Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.04.2020



15:08:52 (GMT +5), Яш, 5 апр 2020

МУРОЖААТЛАРНИНГ ҚОНУНИЙ АСОСИ

Ҳар бир жисмоний ва юридик шахс бирор-бир масала юзасидан мурожаат қилар экан, демак бунинг учун у ёки бу сабаб туртки бўлади. Зеро, бундай мурожаатлар замирида инсон ва жамият манфаатлари ётади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида, "Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт"лиги мустаҳкамланган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири фуқаро мурожатларини қонуний кўриб чиқиш механизими ҳисобланади. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янги босқичга кўтарди.

Қонуннинг қабул қилиниши орқали мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожланиши билан боғлиқ равишда кенг тарқалаётган “электрон мурожаат” турининг ҳуқуқий мустаҳкамланишига, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишдаги масъулиятини оширилганлиги, амалиётда дуч келинаётган такрорий мурожаат, мурожаатнинг дубликати, қўшимча мурожаатлар масалаларига аниқлик киритилгани, шунингдек, қонунда фақат фуқаролар эмас, балки юридик шахсларнинг ҳам мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Хусусан, қонунда юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишдаги қонунбузарлик учун тегишли маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 144-моддасига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Шу билан бир қаторда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаатлар келиб тушганда рўйхатга олиш журналида қайд қилиниши лозим бўлган муҳим маълумотлар тўғрисида, рўйхатга олинган мурожаатлар бир иш кунидан кечикмай давлат органи раҳбарига, унинг ўринбосарига ёки таркибий бўлинма раҳбарига киритилиши, қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай давлат органининг раҳбари ёки таркибий бўлинма раҳбари имзолаган хат билан тегишли органларга юборилиши, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёки электрон шаклда хабар қилиш тартиби белгиланди. Тобора ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқ тўлдирилди.

Қонун фуқароларнинг ҳамда давлат органлари ва муассасаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини шунчаки санаб ўтмайди, балки уларни амалга ошириш механизмини кўрсатиб беради, шу аснода давлат органлари ва муассасалари фаолиятининг ошкоралигини таъминлайди. Шундан келиб чиқиб, ушбу қонунда давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оғишмай риоя этилиши ўз ифодасини топган. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини билиш, уни тўғри қўллаш нафақат давлат органлари ёки мансабдор шахслар, балки ҳар бир фуқаро учун ғоят зарурдир. Қонун жисмоний ва юридик шахсларга давлат органлари ва муассасаларига ариза ёки шикоят билан мурожаат этиш орқали ўзларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлари билан эса ўз муносабатларини билдириш имконини яратади. Мазкур қонун нормаларини таҳлил қиладиган бўлсак, унда халқаро ҳуқуқнинг илғор нормалари ва ривожланган давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ҳисобга олинганлигини кўриш мумкин.

Шуни айтиш лозимки, шахснинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари тизимининг муҳим таркибий қисми саналади.