Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 04.06.2020



22:00:28 (GMT +5), Пш, 4 июн 2020

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг Конституция қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тадбирдаги нутқи RSS обуна

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг Конституция қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тадбирдаги нутқи


Ассалому-алайкум, ҳурматли ҳамкасблар!

Сизларни Конституциямизнинг йигирма бир йиллик қутлуғ байрами билан самимий муборакбод этаман.

Мана, 21 йилдирки, биз давлатимиз ва жамиятимизнинг нафақат бугунги қиёфаси, ҳаёт тарзи, балки келажагини белгилаган, эзгу мақсадларимизнинг пойдеворини мустаҳкамлаган шахсан Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мукаммал ишлаб чиқилган Асосий қонун асосида яшамоқдамиз.

Жамиятимизда юз бераётган барча ижобий ўзгаришлар Конституциямизда белгиланган талаб ва қоидаларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодасидир.

Биз ташқи сиёсатимизни шакллантиришда конституциявий тамойилларга амал қилган ҳолда, аввало, ўз куч-қудратимизга, маънавиятимизга, буюк аждодларимиз меҳнати ила яратилган улкан бунёдкорлик салоҳиятига таяндик.

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг илк давриданоқ кўпгина нуфузли халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Жаҳондаги етакчи мамлакатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларни ўрнатди. Мамлакатнинг ишончли, истиқболли ҳамкор сифатидаги обрў-эътибори мустаҳкамланди.

Ўтган давр мобайнида халқимиз сиёсий тафаккури, ақл-заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам эканлигига тўла ишонч ҳосил қилдик.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, бугун Ўзбекистонимиз босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлини холисона баҳолар эканмиз, ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани - буларнинг барчаси Конституциямизнинг асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормаларнинг ҳаётбахш самараси десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Барча соҳалар каби қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар натижасида барча ҳокимият тармоқларининг ваколатлари аниқ белгиланилиб, улар ўртасида ҳамкорлик ривожланиб бормоқда.

Конституциямизнинг халқаро, демократик талабларга жавоб бериши ҳақида сўз борар экан, биз аввало унда инсон ҳуқуқи, уни ҳимоялашга қаратилган барча кафолатлар алоҳида ўрин тутганини, асосий Қонунимиз инсон манфаатини давлат манфаатидан устун туришини муҳрлаб қўйгани ҳақида гапириш ўринлидир.

Бош қонунимизда адолат, ҳақиқат ва одиллик, маънавият, миллий ахлоқий қадриятлар, умуминсоний ғоялар каби мезонлар талабидаги қоидалар мавжудки, бу ҳолат уни улуғлашга ҳамда устуворлигини тан олишга ундайди.

Умуман, Конституция мамлакатда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларни демократлаштириш, Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ислоҳотларнинг «ўзбек модели» асосида жамият ва давлатни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришларга мустаҳкам асос бўлмоқда.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Одатда, ҳар қандай ютуқнинг моҳияти бошқа бирор нарса билан таҳлил этилганда ёки нима биландир қиёслаганда билинади.

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий муносабатларни шакллантириш, ривожлантириш ва такомиллаштириш, иқтисодиётни маъмурий буйруқбозлик усулида бошқаришдан воз кечишнинг мустаҳкам конституциявий асослари белгилаб қўйилди.

Ушбу меъёрлар асосида аҳоли фаровонлигини оширишнинг энг муҳим омили сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратилди.

Иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган 400 дан зиёд қонунлар қабул қилинган бўлса, уларнинг 250 таси айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилди.

Унга кўра, ишбилармонлик, тадбиркорлик ҳаракатининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Шу ўринда иқтисодиёт таянчига айланган мазкур соҳани ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари ва преференциялар муваффақиятли қўлланилганини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Бундай шароитларга, шубҳасиз, Бош қомусимизда белгилаб берилган кафолатлар асос бўлаяпти.

Инвестиция сиёсатини фаол амалга оширилиши натижасида кейинги 10 йилда мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 3 баробардан зиёдга ошган бўлса, иқтисодиётимизнинг реал секторига қарийб 11 миллиард 700 миллион доллар ҳажмида хорижий инвестициялар жалб қилинди.

Энг йирик объектлар ҳақида гапирганда, Навоий иссиқлик электр станциясида Япониянинг дунёга машҳур компанияси томонидан ишлаб чиқарилган буғ-газ қурилмасининг ишга туширилганини алоҳида қайд этиш лозим.

“Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳудудида 6 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда. “Жиззах” махсус индустриал зонаси фаолиятини ривожлантириш доирасида 4 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Муборак газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ ва конденсат ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган заводнинг биринчи навбати фойдаланишга топширилди.

Яна бир йирик лойиҳа - умумий қиймати 250 миллион доллардан ортиқ бўлган Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг иккинчи навбатини қуриш ишлари давом эттирилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йилда Сурғил кони базасида ҳатто дунё мезонлари бўйича ҳам ноёб бўлган Устюрт газ-кимё комплекси қурилиши бошланди.

Қарийб 500 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструксия қилиш ишлари якунланди, темир йўл тармоқларини электрлаштириш лойиҳалари изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Телекоммуникация тизимини ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг моҳият жиҳатдан янги механизми яратилди. Замонавий соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш ва ривожлантириш, соғлом авлодни тарбиялаш, миллий спортни ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, таълим тизимининг халқаро рейтингини кўтариш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам халқаро экспертлар эътирофига сазовор бўлмоқда.

Бу ютуқларнинг асосида Конституциямизнинг халқчил руҳи, инсонпарварлик моҳияти, истиқлолимизнинг дастлабки кунларидаёқ ўзимизга мос ва хос бўлган миллий тараққиёт йўлини танлаб олганимиз, фақат бугунни эмас, яқин ва олис келажакни ўйлаб иш тутаётганимиз ютуқларимизга катта рағбат бўлмоқда.

Ҳурматли жамоа,

Мен юқорида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига шунчаки тўхталмадим. Эришилган бу каби улкан ютуқларда Адлия органларининг мамлакатда бош қонун ижодкори сифатида беқиёс ҳиссаси борлиги билан изоҳламоқчиман, ҳамда эътиборларингизни Сизларнинг хизматларингиз билан тизимда амалга оширилаётган айрим ишларга қаратмоқчиман.

Қарийб икки йиллик давр мобайнида Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган 33 та қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Қонун ижодкорлиги жараёнида, Давлатимиз раҳбарининг кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш ташаббуслари асосида қонунларни ишлаб чиқишда янгича тартиб жорий этилиб, соҳавий фаолиятдан келиб чиққан ҳолда бу жараён ривожига тегишли тармоқлар эътибори кучайтирилди.

“Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий соҳалари ривожига хизмат қилувчи 8 та қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ходимларимиз бевосита иштирок этди.

Адлия вазирлиги тизимида Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси томонидан давлат бошқаруви ва назорат тузилмалари фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш мақсадида қатъий ҳисобга олиш бўйича электрон маълумотлар базаси яратилди.

Ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарори лойиҳалари, давлат ҳисобига олинган ҳужжатлар сони ортиб, қонунларга зид бўлган қарорларни бекор қилиш ёки ижросини тўхтатиш борасидаги фаолият самарадорлиги ошириляпти.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бўйича инспекциялар фаолиятини ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан вилоят ҳокимликларига тақдимномалар киритиш амалиёти жорий қилинди. Инспекцияларнинг фаолиятини ўрганиш тадбирлари тизимли равишда вазирликнинг иш режаларига киритиладиган бўлди.

Давлат органларининг юридик хизматлари фаолиятини ташкил этиш соҳасида Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларининг юридик хизматлар базаси янгитдан шакллантирилди.

Адлия органлари томонидан тадбиркорлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш соҳасида ўтказилган текширишлар натижаси бўйича қўлланилган таъсир чораларига асосан, давлат органларининг 3.800 дан ортиқ ноқонуний ҳужжатлари ижроси тўхтатилди ва бекор қилинди.

Махсус ваколатли тузилма - Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таьминлаш департаменти фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тадбирлар ҳам ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Оила муносабатларини такомиллаштиришда сифатли юридик хизмат кўрсатиш кўлами кенгайиб бораяпти.

Вазирликнинг яна бир муҳим йўналишларидан бири - Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим соҳасида, “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури”нинг янги таҳрирдаги лойиҳаси қабул қилинди.

Янгича талаблар асосида юристлар малакасини ошириш дастурлари қайтадан ишлаб чиқилди. “Давлат ва жамият қурилишини демократлаштириш шароитида ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасини такомиллаштириш Концепцияси” тайёрланди.

Президентимизнинг “Юридик таълимни такомиллаштириш ва ҳуқуқий фанларни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Тошкент давлат юридик университетида қайта қуриш ва таъмирлаш, ўқув жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган тадбирларда ходимларимизнинг амалий ёрдами катта бўлаётганлигини таъкидлаш ўринлидир.

“Lex.uz” миллий тизимини янада такомиллаштириш, муассисликдаги нашрларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон манфаатларини хорижий давлат судларида ва халқаро арбитражларда ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Ўтган давр мобайнида 53 та халқаро ташкилотлар делегацияси, дипломатик корпус вакиллари вазирликда қабул қилинди.

Шунингдек, бу йилги пахтачиликда 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этилишида адлия органлари ходимларининг самарали ҳисса қўшганлиги, жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Адвокатлар палатасининг II Конференциясини ўтказишда ҳамда шу кунларда бўлиб ўтаётган фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда маслаҳатчилари сайловларида яқиндан ёрдам кўрсатилаётганлиги эътиборлидир.

Конституция чин маънода қонун ижодкорларининг байрамидир. Жорий йилда илк бор байрам тадбирларини мамлакатимиз бўйлаб юқори даражада ўтказишни мувофиқлаштириб бориш юзасидан Ҳукумат топшириғини бажаришда ходимларимиз самарали фаолият кўрсатмоқдалар.

Мен юқорида тизимда жамоанинг меҳнати натижасида қилинаётган ишларнинг айримлари ҳақида сўз юритдим, холос. Зеро, эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли ишлар тизим мавқеини юксалтиришга, ютуқлар салмоғини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, соҳага малакали кадрларни танлаш, ижро ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, шартномавий муносабатлар самарадорлигини ошириш, юридик таълимнинг миллий рейтингини ошириш, ФҲДЁ ва нотариат органларида ҳужжатлар билан ишлашда қонунийликни таъминлаш бўйича ҳали қилиниши лозим бўлган ишларимиз кўп эканлигини ҳам таъкидламоқчиман.

Фурсатдан фойдаланиб, юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашаётган барча ходимларимизга вазирлик раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдираман.

Кези келганда яна бир муҳим масала. Келгуси йилнинг декабрь ойида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Адлия органларининг қонун ижодкори ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги муҳим вазифаси сифатида мазкур сайловлар адлия органлари олдига ҳам долзарб вазифаларни қўйиши табиий. Шунингдек, Муҳтарам юртбошимиз томонидан келгуси йилга янги ном берилиб, бу борада қабул қилинадиган Давлат дастури доирасида қонун ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш талаб этилади.

Муҳим сиёсий жараёнларни манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда уюшқоқлик билан ўтказишда ўйлайманки, ходимларимизнинг билим ва салоҳияти, ҳаракат ва масъулияти етади.

Ўтган йиллар мобайнида адлия органлари ва муассасаларини қайта қуриш, таъмирлаш ишлари учун Ҳукумат даражасида катта маблағлар ажратилди. Хусусан, Тошкент давлат юридик университетини қайта қуриш ва таъмирлаш ишларига 85 миллиард, “Адолат” нашриёти корхонасининг янги биносини капитал таъмирлашга 650 миллион, Юридик коллежнинг таъмири учун 550 миллион, Суд экспертиза марказининг ҳозирги биноси таъмири учун 300 миллион сўм йўналтирилди, ҳудудларда янгидан ФҲДЁ ва “Бахт уйи”лари қурилиши учун жорий йилда 18,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар сарфланган бўлса, келгуси йилда 25 миллиард сўмлик маблағлар ажратилиши белгиланди.

2013 йилда адлия органлари ва муасассалари биноларини таъмирлаш ҳамда асосий воситаларни харид қилиш учун, биргина Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 9 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ажратилди.

Адлия органлари ва муассасаларининг моддий техник имкониятларини мустаҳкамлаш, энг аввало ҳамкасбларимиз учун қулай меҳнат шароитларини яратишга бу каби салмоқли маблағлар йўналтирилаётганлигига қарамай вазирлик раҳбарияти келгуси йилда ҳам ходимларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мукофот пул миқдорларини белгиланган меъёрлар даражасида сақлаб қолишга устувор вазифа сифатида эътибор қаратади.

Ўзининг мустақил тараққиёт йўли давомида улкан довонларни босиб ўтган буюк аждодларнинг муносиб ворислари сифатида адлия органлари ва муассасалари ходимлари ўз олдига қўйган бунданда юксак марраларни қўлга киритади.

Шубҳасиз, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширишни режалаштираётган улкан ишларимиз кенг кўламли ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ислоҳотлар ривожига хизмат қилади, албатта.

Хабарларингиз бор, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун мустақилликнинг 22 йиллиги муносабати билан жорий йилда ҳам 7 нафар ходимларимизнинг юксак Давлат мукофотлари билан тақдирланганликлари барчамизни қувонтиради ҳамда келгуси йилда мукофотлар билан тақдирланадиган ҳамкасбларимиз сафи бунданда кўпаяди, дея ният қиламиз.

Яна бир бор, Сизларни Конституциямиз байрами ҳамда яқинлашиб келаётган янги 2014 йил билан самимий табриклайман, янги йилимиз қутлуғ келсин, бахт ва омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин, хонадонларингиздан файзу-барака аримасин!

Бош қомусимиз белгилаб берган тараққиёт йўлимиз ёруғ, юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат.

2013 йил 3 декабрь,

Тошкент ш.