Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 03.06.2020



15:57:48 (GMT +5), Чр, 3 июн 2020

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 8 март байрамига бағишланган тадбирдаги нутқи RSS обуна

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 8 март байрамига бағишланган тадбирдаги нутқи




Ассалому-алайкум, ҳурматли ҳамкасблар, қадрли опа-сингиллар!

Гўзал диёримизга барчамиз соғиниб кутган баҳор нафаси кириб келган мана шу нурафшон кунларда Сиз азизларни 8 март Хотин-қизлар байрами билан адлия вазирлиги раҳбарияти номидан самимий муборакбод этаман.

Барчамизга маълумки, оналарни, аёлни эъзозлаш юртимиз учун азал-азалдан эзгу қадрият бўлиб келган. Бу бежиз эмас, албатта. Қалбимизда неки олижаноб туйғулар бўлса, уларнинг барчаси аввало оналаримиз, аёлларимиз меҳрида намоён бўлади.

Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Эркакни эркак, оилани оила қиладиган, умуман ҳаётимизга маъно мазмун бағишлайдиган, бизни одамийликка, мардлик ва олижаноб, ҳақиқий инсон бўлишга чорлайдиган аёлнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди”.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг қобилияти ҳамда истеъдодини рўёбга чиқариш, оила, оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича амалга оширилган улкан ишлар ҳақида бугун кўп гапиришимиз мумкин.

Умуман, юртимизда тарихан қисқа даврда оналар ва болалар ўлими 3 марта камайгани, аёлларнинг ўртача ёши 67 ёшдан 75 ёшга кўтарилгани, ҳеч шубҳасиз, айнан ана шундай амалий ҳаракатларнинг самараси десак, хато бўлмайди.

Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманларда соғлиқни сақлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, таълим-тарбия, ижтимоий муҳофаза соҳаларида қўлга киритаётган улкан натижалар дунёдаги таниқли олим ва мутахассислар, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юксак баҳоланиб, ибрат сифатида таърифланётганлиги ҳам аёлларимизга кўрсатилаётган эътиборнинг намунаси, деб биламиз.

Бунинг биргина амалий исботи сифатида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги роли ва таъсирини кучайтиришга қаратилган юзга яқин миллий ҳамда халқаро ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим.

Хусусан, уларнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва таъсири ортиб бораётганини давлат ҳокимиятининг барча бўғиндаги вакиллик органларида 1.200 нафардан ортиқ хотин-қиз, жумладан, Олий Мажлис таркибида 48 нафар сенатор ва депутат фаолият кўрсатаётгани, қарийб 332 минг аёл сиёсий партияларнинг аъзоси сифатида ўз иқтидорларини намоён қилаётгани, фуқаролик жамиятининг таянчи бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларида фаол иштирок этаётганида кузатиш мумкин.

Тинч ва осойишта ҳаётнинг, меҳр-оқибат, шафқат ва мурувват туйғуларининг қадрига етадиган жонкуяр ва оқила аёлларимизнинг оила ва маҳаллада, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ҳамда ҳамжиҳатлик, файзу барака, соғлом муҳитни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари ҳар қанча эътирофга лойиқ.

Бунда адлия органлари ва муассасаларида қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида эркакларимиз билан бирдек масъулиятни ўз зиммасига олган азиз хотин-қизларимизнинг самарали меҳнати ётганлигини алоҳида мамнуният билан қайд этмоқчиман.

Сўнгги икки йили давомида тизимда самарали меҳнати ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун 5 нафар ҳамкасб аёлларимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганликлари барчамизни мамнун этади.

Ҳар қандай жамиятнинг фаровонлиги ва маънавий камолотининг асосий мезони аввало оиланинг аҳиллиги, ундаги фарзандларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида намоён бўлади. Жорий йилнинг муҳтарам Президентимиз томонидан “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ҳам мамлакатимизда оналик ва болаликни давлат томонидан ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Маълумки, яқинда бу борада кенг миқёсдаги амалий тадбирларни ўз ичига олган Давлат дастури қабул қилинди. Давлат ҳамда нодавлат ташкилотлари қатори адлия органлари ва муассасалар ҳам мазкур йўналишда ўзининг тармоқ Дастури доирасида бир қатор ишларни амалга оширади. Бунда яна Сиз азиз аёлларимизнинг меҳнатига, қимматли таклиф ва тавсияларингизга кўпроқ таянамиз, албатта.

Соғлом оиланинг бардавомлиги шунингдек, иқтисодий салоҳият, маънавий баркамоллик билан бирга, соғлом турмуш тарзига ҳам бевосита боғлиқдир. Соғлом турмуш тарзини эса, спорт билан уйғунликда кўрамиз. Халқаро хотин-қизлар ва Наврўз байрами муносабати билан ҳар йили вазирлик, идораларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақаларида, адлия органлари ва муассасалари аёллари шарафли ўринларни эгаллаб келишаётгани жамоамизнинг катта ютуғидир. Фурсатдан фойдаланиб, меҳнатда ва спортда тенглар ичра тенг намуна кўрсатаётган барча аёлларимизга шахсан ўз номимдан миннатдорчилик билдираман ҳамда бу йилги мусобақаларда уларга омад тилайман.

Қадрли опа-сингиллар!

Аёлга ҳар қанча самимий таъриф ва тасниф камлик қилади. Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг биргина “Аёллар – фаришталарнинг опа-сингилларидир” деган сўзларини ёдга олишнинг ўзи катта ҳурмат ва ибрат дарси десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Сизларни юртимизда байрамларнинг бошланиши бўлган баҳор айёмингиз билан яна бир бор табриклайман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Толеингиз баланд, ризқингиз зиёда бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат!

Тошкент шаҳри,

2014 йил 7 март.