Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.06.2020



23:34:25 (GMT +5), Пш, 4 июн 2020

Адлия вазири ўринбосарининг Юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштиришга бағишланган анжумандаги кириш сўзи RSS обуна

Адлия вазири ўринбосарининг Юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштиришга бағишланган анжумандаги кириш сўзи


Ассалому-алайкум, ҳурматли анжуман қатнашчилари, азиз ҳамкасблар!

Аввало, Сизларга бугунги анжуманимиздаги иштирокингиз учун Адлия вазирлиги раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдираман.

Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, шу жумладан ҳуқуқий ишларнинг асосий ташкилотчиси ҳисобланган юридик хизматнинг ролини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, юридик хизмат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий база янгиланиб, 2007 йилда юридик хизмат мақомини белгилашга қаратилган Ҳукумат қарорлари янги таҳрирда қабул қилинди.

Ўтган йилда эса Ҳукумат қарорига кўра, маҳаллий ҳокимликларнинг юридик хизмати ходимларини лавозимига тайинлашда адлия органлари билан келишиши ва уларни ҳисобот тақдим этиш тартиби белгиланди.

Бу эса ўз ўринда юридик хизмат ходимларининг ўз касбига масъулият билан ёндашишига ёрдам беради.

Таъкидлаш керакки, шу йили давлат органларида юридик хизматни такомиллаштириш масаласида Бош вазиримиз раислигида ўтказилган селектор йиғилишида ҳам давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати фаолияти кескин танқид қилинди.

Йиғилиш натижаси бўйича Ҳукуматимиз томонидан юридик хизматни такомиллаштиришга қаратилган алоҳида Дастури қабул қилинди.

Кези келганда таъкидлаш лозимки, ўрганишлар, давлат органларида ҳуқуқий ишларни ташкил этишда бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, адлия органлари томонидан охирги икки йил давомида ўтказилган ўрганишларда 1.398 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Хусусан, давлат бошқаруви органларидаги 144 нафар ходимлар тегишли аттестацядан ўтмаган. 192 нафар ходимлар эса малака ошириш курсларида ўқимаган.

Ушбу юридик хизмат ходимларининг аксарияти нуфузли идораларда фаолият юритаётганлигини эътиборга оладиган бўлсак, мазкур идораларда ҳуқуқий ишлар қай аҳволга тушганлигини кўз олдимизга келтириш қийин эмас.

Муҳтарам юртбошимизнинг яқинда бўлиб ўтган Парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида ҳам қонун лойиҳаларини тайёрлаш бўйича билдирган танқидий фикрлари барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.

Шу жиҳатдан ҳам бугунги анжуманда ютуқлар эмас кўпроқ камчиликлар ҳақида фикр юритсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Сизларга анжуман давомида фаол бўлишингизни, маърузачиларга ўзларингизни қизиқтирган ҳар қандай саволлар билан мурожаат қилишингизни, фаолиятингизда дуч келаётган муаммолар ва уларни ечими бўйича фикр алмашишингизни сўрайман.

Ўйлайманки, анжуманимизда билдирилган фикр ва мулоҳазалар соҳа ривожини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Эътиборингиз учун раҳмат !

2015 йил 21 апрель.

Тошкент шаҳри.