Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Мустақилликка 25 йил

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Мустақилликка 25 йил

Тарихий бурилиш палласидаги жасорат

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари адоғи — тўқсонинчи йилларининг бошларида дунёда, мамлакатимизда, ён-атрофларимизда, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизга кечган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар, янгича ва эскича қарашлар тўқнашуви, мустабид тузумнинг парчаланиши, қизил мафкура тамойилларининг таназзули мағзи пуч ҳар қандай ғоянинг умри қисқа эканлигини яна бир бор намоён этди. Халқимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган, миллий ривожланиш ва тараққиёт йўлини аниқ-равшан белгилаб олган бўлса-да, бир лаҳза бўлсин хотиржамликка берилиш, бирор бир соҳани эътиборсиз қолдириш мумкин эмасди. Катта авлод онг-шуурига мустаҳкам сингган бу ҳақиқатдан бугунги ва келажак авлодлар нечоғли яхши хабардор бўлсалар айни муддао бўлур эди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китобини мутолаа қилган киши кўз ўнгида мустақил мамлакатимиз истиқлолининг мураккаб ва жонли тарихи, бу улуғ неъматга эришиш йўлида олиб борилган қатъиятли курашлар, давлатимиз раҳбарининг жасоратли, узоқни кўзловчи серқирра фаолияти, собиқ тузум шароитидаёқ юртимизда мустақиллик ғоясининг шаклланиши, бу қадим орзунинг амалга ошиши қандай кечгани бугуннинг ўзида миллат тарихига бевосита даҳлдор бўлиб қолган ноёб ҳужжатлар, аниқ ва таъсирчан фактлар, ҳаяжонли нутқ ва маърузалар мисолида ёрқин намоён бўлади.

Вақт аёвсиз равишда ўтиб бормоқда. Истиқлолимизнинг дастлабки йилларида туғилган йигит-қизлар бугун янги жамиятимизнинг баркамол авлоди, умид ва ишончи бўлиб вояга етишди. Айни пайтда, миллат, Ватан тақдирини бутунлай ўзгартириб юборган, юртимизда тарихий адолатнинг тикланиши ва ўзликка қайтиш жараёнини бошлаб берган Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда ҳукм сурган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий вазиятдан, айниқса, иқтисодий тақчилликдан, собиқ тузумнинг сўнгги найрангларидан яхши хабардор, шу йиллари республика раҳбарлигига келган мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримовнинг дастлабки дадил ва ишончли иш услуби, сиёсий ва маънавий жасоратларини ўз кўзи билан кўрган, янги раҳбар бошлаган буюк ислоҳотларга қаршилик кўрсатган кимсаларнинг турли ғаламисликларига бевосита гувоҳ бўлган кишиларнинг сафи тобора сийраклашиб бормоқда. Марҳум Президентимизнинг 1992 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг тўққизинчи сессиясида чуқур изтироб билан: “Азиз дўстлар! Нима керак бўлса, айтинг, ҳаммасини қилиб берамиз. Лекин, азиз оналар, опа-сингиллар, отахонлар, дўстлар, укажонлар, мен Президент бўлсам ҳам, сиздан тиз чўкиб сўрайман, илтимос қиламан: шу масалада ёрдам қилинг! Ахир, Қуръони карим ҳам дўстликка, биродарликка чақиради, низо чиқаришни қоралайди. Жанжал чиққан юртнинг худоси ҳам ундан юз ўгирар экан. Шу сабаб барака ҳам, ризқ-рўз ҳам насия бўлиб қоларкан. Бу йўлда — тинчлик, тотувлик йўлида бизни Олоҳ таолонинг ўзи қўлласин, мададкор бўлсин”, дея халққа қилган самимий мурожаатини ўз қулоғи билан эшитган, вазиятнинг нақадар мураккаблигини ҳис этган кишиларнинг хотиралари бугун ёш авлод учун нақадар муҳим эканини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Шундай экан, ушбу асар яқин ўтмишимизнинг ишончли, ноёб ва таъсирчан манбаси сифатида бугунги авлодни, уларнинг орқасидан келаётган навқирон ўғил-қизларимизни, озод ва обод диёримиз шаън-шавкатини янада оширишга, миллат руҳини кўтаришга қодир фарзандларимизни она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда тенгсиз аҳамиятга эга десак муболаға бўлмайди.

Тарих китобларидан маълумки, узоқ ва оғир курашлар ҳисобига кўплаб ҳалқлар босқинчилар зулмидан озод бўлиб, мустақилликка эришганлар, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бу муваффақиятни сақлаб қололмаганлар. Мазкур асарда мамлакатимиз истиқлолининг дастлабки қадамлари нақадар оғир кечгани, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари адоғида Фарғона, Гулистон, Бўка, Ўш, Наманганда юз берган нохуш воқеалар, собиқ иттифоқпараст кучлар томонидан амалга оширилган “ГКЧП” деб номланган сиёсий фитна пайтида Ўзбекистонда ақл-идрок билан иш тутилгани, ҳар бир қарор халқимизнинг миллий манфаатларига мос равишда қабул қилингани ўз ифодасини топган. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 1991 йил 31 август куни бўлиб ўтган олтинчи сессияси минбаридан туриб айтган қуйидаги сўзларини ўқишнинг ўзи киши вужудини ҳаяжонга солади: “Мамлакат катта фалокат ёқасига, жар ёқасига келиб қолганини кўриб турибмиз. Халқ ўзининг эртанги кунига ишончини кундан-кунга йўқотяпти. Одамлар ўзларининг, оиласининг, бола-чақасининг тинчлигига кафолат истайди. Тўкис, хотиржам ҳаёт талаб қиляпти. Бу истаклар, бу талаблар сафсатабозлик ва ваъдабозлик остида кўмилиб кетяпти. Бизнинг халқимиз сабр-бардош, яхшилик, осойишталик, бошқа ҳалқларга нисбатан хайрихоҳлик руҳида тарбияланган. Бу халқ бугун биздан ҳимоя талаб қиляпти, тинч-тотув ҳаёт, оғир меҳнатига яраша турмуш шароитларини талаб қиляпти. Бу — ҳаққоний талабдир. Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қачон, қандай иттифоқ бўлмасин, ким билан иттифоқ бўлмасин, қандай шароит бўлмасин, иккинчи даражали ролга рози бўлмайди, бунга йўл ҳам қўймайди”.

Бу қатъиятли сўзлар қандай шароитда айтилганини тасаввур қилиб кўрайлик. Собиқ иттифоқ ҳар жиҳатдан таназзулга юз тутиб, ўз умрини узайтиришга, миллий республикаларни таъсир доирасида сақлаб қолиш учун барча чораларни кўраётган, бунинг учун эса янги иттифоқ шартномаси, янгиланган иттифоқ деган сафсаталарни зўр бериб тиқиштираётган, сиёсий, иқтисодий ва бошқа тазйиқлар ўтказилаётган бир пайтда Ўзбекистон раҳбари бу уринишларнинг беҳудалигини ошкора эътироф этди. “Ўзбекистон иккинчи даражали ролга асло рози бўлмайди” дейишнинг ўзи катта жасорат эди. Президент Ислом Каримов бу фикрни собиқ иттифоқ раҳбарлари олдида ҳам қатъият билан айта олгани ўқувчида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганида собиқ иттифоқ марказидан туриб, иттифоқдош республикаларнинг мустақиллиги хусусида калондимоғлик билан билдирилаётган беписанд баёнотлар, “миллий республикалар Москвасиз ҳеч қаёққа бора олмайди, эрта-индин ҳузуримизга яна бош эгиб келишади”, деган хомтама башоратлар бошқаларни қўя турайлик, дунёқараши аввалги мафкура таъсирида шаклланган айрим маҳаллий раҳбарларни ҳам ҳар эҳтимолга қарши оёқни узангидан олмай туришга чақирарди. Бундай пайтда ички иккиланиш жуда ёмон оқибатларга олиб келиши, халқнинг руҳига салбий таъсир кўрсатиши аввалдан маълум. Тўқсонинчи йиллар бошида озиқ-овқат таъминотидаги узилишлар, мафкуравий бўшлиқ ва бунинг оқибатида юзага келган нохушликлар ана шундай иккиланувчиларга маълум вақт қўл келиб турди.

Мана шундай мураккаб шароитда Президентимиз раҳбарлиги остида мамлакатимизда миллий тараққиётнинг халқимизга хос ва мос янги “ўзбек модели”ни ишлаб чиқишга киришилди. Ислом Каримов собиқ тузумдан қолган пароканда иқтисоднинг ташвишли ҳолатини, Ўзбекистонда юзага келган мураккаб ижтимоий вазиятни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилар экан, “Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди, бошқаларнинг миннатли ёрдамига эмас, фақат ўзимизга, ўз кучимизга, халқимизнинг салоҳияти ва иродасига таяниб иш кўрамиз, ҳеч ким четдан келиб бизнинг муаммоларимизни ҳал қилиб бермайди” дея яқин келажак учун мўлжалланган ижтимоий-сиёсий вазифани аниқ белгилаб берди. “Ўзича мустақиллик эълон қилган Ўзбекистон дунё ҳамжамиятидан узилиб қолади, ўрта асрлар қонун-қоидаларига қайтади”, дея тинимсиз башорат қилаётган кимсаларга ва бутун дунёга қарата: “Мустақил Ўзбекистон давлатининг сиёсати бундан буён инсонийлик ва эзгулик тамойилларига, умуминсоний қадриятларга асосланади”, дея эълон қилди. Ҳал қилиниши ўта муҳим бўлган бирламчи вазифалар деб қуйидагилар белгиланди:

— қийин ва мураккаб аҳволдан чиқиш учун республикада юзага келган реал аҳволга объектив баҳо бериш, вазиятни соғломлаштиришнинг аниқ-пухта программасини ишлаб чиқиш;

— қишлоқни социал жиҳатдан қайта қуриш, янги ишчи ўринлари яратиш, қишлоқ аҳолисини, айниқса, ризқ-рўзимизни яатаётган деҳқонларни қўллаб-қувватлаш;

— барча соҳаларда қатъий тартиб-интизом ўрнатиш, раҳбар кадрларни тўғри танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларга нисбатан талабчанликни ошириш;

— ҳар бир киши ўзига топширилган ишни виждонан ва ҳалол бажаришига, ташаббус кўрсатиб ишлашига эришиш.

Ёш давлатимиз олдига қўйилаётган бу вазифалар хусусида давлатимиз раҳбари қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Бизда шундай бўлмоқдаки, биз ҳамма нарса учун жавоб берамиз, айни пайтда эса ҳеч ким ҳеч нарса учун конкрет жавобгар бўлмайди. Бу, эҳтимол, ҳозирги кунда биздаги асосий иллатдир. Бундай ёндашув туфайли ишларимиз ёмон бораётганлигидан ажабланмаса ҳам бўлади. Бу борада, назаримда, ғоят муҳим жиҳатни қайд этиш лозим: ўзини аямасдан, бор кучини сарфлаб ишлаётганлар ҳам, нари-бери ишлаётганлар ҳам бир хил баҳоланмоқда. Энг аввало, ташаббускор, мустақил фикрлайдиган раҳбарни кўра билиш, унинг самарали ишлаши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш муҳимдир”.

Бу, айтиш мумкинки, жуда оғир вазифа эди. Давлатимиз раҳбари сўзлари билан айтганда, Ўзбекистон танлаган йўл “гул билан қопланган йўл эмас, бу тоталитаризм меросидан халос бўлиш ва покланиш, мафкуравийлик иллати етказган зиён-заҳматларни бартараф этишнинг қийин, узоқ давом этадиган йўли” эди.

Ҳали собиқ тузум ўз таъсир кучини сақлаб турган бир пайтда ёш давлат олдига бундай вазифаларни қўйиш, мустақиллик арафасида эса иттифоқ ҳукумати олдига: “Бизнинг асосий талабимиз мулкчилик тўғрисида. Ўзини мустақил давлат деб эълон қилган халқ ўз ҳудудида бўлган барча ер ости-ю, ер усти бойликларига, ишлаб чиқарувчи кучларга ҳеч сўзсиз фақат ўзи эгалик қилмоғи керак”, деган қатъий талабни қўйиши, жумладан хорижий мамлакатлар билан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий алоқалар боғлашда мустақил сиёсат олиб бориш лозимлигини уқдириш осон бўлмаган, албатта. Бунинг учун биринчи раҳбардан кучли ирода, қатъият ва жасорат талаб этилар эди. Давлатимиз раҳбарида айни шу жиҳатларнинг жамулжамлиги халқимизнинг бахти бўлди десак, янглишмаган бўламиз.

Истиқлолимизнинг дастлабки йилларидаёқ ҳаётнинг ўзи Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон танлаган мустақиллик йўлининг тўғрилигини исботлади. Мамлакатимиз қисқа муддат ичида жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли, айни чоғда фаол аъзосига айланди. Мамлакатда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган тамойиллари дунё эътиборига тушди, нуфузли ташкилотлар ҳамда мутахассисларнинг юксак баҳосига сазовор бўлди. Биз мустақилликни сақлаб қолиш билан бирга, унинг иқтисодий, сиёсий ҳамда маънавий асосларини мустаҳкамладик, янги баркамол авлод тарбиясини йўлга қўйдик. Тадбиркорлик, ишбилармонлик бутун мамлакатда кенг қулоч ёзди. Жамиятда янги мулкдорлар синфи шаклланди. Одамларга ўз меҳнатлари самараларидан баҳраманд бўлиш имконияти берилди. Уларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти ошди. Ёшларда жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, яъни ижтимоий фаоллик, мамлакат, миллат тақдири учун кураш туйғуси, ватанпарварлик ҳисси кучайди. Президентимиз ўртага ташлаган “Шу азиз Ватан барчамизники”, “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”, “Инсон жамиятга, жамият инсонга ҳамнафас”, “Борини асраб, йўғини яратиш йўлидан борайлик”, “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун” каби шиорлар янги жамиятнинг маънавий мақсадига айланди.

Биз узоқ йиллар давомида ўз тарихимизни холис ва ҳаққоний ўргана олмадик, улуғ аждодларимиз қолдирган илмий, маънавий меросдан бебаҳра яшадик. Собиқ тузум мафкураси бунга йўл бермади. Бу мафкура бизни Амир Темурдек буюк саркарда ва давлат арбобидан, темурийзодалар маърифатидан, имом ал-Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Қаффол аш-Шоший, Бурҳониддин Марғиноний, Нажмиддин Кубро, Шайх Ҳованд Таҳур каби алломалардан узоқлаштирди. Бундай улуғ ва мўътабар зотларнинг мероси хорижий давлатларда мозийшунос олимлар томонидан қунт билан ўрганилаётган, илмий анжуманлар ўтказилаётган, асарлар ёзилаётган бир пайтда бизда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган кишиларнинг онгига коммунист доҳийларнинг коммунизм ҳақидаги чўпчаклари мажбуран сингдирилди. Халқимизнинг неча асрлик миллий қадриятлари оёқости қилинди, тилимиз ва динимиз таҳқирланди. Президентимиз раҳбарлиги остида яратилган, шу юртда яшаётган барча одамларнинг олижаноб ниятларини, ҳаётий манфаатларини ўзида мужассам этган, маъно-моҳиятига кўра юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги деган юксак тушунчаларни ифодалайдиган миллий истиқлол ғояси бундай ғайриахлоқий зўравонликка барҳам берди. “Эндиликда олдимизда турган энг муҳим вазифа, — деб таъкидлаган эди Ислом Каримов,— ана шу юксак тушунчалар билан бирга миллий ғоямизнинг узвий таркибий қисмларини ташкил қиладиган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларининг марказига қўйиш, уларни янги босқичга кўтариш, ёш авлодимизни ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган етук дунёқараш эгалари қилиб тарбиялашдан иборат”.

Китобни ўқир экансиз, Президент Ислом Каримовнинг яна бир жасоратларига гувоҳ бўласиз. Мустақиллик арафасида, унинг дастлабки йилларида қўпорувчи кучлар мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларида жиноий ҳатти-ҳаракатлар содир этиб, тинч-тотув ҳаётни издан чиқариш, турли миллат вакиллари орасини бузишга ҳаракат қилиб кўрдилар. Давлатимиз раҳбари хавфли олов аланга ола бошлаган жойларга шу заҳотиёқ етиб бориб, фитначилар билан ҳам, уларнинг қутқусига учган оломон билан ҳам бевосита учрашиб, юзма-юз туриб гаплашганини катта авлод вакиллари яхши билишади. Маълум бўладики, Президентимизнинг халқимизнинг иродасига ҳамиша таяниб иш кўриши, ҳар қандай вазиятда ҳам тўғри ва оқилона қарор қабул қила олиш салоҳияти юртимизни, халқимизни турли хавф-хатарлардан, бало-қазолардан сақлаган, оғир синовлар, йўқотишлар ҳисобига қўлга киритилган ҳурриятимизни сақлаб қолишга асос бўлган. Бу — инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Орадан неча-неча ўн йилликлар ўтади, аммо 1989 – 1991 йиллари содир бўлган воқеалар тафсилотлари, мамлакат янги раҳбари томонидан қабул қилинган қарорлар, Ватан, миллат тақдири билан бевосита боғлиқ муҳим ҳужжатлар бу таҳликали кунлар қандай кечганлигини, оғир синов пайтлари ким ўзини қандай тутганини келгуси авлодларга эслатиб туради.

Давлат тепасига келган ҳар бир раҳбар маълум ислоҳотларни амалга оширишга, ички ва ташқи сиёсатда янгича йўл қидиришга ҳаракат қилади, албатта. Аммо, тарихдан яхши биламизки, халқнинг, миллатнинг руҳига, орзу-интилишларига, мақсад-муддаосига мос, иқтисодий, маънавий асослари мустаҳкам ислоҳотларгина амалга ошади, халқ турмуш тарзига таъсир кўрсатади. Қуруқ, баландпарвоз, таг-замини пуч ваъдалардан иборат ислоҳотлар эса қоғознинг ўзида қолиб кетади. Президент Ислом Каримов “Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз, бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деган улуғ мақсадни кун тартибига қўйди. Бу — халқнинг тили ва дилидаги гап эди, пишиб етилган мақсад эди. Президент яна ”Жамиятни янгилаш учун курашаётган соғлом кучларни бирлаштириш зарур”, деган хулосага келди ва бу вазифани ёш давлат олдида турган, кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифа мақомида белгилади. Республика қишлоқ хўжалиги бирёқлама, номақбул тарзда ихтисослаштирилгани, меҳнатга ҳақ тўлашда адолатсизлик қилинаётгани, мамлакат асосан марказга қимматбаҳо хомашё етказиб берувчи базага айланиб қолганини собиқ иттифоқ марказидаги йиғинларда, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган учрашувларда баралла айта олди. Республикада юзага келган вазиятни соғломлаштиришнинг конкрет ва аниқ-пухта дастурини ишлаб чиқиш, барча соҳада қатъий тартиб-интизом ўрнатиш, раҳбар кадрларни тўғри танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларга нисбатан талабчанликни ошириш мураккаб вазиятдан чиқишнинг ягона тўғри йўли эканлигини такрор-такрор уқтирди.

Бугун мамлакатимизда ёш авлод тарбиясига жиддий эътибор берилаётгани, ҳукуматимиз томонидан улар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани дунёнинг ҳавасини келтирмоқда десак, янглишмаган бўламиз. Ёшларнинг дунёқараши, ахлоқ-одоби мамлакат, миллат тақдири учун нечоғли муҳимлиги хусусида Президент Ислом Каримов истиқлолга эришишдан аввал ўз фикрларини билдирган эдилар: “Ёшларимизни бегоналарнинг қўлига ўз ихтиёримиз билан топширмаслигимиз керак. Ёшлар учун, улар чин инсон, ўз диёрининг, ўз мамлакатининг чинакам ватанпарварлари бўлиб ўсишлари учун фаол курашмоғимиз лозим”. Бу курашнинг нақадар муҳимлиги бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Чунки ёшлар онги ва қалбини эгаллаш учун кураш ҳамон давом этмоқда.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, миллий ўзликни англаш жараёни осонликча кечгани йўқ. Бу жараён эски тузум тамомила вайрон бўлган, янги ёш жамият эса энди-энди оёққа тураётган, унинг ижтимоий муносабатлари аста-секин қарор топаётган бир пайтга тўғри келди. Шароит ўта мураккаб эди, баъзи йўналишларда воқеалар ривожини олдиндан айта олишга кўпларнинг журъати етмасди. Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра оладиган оқил сиёсати туфайли биз бу мураккаб босқичлардан муваффақиятли ўтдик. Ўтган йиллар давомида жамият ҳаёти, миллий иқтисодиёт, бошқарув ва ҳуқуқ-тартибот тизими, маданий-маърифий, таълим-тарбия соҳалари бутунлай янгиланди, келажаги буюк давлатимиз тараққий топган дунё давлатлари билан бўйлаша бошлади, бундан-да муҳим ўзгаришлар дунёқарашимизда, турмуш тарзимизда юз берди. Мамлакат, шаҳар ва қишлоқлар мустақиллик, ҳурлик либосига буркалди, ўғил-қизларимизнинг жаҳон майдонларида эришаётган оламшумул ғалабалари оламни ҳайратга солиб турибди. Она-диёримиз улкан қурилиш, бунёдкорлик майдонига айланди. Диёримизга ташриф буюраётган сайёхлар, давлат рахбарлари, олимлар, экспертлар Ўзбекистон деган бағрикенг юртни, жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларга бешик бўлган мафтункор гўшани кўриш учунгина эмас, айни чоғда, унинг тажрибаларини ўрганиш, ундан ибрат олиш, завқланиш учун ҳам келмоқдалар. Токи шундай экан, эришилган ютуқлар билан мағрурланиб қолмай, биздан келажак авлодларга қоладиган Озод ва Обод Ватанимизнинг илмий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий салоҳиятини янада ошириш йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилишимиз, шу билан бирга, мустақиллик йилларида туғилган ва вояга етган азиз фарзандларимизга бу фарахли кунларга қандай эришганимизни, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз лозимлигини ҳамиша эслатиб туришимиз зарур бўлади.


Муаллиф: Худоёр Маматов, Юридик фанлари доктори, доцент.