Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 09.12.2019



23:28:03 (GMT +5), Дш, 9 дек 2019

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг Конституция қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган йиғилишдаги маърузаси RSS обуна

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг Конституция қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган йиғилишдаги маърузаси


Ассалому - алайкум ҳурматли ҳамкасблар!

Шу кунларда халқимиз мустақиллигимизнинг тамал тошини қўйган, эркин ва обод келажагимиз пойдеворини белгилаб берган Конституциямиз қабул қилинган кунни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда.

Аввало, Сизларни қутлуғ сана – мамлакатимизнинг Асосий Қонуни – Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.

Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў - эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган бош Қонундир. Уни ишлаб чиқишда шахсан Биринчи Президентимиз раҳбарлик қилган бўлсалар, муҳокама этишда, бутун халқимиз иштирок этди.

Конституцияни яратишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳужжатларига, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига қатъий амал қилинди.

Ўтган давр мобайнида халқимиз сиёсий тафаккури, ақл-заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам эканлигига, у халқаро талабларга ҳар томонлама мос келишига ишонч ҳосил қилдик.

Муҳтарам Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, бугун Ўзбекистон халқи улуғ аждодларининг анъаналарини, урф-одатларини давом эттириб, тақдирини ўз қўлига олиб, қаддини ростлаб, юртимизда осойишталик, барқарорлик, миллатлараро аҳиллик ва фуқаролар тотувлигини авайлаб-асраб, янги тарихий шароитда келажагини қурмоқда, миллий давлатчилигини тикламоқда.

Конституция асосида халқимиз манфаатларига хизмат қилувчи қонунлар қабул қилишнинг ўзбекона йўли шаклланди, дейиш учун барча асослар мавжуд.

Биз Конституциямизнинг халқаро, демократик андоза ва талабларга жавоб беришини, жумадан, унда инсон ҳуқуқи, уни ҳимоялашга қаратилган барча кафолатлар алоҳида ўрин тутганини эътироф этишимиз керак.

Унинг асосида суд - ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳонда Ўзбекистоннинг инсонпарвар сиёсатини намойиш этди.

Қонунларни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нормалар ва андозаларга мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган муассасаларнинг яхлит тизимини барпо этиш механизми такомиллаштирилди.

Ўтган йигирма тўрт йиллик тараққиёт Ўзбекистонимиз учун хорижий давлатлар билан самарали сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик йиллари ҳам бўлди. Мамлакатимизнинг минтақа ва халқаро майдондаги ижтимоий - сиёсий вазиятни барқарорлаштириш бўйича бир қанча муҳим ташаббуслар амалга оширилди.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Маълумки, Ўзбекистонда аввало, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларимизнинг асоси бўлган, дунёда “ўзбек модели” деб ном олган бозор муносабатларига ўтишнинг беш асосий тамойили ишлаб чиқилди.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг моҳият жиҳатдан янги механизми яратилди. Бунда аниқ иқтисодий салоҳият, мавжуд имкониятлар ҳисобга олинди.

Замонавий соғлиқни сақлаш тизими шакллантирилди ва ривожлантирилди, соғлом авлодни тарбиялаш борасида тиббий хизмат сифати кескин оширилди. Бу каби чора-тадбирлар аҳолининг умумий касалланиш кўрсаткичларини сезиларли даражада қисқартириш имконини берди.

Давлат дастурлари доирасида оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ёш оилаларни қўллаб - қувватлашни кучайтириш, оиланинг баркамол авлодни тарбиялашдаги ролини оширишга йўналтирилган тадбирлар кўрилди.

Таълим соҳасини ислоҳ этиш бўйича амалга оширган ишларимиз ҳақида тўхталар эканмиз, умумий ўрта таълимдан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълимгача бўлган бўғинларда чуқур билим ва пухта касб - ҳунар тайёргарлигига эга бўлган узлуксиз таълим тизимини шакллантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий муносабатларни шакллантириш, ривожлантириш ва такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолияти, иқтисодиётни маъмурий-буйруқбозлик усулида бошқаришдан воз кечишнинг мустаҳкам конституциявий асослари белгилаб қўйилди.

Унга кўра, ишбилармонлик, тадбиркорлик ҳаракатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Жорий йилда Президентимиз томонидан қабул қилинган Фармонлар бу борадаги мавжуд тартиб-таомилларни кескин қисқартириш ҳамда уларни анча соддалаштиришга янада имкон берди.

Спортни оммалаштириш масалаларига ҳам давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Натижа эса ҳаммамизга аён.

Ҳурматли жамоа,

Адлия органларининг мамлакатда бош қонун ижодкори сифатидаги ролини ошириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар юртимиз ривожига муносиб хизмат қилмоқда.

Қонун ижодкорлиги доимий ҳаракатдаги жараён бўлиб, тараққиёт унинг олдига янги - янги вазифалар қўйиши табиий. Биринчи Президентимизнинг кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш ташаббуслари асосида қонунларни ишлаб чиқишда миллий анъаналардан келиб чиқиб, халқаро хорижий тажрибани ўрганишга эътибор кучайтирилди.

Шиддат билан одимлаётган замон барча соҳалар қатори тизим фаолиятини ҳам давр билан ҳамқадам такомиллаштириб боришни тақазо этмоқда. Президентимизнинг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида Вазирликнинг мазкур йўналишдаги роли янада оширилди.

Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари билан “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи”, шунингдек, “Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш юзасидан идоралараро кенгаш” ташкил этилиб муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Махсус ваколатли тузилма - Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таьминлаш департаменти фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тадбирлар ҳам ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Бугун мамлакатимизда адлия органлари шартнома муносабатлари ташкилотчиси ва тадбиркор ҳимоячиси сифатида ҳам ном қозонмоқда.

Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув, асоссиз қарорлар қабул қилиш каби ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича аниқ йўналишда тадбирлар ишлаб чиқилди.

Вазирликнинг халқаро ҳуқуқий алоқаларини ривожлантириш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилиб, бир нечта халқаро анжуманлар, чет эл сафарларидаги учрашувлар, мулоқотлар муваффақиятли ўтди.

Оила муносабатларини расмийлаштиришда сифатли юридик хизмат кўрсатиш кўлами кенгайди.

Юридик таълим сифатини ошириш, “Lex.uz” миллий тизимини такомиллаштириш, муассисликдаги нашрларни қўллаб-қувватлаш, нотариат институти фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чоралар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Мен юқорида тизимда жамоанинг меҳнати натижасида қилинган ишларнинг айримлари ҳақида сўз юритдим, холос. Зеро, эришилган ютуқлар, амалга оширилган кўламли ишларда жамоамиз барча ходимларининг муносиб ҳиссаси бор.

Шу билан бирга, ўз касбига фидойи, малакали кадрларни танлаш, ижро ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, нотариат институтини тажрибали ходимлар билан тўлдириш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишларимиз кўп эканлигини таъкидламоқчиман.

Табиийки, бу каби вазифаларни Биринчи Президентимиз ва ҳукуматимизнинг адлия органлари фаолиятига билдираётган катта ишончи ҳамда эътибори, ҳар бир ходимнинг тизимда амалга оширилаётган ишларга шахсан масъуллиги орқали адо этишимиз мумкин.

Ўз ўрнида ҳар қанча фидойи меҳнат беэътибор қолмайди. Конституциянинг улкан санаси билан бир вақтда, 24 йиллик ривожланиш йўлини сарҳисоб этаётган Адлия органларининг, 150 дан ортиқ ходимлари ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизнинг юксак Давлат мукофотлари билан тақдирландилар.

Мустақилликнинг 24 йиллиги муносабати билан Давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун яна 8 нафар ходимларимиз мукофотландилар.

Яна саноқли кунлардан сўнг янги йилни қарши оламиз. Илгари ҳам таъкидлаганимдек, адлия тизимида чин маънода фидойилар фаолият кўрсатади. Қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида зиммамиздаги вазифалар кейинги йилда ҳам ҳар бир ходимдан масъулликни талаб этади. Юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширишни режалаштираётган улкан ишларимиз ҳуқуқий демократик ислоҳотлар ривожига хизмат қилади, албатта.

Фурсатдан фойдаланиб, юклатилган вазифаларга виждонан ва масъулият билан ёндашаётган барча ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ўзининг йигирма тўрт йиллик мустақил тараққиёт йўли давомида улкан довонларни босиб ўтган, ҳар қандай синов ва машаққатларни енгишга қодир бўлган иродаси мустаҳкам халқимизнинг муносиб вакили сифатида биз ҳам ўз олдимизга қўйган янги ва юксак марраларни қўлга киритамиз.

Яна бир бор Сизларни Конституциямиз байрами ҳамда яқинлашиб келаётган янги 2017 йил билан самимий қутлайман, бахт ва омад ҳамиша ҳамроҳ бўлсин, хонадонларингиздан файзу-барака аримасин.

Тараққиёт йўлимиз ёруғ, юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

2016 йил 5 декабрь,

Тошкент ш.