Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 30.04.2021



13:56:39 (GMT +5), Пш, 24 июн 2021

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси фаолияти ҳақида маълумот


I. Тартибга солиш таъсирини баҳолаш йўналишида:

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 15 мартдаги ПҚ–5025-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири буйруғи (рўйхат рақами 3292, 2021 йил 31 март) билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш услубиёти ҳамда ҳисобот шакллари тасдиқланди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун алоҳида кўринишдаги 2 хил сўровнома шакллари жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Гендер тенглиги бўйича миллий комиссия билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилган гендер жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда тартибга солиш таъсирни баҳолаш тизимини (GR-RIA) жорий этиш бўйича 2021 йилга ҳаракатлар режасини тасдиқланди.

Халқаро эксперт Цезарь Кардова билан тмартибга солиш таъсирини баҳолаш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари) марказий аппаратлари тузилмасида тартибга солиш таъсирини баҳолашга масъул ходимларнинг (жами – 121 та) дастлабки рўйхати шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ–5025-сон қарорида белгиланган вазифаларни сифатли бажарилишини таъминлаш ҳамда ушбу соҳада бир хил амалиётни йўлга қўйиш мақсадида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашга масъул ходимлари учун 2021 йил 26 март куни Адлия вазирлигида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолаш” мавзусида семинар ташкил этилди.

II. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш йўналишида:

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири буйруғи (рўйхат рақами 3287, 2021 йил 24 феврал) билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан чеклист тўлдириш орқали коррупциявий омилларни аниқлашни назарда тутувчи мутлақо янги тартиб жорий этилди. Бунда, ҳужжатнинг ҳар бир нормаси ва қоидаси таҳлил қилиниб, коррупциявий омил бор ёки йўқлиги чеклистда акс эттирилади.

Лойиҳаларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда жамоатчилик кенг жалб қилинадиган бўлди. Бунда фуқаролар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси (regulation.gov.uz) порталида чеклист тўлдириш орқали қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириши мумкин.

Мазкур низом асосида Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси томонидан олий таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва давлат харидлари соҳаларидаги барча амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупциявий экспертизадан ўтказилди.

Коррупцияга қарши экспертиза натижалари бўйича юқоридаги соҳаларни тартибга солувчи 226 та қонунчилик ҳужжатининг 65 тасида (29 фоизи) 292 та коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланди ва ушбу коррупциявий омилларни бартараф этиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

2021 йилдан бошлаб ҳудудий адлия органлари томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ҳар йили 20 мартга қадар тасдиқланадиган режаларга асосан коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Хусусан, 2021 йил йил учун тасдиқланган режаларга асосан 476 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади.