Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Нашрлар ва мақолалар

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Телефон: (+998 71) 233-13-05
Факс: (+998 71) 233-48-44
info@minjust.gov.uz
Ишонч телефонлари
(371) 1008, 233-47-68, 236-05-09

«Inson va Qonun» газетаси

Ўзбекистон ва БМТ: Мустаҳкам халқаро ҳамкорлик йўлида

Ислом КАРИМОВ:

Биз жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув хусусида гапирганимизда, энг аввало, БМТ фаолиятида иштирок этишимизни назарда тутамиз.

Фаол алоқалар самараси

Маълумки, жорий йилда Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганлигига 20 йил тўлади. 1992 йил 2 март мамлакатимизнинг мустақил демократик тараққиёт йилларидаги ўчмас тарихий санадир. Чунки, айнан шу кунда Ўзбекистон суверен демократик давлат сифатида халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида тан олинди. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган давр ичида мамлакатимиз ушбу ташкилот фаолиятида фаол иштирок этиб, жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий-сиёсий барқарорликка эришиш йўлида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Айниқса, 2000 йил 6-8 сентябрда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг махсус мажлисида қабул қилинган Минг йиллик ривожланиш декларациясида кўзда тутилган глобал мақсадларга муштарак ҳолда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида аҳамиятга эга.

Шу ўринда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлик алоқаларининг айрим жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтсак.

Бундан 66 йил аввал ташкил этилган ва айни пайтда дунёнинг 190 дан ортиқ давлатларини ўзида бирлаштирган, таъбир жоиз бўлса, универсал ташкилот фаолиятидан кўзланган асосий мақсад жаҳонда тинчлик ва хавф­сизликни таъминлаш, иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий соҳада давлатлараро халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бу борадаги глобал муаммоларни бартараф этиш, энг муҳими, жаҳоннинг қайси минтақаси ёки ҳудудида бўлмасин, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари поймол этилишининг олдини олиш, фуқароларнинг турмуш тарзини ҳар томонлама яхшилашдан иборатдир.

Бугунги кунда БМТ тизимида 6 та асосий, 17 та ихтисослашган ва 7 та конвенциявий органлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос йўналишда, аниқ мақсад йўлида аъзо давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда. Масалан, БМТнинг асосий органи — Бош Ассамблея ташкилот иши билан боғлиқ ташкилий масалаларни кўриб чиқса, ихтисослашган ташкилот сифатида Халқаро Меҳнат Ташкилоти халқаро меҳнат қонунчилигини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва бу соҳада давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланади. Конвенциявий ёки назорат органи сифатида инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита эса инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган нормаларнинг давлатлар томонидан бажарилишини кузатиб боради.

Ҳозирги кунда БМТ Ўзбекистонда ўндан ортиқ йўналишда фаолият олиб бормоқда. Ўтган йиллар ичида мазкур халқаро ташкилотнинг бевосита ташаббуси ва иштирокида бир қанча халқаро дастурлар ишлаб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасидаги БМТ ваколатхонаси таркибида БМТнинг тараққиёт дастури, Болалар жамғармаси, Саноат тараққиёти дастури, Наркотикларни назорат қилиш бўйича дастур, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Аҳоли жойлашиши жамғармаси сингари ихтисослашган муассасалар дастурлари фаолият кўрсатмоқда.

Маълумки, БМТ фаолиятининг асосий мақсадларидан бири жаҳонда инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга эришишдир. Шунга кўра, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг асосий йўналишларидан бири ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.

Кези келганда шуни айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартнома иштирокчиси ҳисобланади. БМТнинг 6 та асосий шартномаси, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт, “Ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси шулар сирасига киради. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз томонидан БМТнинг шартномавий қўмиталарига мазкур халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши бўйича 30 га яқин Миллий маъруза тақдим этилди ва ижобий баҳоланди.

Гап Ўзбекистон ва БМТнинг ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ҳақида бораркан, бу борада давлатимиз раҳбари И.Каримов томонидан халқаро муаммоларни ҳал этиш, айниқса, дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида илгари сурилган қатор ташаббусларни алоҳида қайд этиш зарур. Жумладан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг муқобил йўлларини белгилаш бўйича 1993, 1995, 1999 йилларда БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида ва ЕХҲТ саммитида афғон можаросини фақат тинч йўл билан ҳал этиш ғояси илгари сурилган эди. 1997 йил эса Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан БМТ котибиятида “6+2” гуруҳи ташкил этилди. 1999 йил 19-20 июлда мазкур мулоқот гуруҳининг Тошкент анжуманида “Афғонистондаги можарони тинч йўл билан бартараф этиш тамойиллари тўғрисида”ги Тошкент декларацияси қабул қилинди, 2008 йил 3 апрелда давлатимиз раҳбари Бухарестдаги НАТО/СЕАП саммитида Афғонистон можаросини ҳал этиш юзасидан халқаро жамоатчилик эътиборига аниқ амалий таклифлар киритди. 2009 йил БМТ шафелигида “6+3” гуруҳини тузиш ғояси ўртага ташланиб, ички низоларни ўзаро муроса асосида ҳал қилиш, уларга иқтисодий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий инфратузилма ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш, мамлакатдаги танг­ликни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш, шу билан бирга Афғонистон халқининг кўп асрлик анъаналари, урф-одатлари, ислом дини қадриятларини сўзсиз ҳурмат қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, 2006 йил 8 сентябрда Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳрида Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган Афғонистон ва Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш бўйича шартнома имзолангани минтақавий хавфсизликни таъминлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг ёрқин амалий ифодаси сифатида 2009 йил март ойида “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд ҳақида”ги шартноманинг кучга киргани оламшумул тарихий аҳамият касб этди.

Пировардида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи янада ортди.


Муаллиф: Ҳусан ТУРСУНОВ, Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси масъул ходими