Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Вазирликка мурожаат қилиш

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Мурожаат қилмоқчи бўлсангиз қонун талабларига риоя этинг!

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ишонч телефони "1008" 


«Ишонч телефони»

«Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатлар душанба кунидан жума кунигача (жума куни ҳам) (байрам кунларидан ташқари) соат 09.00 дан 13.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача адлия органларининг масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.

Таклифлар адлия органлари томонидан улар тушган кундан бошлаб бир ойгача муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганиш талаб қилинадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кун муддатда маълум қилинади.

Аризалар ва шикоятлар адлия органлари томонидан тушган кундан бошлаб бир ойгача муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганиш ва текширишни талаб қилмайдиган аризалар ва шикоятлар эса — ўн беш кундан кечикмай кўриб чиқилади.

Аризалар ёки шикоятларни кўриб чиқиш учун қўшимча текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни талаб қилиш ёхуд бошқа чораларни кўриш зарур бўлган ҳолларда аризалар ёки шикоятларни кўриб чиқиш муддатлари адлия органи раҳбари томонидан истисно тариқасида, бироқ бу ҳақда ариза берган ёки шикоят қилган шахсга хабар қилинган ҳолда бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин. 

кўчириб олиш

Ҳудудий адлия органларининг ишонч телефонлари  

Ишонч телефони регламенти


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ Ўзбекистон РеспубликасиАдлия вазирлиги марказий аппарати, адлия органлари ва муассасаларида(кейинги ўринларда адлия органлари деб аталади) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (кейинги ўринларда мурожаат деб аталади) билан ишлаш тартибини белгилайди.

2. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар адлия органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

3. Ушбу Низомнинг амал қилиши:

кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;

адлия органларининг давлат органлари ва давлат муассасалари билан (кейинги ўринларда давлат органлари деб юритилади), шунингдек уларнинг таркибий бўлинмаларини ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ариза – ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;

таклиф – давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни 
ўз ичига олган мурожаат;

шикоят – бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;

аноним мурожаат – жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаат;

мурожаатнинг дубликати – айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;

такрорий мурожаат – аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган мурожаат;

электрон мурожаат – электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклидаги мурожаат.

5. Мурожаатлар оғзаки ёки ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкин.

Адлия органларининг “ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

Адлия органларининг расмий веб-сайти орқали ёки адлия органларининг расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ҳукумат портали) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги 378-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги низом ва адлия органларининг Ҳукумат портали орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлашга оид директив ҳужжатлари талаблари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

6. Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этишлари мумкин.

7. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

8. Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёзма мурожаат мурожаат қилувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат қилувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши лозим. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

9. Мурожаатларни бериш муддатлари, қоидага кўра, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар адлия органларининг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра, адлия органларига мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.

Бўйсунув тартибида юқори органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.

Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати аризани ёки шикоятни кўриб чиқувчи адлия органи томонидан тикланади.

10. Адлия органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага биноан амалга оширилади.

11. Адлия органлари ушбу Низом талабларига мувофиқ мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий қилиши мумкин.

II. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

12. Адлия органларида мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек унинг кўриб чиқилишини назорат қилиш адлия органларининг мурожаатлар билан ишлаш учун масъул бўлган таркибий бўлинмаси ёки масъул ходими (кейинги ўринларда мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма деб аталади) томонидан амалга оширилади.

13. Электрон мурожаатлар тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса – навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.

14. Ёзма ва электрон (қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинмада рўйхатга олинади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг манзили, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган адлия органи таркибий бўлинмаси номи, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.

Қайд этиш штампида адлия органларининг расмий номи (агар адлия органларининг расмий номи узун бўлса умумқабул қилинган қисқартирилган ном ёки қисқартма кўрсатилиши мумкин), мурожаатнинг келиб тушган санаси ва қайд рақами кўрсатилади.

Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.

15. Мурожаат почта орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унинг иловалари борлиги текширилади.

Конвертда мурожаатнинг мавжуд эмаслиги ёки унинг яроқсизланганлиги, шунингдек мурожаатда кўрсатилган иловаларнинг йўқлиги аниқланганда икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинмада қолади, иккинчиси мурожаат қилувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича жўнатилади.

Келиб тушган мурожаатлар конвертлари мурожаат этувчининг манзилини, мурожаатнинг жўнатилган ва олинган вақтини аниқлаш учун сақлаб қолинади.

16. Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг раҳбари ёхуд бошқа масъул ходим, шунингдек адлия органи таркибий бўлинмаларининг (кейинги ўринларда таркибий бўлинма деб аталади) раҳбарлари ёхуд бошқа масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.

Мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар текширилгандан кейин ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкаси тўлдирилади. Ҳисобга олиш карточкаси оғзаки мурожаат сифатида рўйхатга олинади.

17. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари адлия органларига оғзаки мурожаат этишганда улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва ушбу Низомнинг 16-бандига мувофиқ тўлдирилган ҳисобга олиш карточкасига бириктирилиши керак.

Такрорий ва дубликат мурожаатлар девонхона томонидан навбатдаги қайд этиш рақами билан рўйхатга олинади.

Такрорий мурожаатнинг устхат (фишка)ида кирим рақамидан сўнг қавс ичида такроийлик белгиси сифатида унинг олдинги рақами ҳам қўйилади (масалан, 100/3 (90/3га).

Дубликат мурожаатнинг устхат (фишка)ида кирим рақамидан сўнг қавс ичида унинг олдинги рақами ҳам қўйилади (масалан, 100/3 (90/3).

18. Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай адлия органлари раҳбарларига ёки унинг ўринбосарларига киритилади, у масъул таркибий бўлинмани (ходимни) белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш бўйича резолюцияни (топшириқномани) қўяди.

19. Резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма мурожаатни ижро этувчи сифатида белгиланган таркибий бўлинмага (ходимга) рўйхатга олиш журналларига имзо қўйдирган ҳолда берилади.

20. Адлия органларига келиб тушган мурожаатлар адлия органларининг иш юритувига қабул қилиниши, бўйсуниш тартибида адлия органларининг қуйи бўлинмасига (ташкилотга) (кейинги ўринларда қуйи орган деб аталади) юборилиши ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органларига юборилиши мумкин.

Бунда вазирлик марказий аппаратига биринчи маротаба келиб тушган ва ҳал этилиши қуйи адлия органлари ваколатига кирадиган масалалар бўйича мурожаатлар мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ёки тегишли таркибий бўлинма бошлиқлари имзоси билан адлия органларига кўриб чиқиш учун юборилади ва бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Вазирлик марказий аппарати томонидан ўрганиш учун юборилган мурожаатлар қуйи адлия органлари томонидан топшириқ сифатида рўйхатга олинади ва ўрганиш натижалари бўйича хулоса (топшириқ хатида кўрсатилган бўлса тўпланган материаллар билан) вазирликка тақдим этилади.

Вазирлик марказий аппарати томонидан ижро учун юборилган мурожаатлар қуйи адлия органлари томонидан тўлиқ кўриб чиқилиб, мурожаат этувчига жавоб юборади ва мазкур тоифадаги мурожаатлар адлия органларининг статистик ҳисоботида вазирликдан келиб тушган ва кўриб чиқилган мурожаатлар сифатида акс эттирилади.

21. Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган адлия органларига келиб тушган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай адлия органларининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан ёҳуд таркибий бўлинма (вазирлик марказий аппарати учун) раҳбарлари томонидан ҳам имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатни кўриб чиқиши учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.

22. Қуйи адлия органлари томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган мурожаатлар унга келиб тушган кунидан бошлаб беш кун муддатдан кечиктирмай хат билан ёки адлия органларининг раҳбари, унинг ўринбосари ёки таркибий бўлинма (вазирлик марказий аппарати учун) томонидан имзоланган топшириқ билан бирга юборилиши, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар берилиши лозим.

23. Агар мурожаатда бир нечта таркибий бўлинмага тегишли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижро этувчилар этиб белгиланади. Ижро этувчилар орасида биринчи бўлиб кўрсатилган таркибий бўлинма бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда мурожаат кўриб чиқилишини таъминлайди.

24. Мурожаатни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурият юзага келган тақдирда мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ушбу адлия органларининг ваколатлари доирасида – белгиланган тартибда бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.

25. Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда мурожаатни кўриб чиқувчи адлия органлари мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқишни таъминлаши мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш адлия органлари раҳбарларининг топшириғи ёки унинг розилиги билан амалга оширилади.

26. Мурожаатни мурожаат қилган ёки бошқа шахснинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, улар адлия органларининг мансабдор шахслари томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат қилувчи келмаган тақдирда адлия органларининг мансабдор шахслари мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмаслиги тўғрисида жавоб юборади.

27. Агар мурожаатда ўртага қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун адлия органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади.

28. Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун адлия органлари томонидан тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.

29. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича адлия органлари томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.

Мурожаатни қониқтирмасдан қолдириш тўғрисидаги қарорни республика аҳамиятига молик адлия органларида – вазир, унинг ўринбосарлари; вилоят аҳамиятига молик адлия органларида – раҳбар, унинг ўринбосарлари; туман ва шаҳар аҳамиятига молик адлия органларида – раҳбар қабул қилади.

Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) бўлиши керак.

30. Мурожаатга жавоб хати адлия органлари раҳбарлари ёки уларнинг ўринбосарлари ёҳуд таркибий бўлинмаси (вазирлик марказий аппарати учун) раҳбари томонидан имзоланади.

Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.

31. Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки, уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.

32. Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланади.

Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш журналига ва ҳисобга олиш карточкасига белги қўяди.

Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар ижродан ёки назоратдан олинмайди.

Бунда, мурожаат тўлиқ кўриб чиқилиб, унинг натижасида таъсир чора (тақдимнома, судларга даъво ариза ва бошқалар) қўлланилган ҳолларда мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма билдиргига асосан адлия органлари раҳбарлари ёки уларнинг ўринбосарлари розилиги билан ушбу мурожаатни ички назоратга олади.

33. Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.

Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилган ва жавоб юборилгандан кейин келиб тушса, у ҳолда адлия органи мурожаат қилувчини бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.

34. Назоратга олинган мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган раҳбар ёки мансабдор шахс томонидан назоратдан ва ижродан олинади.

Бунда, Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятига оид назоратга олинган мурожаатлар директорнинг ёзма ахборотига асосан вазир томонидан ижро ва назоратдан олинади.

35. Юқори адлия органининг назоратида турган мурожаатлар бўйича мурожаатни кўриб чиққан адлия органлари мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида юқори адлия органига ёзма шаклда хабар беради.

36. Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш йўли билан қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат адлия органларининг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.

Мурожаатни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза адлия органлари томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

37. Кўриб чиқилган мурожаатларни ва улар билан боғлиқ материалларни сақлаш мурожаатни кўриб чиққан таркибий бўлинмада икки йил муддатгача сақланади ва бу муддат ўтгач идоравий архивга топширилади.

III. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари

38. Ариза ёки шикоят масалани мазмуни бўйича ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса адлия органлари раҳбарлари ёки уларнинг ўринбосарлари розилиги билан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли адлия органи раҳбари томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

39. Таклиф адлия органларига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

40. Айрим ҳолларда адлия органларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ёки таркибий бўлинма раҳбарлари мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришлари мумкин.

41. Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар адлия органларига келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, навбатдаги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.

IV. Мурожаатларни кўрмай қолдириш

42. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

43. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ёки мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма томонидан амалга оширилади.

Мурожаат аноним деб эътироф этилганда бу ҳақда мазкур Низомнинг 3-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ хулоса тузилади. Хулосада мурожаатни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса мурожаатлар билан ишловчи бўлинма раҳбари ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан тасдиқланади.

Адлия органларининг “ишонч телефонлари”га тушган мурожаатлар Қонунда ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда аноним деб эътироф этилиши мумкин.

Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади.

44. Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар келиб тушганда, мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ёки таркибий бўлинма уларнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини текширади.

Агар мурожаатда жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг раҳбари ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан тасдиқланадиган хулоса тузилади.

Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб ушбу мурожаат кўриб чиқилмайди, бу ҳақда мурожаат қилувчи ёзма равишда хабардор қилинади.

V. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни ташкил этиш

45. Адлия органларида ва уларнинг таркибий бўлинмаларида белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш адлия органларининг ваколатли шахси томонидан амалга оширилади.

46. Адлия органларида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари ушбу адлия органлари раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган жадвалга асосан қабул қилинади.

Адлия органларида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилади.

Қоида тариқасида, адлия органи раҳбари қабулига унинг ўринбосари қароридан норози бўлган, адлия органи раҳбари ўринбосари қабулига таркибий бўлинма раҳбари қароридан норози бўлган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинади.

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари адлия органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари қабулига кириш учун олдиндан ёзилиши керак.

47. Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот, шунингдек қабул қилиш тартиби адлия органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса - ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни, шунингдек ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

48. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма қабулга келган жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни, шунингдек жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этади.

Бунда, адлия органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари қабулида бўлган жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг ёзма ва оғзаки мурожаатлари мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма томонидан ҳар бири учун алоҳида юритиладиган жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш китобларига қайд этилади.

Адлия органлари ходимлари томонидан қабул қилинган жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг ёзма ва оғзаки мурожаатлари мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма томонидан юритиладиган жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш китобига қайд этилади.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш китобларига қайд этилган мурожаатларни рўйхатга олади ва адлия органлари раҳбариятининг резолюцияси (топшириқномаси) билан тегишли таркибий бўлинмаларга ижро қилиш учун берилади.

49. Адлия органларида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ёки тегишли таркибий бўлинма ходимлари иштирокида амалга оширилади.

50. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилувчи раҳбар ёки ваколатли шахснинг кўрсатмаси бўйича адлия органларининг бошқа ходимлари ҳам қабул қилиш жараёнига жалб этилиши мумкин.

51. Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш адлия органларининг ваколатига кирмаслиги аниқланган тақдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақда ёзма шаклда жавоб берилади.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкин.

52. Адлия органларининг раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин.

53. Сайёр шахсий қабуллар вақтида мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг раҳбари ва адлия органларининг бошқа масъул ходимлари иштирок этиши мумкин.

54. Сайёр шахсий қабуллар адлия органлари раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ ўтказилади.

Зарур ҳолларда жадвалда назарда тутилмаган сайёр шахсий қабуллар ўтказилиши мумкин.

55. Сайёр шахсий қабулларни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот ушбу Низомнинг 47-бандида белгиланган тартибда манфаатдор шахслар эътиборига етказилади, шунингдек маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

56. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллар вақтида берилган оғзаки мурожаатлари ушбу Низомнинг 16-бандига мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

VI. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва адлия органларининг мажбуриятлари

57. Мурожаат адлия органлари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқишда бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.

58. Адлия органларининг мурожаатни кўриб чиқувчи мансабдор шахслари ёки бошқа ваколатли шахслари:

жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши;

мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши, шунингдек агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриши;

мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг зудлик билан ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилиши шарт.

Мурожаат юзасидан қарор қабул қилган адлия органларининг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахслари, агар жисмоний ёки юридик шахс қарорга рози бўлмаса, унинг юзасидан шикоят бериш тартибини тушунтиришлари шарт.

VII. Мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш.
Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш

59. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва унинг мониторингини олиб боради, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби таркибий бўлинмалар томонидан бузилиши тўғрисида адлия органларининг раҳбариятига дарҳол хабардор қилади.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда адлия органлари раҳбариятига мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурият бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган адлия органи ходимларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.

60. Адлия органлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайдилар.

Таҳлил натижалари бўйича мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ёки таркибий бўлинма адлия органлари раҳбарларига адлия органларида мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.

VIII. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби бузилганлиги учун жавобгарлик

61. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

62. Қонун ва ушбу Низом талабларига риоя этишни таъминлаш учун жавобгарлик адлия органлари раҳбарларига ва уларнинг ўринбосарларига, мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинмалар ва тегишли таркибий бўлинмалар раҳбарларига юкланади. 

кўчириб олиш


Ахборотдан фойдаланувчиларнинг адлия органларининг  очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартиби тўғрисидаги Намунавий низомнинг (рўйхат рақами 2742, 2015 йил 22 декабрь) 3-бандига мувофиқ ахборотдан фойдаланувчиларнинг адлия органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.

2. Мазкур Низомда адлия органлари деганда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари тушунилади.

3. Мазкур Низом талаблари адлия органлари томонидан очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этиш учун таклиф этилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Адлия органлари очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиши лозим.

5. Адлия органларининг ҳайъат мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

6. Адлия органлари ахборотдан фойдаланувчиларнинг танишиб чиқишлари учун бинонинг ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарида ва (ёки) махсус ажратилган жойларида очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт ҳамда бошқа зарур ахборотлар ахборот стендлари ва (ёки) шундай мақсад учун мўлжалланган техник воситаларга мажлис ўтказилишидан камида уч кун олдин жойлаштиришлари шарт.

2-боб. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши

7. Ахборотдан фойдаланувчи адлия органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиш учун тегишли адлия органига сўров билан мурожаат қилади. Сўров “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.

Ахборотдан фойдаланувчининг идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўровлар аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

8. Сўров келиб тушган куни у тегишли адлия органи томонидан алоҳида махсус журналда рўйхатга олинади ва зудлик билан кўриб чиқилади. Мазкур журнал ҳайъат масъул котиби томонидан юритилади.

9. Сўровга асосан ҳайъат масъул котиби ахборотдан фойдаланувчини очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этувчилар рўйхатига киритади ҳамда бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчига маълум қилади. Очиқ ҳайъат мажлисининг ўтказилиш санаси, вақти ёки жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчига маълум қилинади.

10. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисига шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида киритилади.

11. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ ҳайъат мажлисига келмаган тақдирда, ҳайъат масъул котиби томонидан бу ҳақда махсус журналга ёзиб қўйилади.

12. Адлия органлари ўз имкониятларидан ҳамда ахборотдан фойдаланувчилар сонидан келиб чиқиб, очиқ ҳайъат мажлиси ўтказиладиган залда ахборотдан фойдаланувчилар учун жой тайёрлайди. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлиси ўтказиладиган залга махсус журналдаги қайд этиш кетма-кетлиги асосида жойлаштирилади.

Ахборотдан фойдаланувчилар сонининг кўплиги сабабли, уларни очиқ ҳайъат мажлиси ўтказилаётган залга жойлаштириш имкони бўлмаган тақдирда, улар очиқ ҳайъат мажлисининг боришини видео тасвир орқали монеликсиз кузатиб боришлари мумкин бўлган хонага жойлаштирилиши мумкин.

13. Адлия органлари томонидан ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисининг боришини видео тасвир орқали монеликсиз кузатиб боришлари мумкин бўлган алоҳида хона жиҳозлаб қўйилиши мумкин.

14. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлиси бошлангунга қадар белгиланган жойга етиб келиши, рўйхатдан ўтиши ва белгиланган жойга ўтириши лозим. Ахборотдан фойдаланувчилар раислик қилувчи томонидан мажлис бошланганлиги эълон қилингандан сўнг келган тақдирда, кечикиб келган ҳисобланади ва ҳайъат мажлисига қўйилмайди.

15. Ахборотдан фойдаланувчи тегишли адлия органи томонидан тасдиқланган очиқ ҳайъат мажлисининг регламентида белгиланган тартибда мажлисда ҳайъат аъзоларига саволлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

16. Ахборотдан фойдаланувчи томонидан ҳайъат мажлислари давомида ҳайъат мажлиси муҳокамасига тааллуқли бўлмаган ва ушбу мажлисда муҳокама қилинмаган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилган ёки саволлар билан мурожаат этилган тақдирда, унга мазкур масала бўйича ахборот олиш тартиби тушунтирилади.

17. Ахборотдан фойдаланувчи ҳайъат мажлиси ўтказилаётган вақтда тартибни бузмаслиги шарт. Ахборотдан фойдаланувчи мажлис ўтказилаётган вақтда тартибни бузган тақдирда, раислик қилувчи томонидан огоҳлантирилади.

Ахборотдан фойдаланувчи тартибни такроран бузган тақдирда, у раислик қилувчи томонидан мажлис ўтказилаётган залдан чиқариб юборилади. Мазкур ҳолат юзасидан ҳайъат масъул котиби далолатнома тузади ва далолатнома раислик қилувчи томонидан имзоланади.

18. Ахборотдан фойдаланувчиларга очиқ ҳайъат мажлисини фотосуратга, видео тасвирга олишга, овоз ёзиш воситаларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

19. Ҳайъат мажлиси баённомасида очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлган ахборотдан фойдаланувчиларнинг иштироки ҳақида тегишли маълумотлар кўрсатилиши лозим.

3-боб. Якуний қоида

20. Мазкур Низом талабларини бузган адлия органларининг масъул ходимлари белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар. 

(Адлия вазирининг 2016 йил 8-январдаги 3-ум-сонли буйруғига илова)

кўчириб олиш


Ахборотдан фойдаланувчиларнинг адлия органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш 

Р Е Г ЛАМЕНТИ 

(Адлия вазирининг 2014 йил 25-августдаги 187-ум-сонли буйруғига илова)