Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.04.2020



15:32:00 (GMT +5), Яш, 5 апр 2020

Инсоннинг қадр-қиммати поймол этилишига йўл қўйилмайди

АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан тизимли равишда назорат тадбирлари амалга оширилмоқда ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқилиши таъминланиб, улар бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўрилмоқда.

Масалан, Андижон вилоят адлия бошқармасига жорий йилнинг 30 апрелида Андижон туманида яшовчи фуқаро Э.Эргашев ва бошқаларнинг Андижон туман “Пилла” давлат корхонасидан ойлик иш ҳақларини ололмаётганлигидан норози бўлиб ёзган аризасини ўрганиш натижаларига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига 5 нафар ишчи ходимнинг манфаатини кўзлаб 15.076.915 сўм миқдорида иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш тўғрисида даъво ариза киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан иш ҳақи ва мансабдор шахсдан 450.000 сўм маънавий зарар ундирилишига эришилди.

Шунингдек, бошқарманинг “Ишонч телефони”га жорий йилнинг 27 мартида Асака туманида яшовчи фуқаро Т.Хожиқосимованинг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Асака туман бўлими ходимларининг ҳаракатидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижалари бўйича вилоят Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига киритилган тақдимномага асосан жамғарманинг туман бўлими мутахассиси А.Ҳасанов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, Т.Хожиқосимовага 615488 сўм тўланмай қолган нафақа пуллари ундириб берилди.

Бошқарманинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан ҳисобот даврида фуқароларнинг мурожаатлари асосида 26 та ўрганиш ўтказилди. Ўрганишларда жами 3.553 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларга жами 22 та тақдимнома, 11 та кўрсатма, 34 та огоҳнома киритилди. Натижада 59 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан 51 нафарига “ҳайфсан”, 3 нафарига жарима интизомий жазо чоралари қўлланилди, 5 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Шунингдек, 6 нафар фуқарога 39.165.320 сўм миқдорида пул маблағлари ундирилишига ҳамда Булоқбоши ва Хўжаобод туманлари халқ таълими бўлимлари томонидан қабул қилинган 9 та ноқонуний буйруқни бекор қилишга эришилди.

Шунингдек, бўлим томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғоясини тарғиб қилиш юзасидан ҳисобот даврида жами 56 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Бир сўз билан айтганда, бу йўналишда амалга ошираётган ишларимиздан кўзланган мақсад битта — қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва тиклаш. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.