Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 13.04.2021



01:08:01 (GMT +5), Чр, 14 апр 2021

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг ТДЮУ битирувчилари билан учрашув учун нутқи RSS обуна

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг ТДЮУ битирувчилари билан учрашув учун нутқи

Азиз ёшлар, қадрли битирувчилар!

Ўзбекистондаги нуфузли олийгоҳлардан бири бўлган Тошкент давлат юридик университети кўп йиллик тарихга эга. Бу даргоҳдан атоқли ҳуқуқшунослар, йирик жамият ва давлат арбоблари, олимлар, академиклар етишиб чиққан. Биз бу билан ҳамиша фахрланамиз.


Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг
ТДЮУ битирувчилари билан учрашув учун нутқи

Азиз ёшлар, қадрли битирувчилар!

Ўзбекистондаги нуфузли олийгоҳлардан бири бўлган Тошкент давлат юридик университети кўп йиллик тарихга эга. Бу даргоҳдан атоқли ҳуқуқшунослар, йирик жамият ва давлат арбоблари, олимлар, академиклар етишиб чиққан. Биз бу билан ҳамиша фахрланамиз.

Хабарингиз бор, бугун жамиятда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида бўлгани сингари, суд-ҳуқуқ соҳасини янада ислоҳ қилиш, қонун устиворлиги ва адолатни таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда унинг шаъни ва қадр қиммати олий қадрият сифатида баҳоланиб, халқни рози қилиб яшаш ҳар бир давлат хизматчисининг бош вазифаси бўлиши баробарида давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ушбу ислоҳотлар ҳар биримиздан адолатли ва ҳалол бўлиш, ўз устимизда тинмай ишлаш, халққа садоқат билан хизмат қилишни талаб этмоқда.

Сўнги йиллардаги ҳуқуқий ислоҳотлар ва янгиланишлардан яхши хабардорсиз албатта. Бу ўзаришлар жараёнида Юридик таълим ва фан тизимини ҳам тубдан такомиллаштириш, унинг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини таъминлаш, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда.

Алоҳида таъкидлашим ўринлики, мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётида коррупция иллатини батамом барҳам топтириш борасида ҳам мана яқин кунларда президент қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ишларни янгича тартиб ва шароитларда ташкил этиш юзасидан улкан вазифа ва функциялар белгиланди.

Умуман олганда, ушбу жамият тараққиётига салбий таъсир этувчи коррупциявий ҳолатларга қарши муросасиз курашиш, шунингдек бюрократия, жиноятчилик, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш сингари иллатларни садоқатли меҳнатингиз билан бартараф этиш сизнинг келгусидаги фаолиятингизда бош мезон бўлиб хизмат қилишини яна бир бора сизга эслатмоқчиман.

Бу юксак мақсадларга эришишда Сиздан нафақат олган билим ва профессионал малака, балки инсоний поклик, ҳалоллик, холислик, инсоф ва диёнат ҳамда энг асосийси ҳар қандай шароитда ҳам адолатли бўлиш талаб этилади. Шундай экан, Сизларнинг келгусидаги фаолиятингиз бош мезони – инсонни, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини бўлиши даркор.

Бу йил мана университетни 605 нафар талаба (481 нафар бакалавр ва 124 нафар магистр) тамомлаб, диплом олмоқдалар. Шундан 112 нафари қизлар эканлиги алоҳида қувонарли, албатта. Битирувчиларнинг 230 нафари давлат ва нодавлат ташкилотларига ишга жойлашиб бўлишди. Шу жумладан, 35 нафар битирувчи Адлия вазирлиги тизимига ишга қабул қилинди. Яна 50 нафардан ортиқ талабанинг номзоди вазирлигимиз томонидан ўрганиш жараёнида. 200 дан зиёд битирувчилар суд, прокуратура, ички ишлар, давлат божхона хизмати каби органлар томонидан ишга олиш бўйича ўрганишлардан ўтмоқда. Ўйлайманки, барча битирувчилар муносиб ишга жойлашадилар.   

Мени, ўйлантираётган савол шунда-ки, эртага битирувчиларимиз самарали ишлай оладиларми? Кадрларимиз бугунги қўйилаётган илғор ва жиддий талабларга жавоб бера оладими?

Бугун битирувчилардан амалиётда қуйидаги малака ва кўникмалар талаб этилаётганлигига эътиборингизни қаратмоқчиман:

соҳага оид муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш механизмлари юзасидан таклифлар бера олиш қобилияти;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича қонун ҳужжатларини тўғри қўллай олиш ва мурожаатчилар билан ишлаш тизимини самарали йўлга қўйиш кўникмаси;

катта аудитория олдида ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқотни амалга ошира олиш, нотиқлик малакаси;

қиёслаш ва танқидий-таҳлилий фикрлаш кўникмасига;

қонун ҳужжатларига киритилган сўнгги ўзгартиришлардан мунтазам хабардорлик;

хорижий тилларни билиш ва ҳоказо.

Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан адлия органлари ва муассасаларида мавжуд касблар бўйича “Касбий стандарт макети” ишлаб чиқилиб, лавозимларга талаб этиладиган малака ва кўникмалар Тошкент давлат юридик университетига тақдим этилди.

Ўйлайманки, Сиз ёшлар, битирувчилар ўз касбий кўникмангизни шакллантиришда бу билимлардан атрофлича сабоқ олдингиз. Ва келгусида уларни амалий фаолиятингизда ишонч билан қўллай оласиз.

Келгусида Сизларнинг орангиздан давлат ва сиёсат арбоблари, халқаро даражада фаолият юритишга қодир етук ҳуқуқшунослар, олимлар етишиб чиқади. Айнан Сизлар бўлғуси вазирлар, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, нотариуслар, яхши ФҲДЁ ходималари, борингки, профессионал ҳуқуқшунос мутахассислар сифатида бугун ҳаёт майдонига чиқяпсиз.

Ҳамиша ўз фаолиятингизда қонунийлик ва адолатга қатъий амал қилиб, инсон ва унинг шаъни ҳамда қадр-қиммати олий қадрият эканлигини доимо ҳис қилган ҳолда халқимиз манфаатларини ҳимоя қиласиз. Яна бир бора таъкидласамда ҳалоллик, поклик ва холислик шиорингизга айлансин.

Азиз ёшлар, қадрли битирувчилар, бўлажак ҳамкасблар!

Ҳуқуқшунослик соҳасига мутахассис сифатида илк қадам қўяётган бугунги кун ҳар бирингизга муборак бўлсин! Адолат, ҳақиқат учун хизмат қилиш эътиқодингизга, қатъий шиорингизга айланишига, жамиятимизда муҳим ўринга эга бўлган ҳуқуқшунослик соҳасини ривожлантиришга астойдил ҳаракат қилишингизга ишонаман. Чунки бу даргоҳда Сизни камолга етказган устозлар ўгити ва билимлари доимо сизга ҳамроҳ бўлиб, Сиздаги шижоат ва ғайрат бу марраларни забт этишга, албатта, қодир. Энг адолатли ҳуқуқшунос, деган шарафли номга доимо муносиб бўлишингизга тилакдошман!