Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 30.04.2021



21:59:35 (GMT +5), Сш, 21 сен 2021

АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ВА МУАССАСАЛАРИГА ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ва саволлар рўйхати

26.06.2020

АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ВА МУАССАСАЛАРИДА ХОДИМЛАРНИ

ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ (кўчириб олиш)


Умумий қоидалар

Адлия органлари ва муассасаларига жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублигидан қатъи назар, ўзининг касбий, ишчанлик, шахсий ва ахлоқий фазилатлари, маълумоти даражаси ва соғлиғига кўра адлия органлари ва муассасаларига юклатилган вазифаларни бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорлари билан ўрнатилган тартибда хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қабул қилинади.

Қуйидагилар адлия органлари ва муассасаларига ишга қабул қилиниши мумкин эмас:

ўн олти ёшга тўлмаган шахслар;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

адлия органи ёки муассасасининг ишлаб турган ходими билан яқин қариндош ёки қуда-анда бўлса (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, фарзандлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари), агар ишга қабул қилинаётган ёки тайинланаётган лавозим улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қилишни тақозо қилса;

ишга кириш учун сохта ҳужжатлар ёки била туриб ёлғон маълумотлар тақдим этган бўлса;

судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатлар.

Адлия органлари ва муассасаларига ходимларни ишга қабул қилиш бўйича танлов адлия органлари ва муассасаларининг кадрлар таркибини ишчанлик, шахсий ва ахлоқий фазилатлари, маълумоти даражаси ва соғлиғига кўра юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришга лаёқатли бўлган ходимлар билан таъминлаш мақсадида ўтказилади.

Танлов адлия органлари ва муассасаларининг раҳбарлари томонидан ташкил этиладиган камида 5 нафар ходимларидан иборат махсус комиссия томонидан меритократия, очиқлик ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтказилади.Келишувга асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари комиссия таркибига киритилиши мумкин.

Махсус комиссия йиғилиши аъзоларининг камида 2/3 (учдан икки) қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Танлов босқичлари

Танлов қуйидаги босқичлардан иборат

1. Бўш иш ўрнига ҳужжат топширган номзодларни дастлабки ўрганиш;

2. Тест синови;

3. Номзод билан унинг назарий билимлари ва касбий лаёқатини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказиш;

Танлов жараёнлари ўтказилаётган жойда Махсус комиссия аъзолари, Ишчи орган вакиллари ва номзоддан ташқари бегона шахсларнинг ҳозир бўлишига рухсат берилмайди.

Танловда иштирок этиш учун талаблар

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар ариза (иловага мувофиқ) билан тегишли адлия органи ёки муассасасига мурожаат қилади ва қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ходимнинг шахсий варақаси (сўровнома ёки маълумотнома-объективка иловага мувофиқ);

дипломнинг нусхаси, чет элда ўқиган бўлса, дипломи нострификациядан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг битирувчи курсларида таълим олаётганлар бундан мустасно;

номзоднинг паспорт нусхаси.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда юборилиши ҳам мумкин.

Танлов жараёни

Танлов бошлангунга қадар Ишчи орган томонидан номзоддан соғлиғи ҳолати сўралади. Ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган номзодлар танловга қўйилмайди. Бундай ҳолатда далолатнома тузилади ва унга навбатдаги танловда иштирок этиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Ишчи орган Махсус комиссия аъзолари ва номзодларга вакант лавозимлар ҳақидаги эълон жойлаштирилган жой ва сана, ҳужжатларни топшириш муддатлари, танловда иштирок этиш учун келиб тушган аризалар сони, шундан рад қилинганлар ва уларнинг сабабларини ҳамда танлов куни ҳозир бўлган номзодларнинг рўйхатини ўқиб эшиттиради.

Тест синови:

Тест саволлари 30 тадан савол, ҳар бир саволга 4 та (“А”, “B”, “C”, “D”) жавоблардан иборат.

Тест саволлари соҳа хусусиятини инобатга олиб ўрта махсус ёки олий таълимнинг тегишли йўналишидаги фанларнинг ўқув дастурларига мувофиқ, мантиқий фикрлаш, ахборотни тизимга солиш, уни таҳлил қилиш ва умумлаштириш, қонуниятлар топиш, амалий миқдорий масалаларни ечиш қобилиятини баҳолашга қаратилган саволлардан иборат бўлади.

Ишчи орган томонидан номзодга тест синовлари ўтказишнинг қисқача мақсади, мазмуни ва тартиби тушунтирилади. Шундан сўнг, номзодга тест саволлари вариантини танлаш учун таклиф қилинади ва белгиланган шаклдаги жавоблар варақаси тарқатилади. Ҳар бир жавоб варақаси Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.

Номзодга тест саволларига жавоб бериш учун 30 дақиқа вақт берилади.

Ҳар бир тест саволига фақат битта жавоб белгиланиши лозим. Жавоблар варақасининг тўғри тўлдирилиши учун номзод шахсан жавобгар ҳисобланади.

Тест саволларига жавоб бериш жараёнида номзодларга қуйидагилар тақиқланади:

қонун ҳужжатларидан, маълумот берувчи ва махсус адабиётлардан, ҳар қандай турдаги техника воситаларидан ёки бошқа материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш;

бошқа шахслар билан суҳбатлашиш;

жавоблар варақасини топширгунга қадар тест саволлари ўтказилаётган хонадан рухсатсиз ташқарига чиқиш.

Мазкур талабларга риоя қилмаган номзод тест жараёнини ўтказиш тартибини бузган деб топилади ва уни танловда қатнашишдан четлаштириш учун асос бўлади ва белгиланган шаклдаги далолатнома расмийлаштирилади ва комиссия аъзоларининг камида уч нафари томонидан имзоланади.

Жавоблар варақаси синов учун белгиланган вақт тугагунга қадар ёки тугаши билан синов кузатувчиси бўлган Ишчи органга топширилади.

Ишчи орган талабгордан жавоблар варақасини олгандан сўнг тест синови натижасида тўпланган балларни Комиссия раисига ва талабгорга маълум қилади. Бунда, номзодларнинг ҳар бир тўғри жавоби учун бир балл берилади.

Тест синови натижаларига кўра камида 71 фоиз саволларга тўғри жавоб берган номзод кейинги босқичга, яъни номзоднинг назарий билимлари ва касбий лаёқатини аниқлаш юзасидан суҳбатга чақирилади.

Суҳбат жараёни:

Номзоднинг назарий билимлари ва касбий лаёқатини аниқлаш, унинг лавозим касб фаолиятига боғлиқ қонунчилик соҳаси, умумий қонунчилик асослари, амалиётда кўп учрайдиган муаммоли ҳолатлар (казуслар)нинг ечими бўйича суҳбат ўтказилади.

Бунда номзод саволлар қўйилган 3 та қутичалардан бир донадан саволларни жами уч саволни тасодифий танлаш йўли билан олади. Қутичадан олинган саволларни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Ҳар бир кутича ичида 50 тадан саволлар жойлаштирилади.

Номзод тушган саволларга жавоб бера олмаса ёки берилган жавоблар асосида номзоднинг билим даражасини аниқлашнинг имконияти бўлмаса, Махсус комиссия раисининг рухсати билан қўшимча саволлар берилиши мумкин. Қўшимча саволлар олдинги саволларга берилган жавобларни аниқлаштириш мақсадида берилиши ва олдинги саволлар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.

Номзод томонидан берилган жавоблар аниқ, лўнда ва айнан савол мазмуни билан мос бўлиши ҳамда битта саволга жавоб бериш давомийлиги икки дақиқадан ошмаслиги лозим. Қўшимча саволлар берилган ҳолатларда суҳбат давомийлиги яна ўн дақиқагача узайтирилиши мумкин.

Тест саволлари ва суҳбатда бериладиган саволлар рўйхати Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланиб, вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда қонунчиликда, шунингдек жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида бўлаётган муҳим ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда ҳар йили янгилаб борилиши мумкин.

Суҳбат натижалари бўйича ҳар бир савол ўн баллик тизимда баҳоланади.

Жавобларни баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

0 балл – саволга жавоб беролмаслик;

1-3 балл – савол бўйича умумий тушунчага эга эмаслиги;

4-7 балл – саволга умумий ёки қисман жавоб бериш;

8-10 балл – саволга тўлиқ ва атрофлича жавоб бериш.

Бунда Махсус комиссия аъзоларининг ҳар бири суҳбат натижаси бўйича, ҳар бир савол юзасидан талабгорга белгиланган шаклдаги баҳолаш варақасига балл қўяди. Махсус комиссиянинг ҳар бир аъзоси алоҳида баҳолаш варақасини тўлдиради. Баҳолаш варақасини комиссиянинг бошқа аъзоларига кўрсатиш тақиқланади ва балларни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Суҳбат якунлари бўйича комиссия аъзолари томонидан номзодга қўйилган баллар умумлаштириш ва ўртача балл ҳисоблаб чиқариш учун Ишчи органга берилади. Ишчи орган томонидан номзодга қўйилган баллар белгиланган шаклдаги жавоблар варақасига қайд қилинади.

Номзод томонидан тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 56 фоизи ва ундан юқорисини тўплаганда номзод лавозимга тавсия этилади. Номзод томонидан тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан кам балл тўплаганда комиссия аъзолари томонидан номзод суҳбатдан ўтмаган деб эътироф этилади.

Махсус комиссия суҳбат натижасига мувофиқ номзодни топширган вакант лавозимдан бошқа бир вакант лавозимга ишга қабул қилишга тавсия қилиш ҳуқуқига эга.

Номзод томонидан тўпланган баллар, баҳолаш натижалари ҳамда комиссия қарори шу куннинг ўзида танловда иштирок этган номзодларга ўқиб эшиттирилади.

Танлов жараёнлари аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади.

Номзоднинг шикоят қилиш ҳуқуқи

Танлов натижаларидан норози бўлган номзод ўн кун муддат ичида адлия вазирига, шунингдек судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.

Танлов тартиби бузилган такдирда ёки коррупция ҳолатлари ҳақида хабарларни Адлия вазирлигининг “1008” ишонч телефонига ёки @antikorbot телеграм каналига мурожаат қилишингиз мумкин.


Адлия органи номи


(номзоднинг Ф.И.О.

яшаш жойи)


АРИЗА

танловда иштирок этиш тўғрисида

Менга 20__ йил «_____» _____________ даги ______-сонли берилган эълонга мувофиқ___________________________________________________

(эълонда кўрсатилган вакант лавозим)

лавозимига тайинлаш бўйича танловда иштирок этишга рухсат беришингизни сўрайман.

Боғланиш телефон рақамим: ______________________.

Электрон почта манзилим: _______________________.

Қуйидаги ҳужжатлар илова қиламан:

1.

2.

3.

...

______________________(тўлдирилган сана)

_________________

(номзоднинг имзоси)

____________________ (номзоднинг Ф.И.О.)






Back to the list