланган тартибда таъминлашлари шарт.

Бундан ташқари, Қонунда ҳуқуқий ахборотни тарқатишни амалга оширувчи ва ундан фойдаланишни таъминловчи давлат органлари, муассасалари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ваколатлари аниқ қилиб белгиланмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари, шунингдек ахборот-кутубхона муассасалари, таълим муассасалари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг бу борадаги иштироки аниқ кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг қўйидаги, хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини юбориш, расмий ва норасмий  эълон қилиш, ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этиш каби усуллари жорий этилмоқда. Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровига кўра давлат органлари ва ташкилотлари томонидан улар фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартибини тушунтириш билан боғлиқ нормалар назарда тутилмоқда.

Қолаверса, Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинганда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш тартиби ҳамда ушбу Қонунни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Энг асосийси, мазкур Қонун ушбу соҳадаги ишларни ташкил этишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Хусусан, Қонун билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларида тегишли қонун қабул қилингандан кейин унинг ижросини ташкил этиш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган аниқ давлат органлари,  шу жумладан, давлат бошқаруви органлари кўрсатилиши шартлиги белгиланди. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тушунтириш хати, ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали ва ҳоказолар билан бирга юборилиши, давлат органлари
ва ташкилотлари томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ҳамда унинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаши қатъий белгилаб қўйилди.

Сир эмас, амалиётда айрим ҳолларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳужжатнинг бевосита ижрочиси бўлган давлат органига етиб келмаслик ҳолатлари мавжуд. Бунинг асосий сабаби қонун ҳужжати қабул қилинганидан сўнг у юбориладиган ташкилотлар рўйхати ҳар сафар янгидан тузилишидадир.

Эндиликда Қонун билан шундай тартиб ўрнатилдики, Адлия вазирлиги бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни электрон шаклда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб бериладиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига етказилишини таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳуқуқий ахборотни олиш ва ундан фойдаланиш борасида аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишга, уларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга, пировардида, халқнинг давлат органларидан рози бўлишига кўмаклашади, ўз навбатида, давлат органларининг ҳам аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш бўйича масъулиятини оширишга хизмат қилади.