Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Мустақилликка 25 йил

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Мустақилликка 25 йил

Ижтимоий фаоллик — маънавий бурч

Ҳуррият. Бу улуғ инъом шароитида кечаётган умримизнинг ҳар куни мазмун-моҳиятига кўра янги миллий тарихимизнинг зарҳал саҳифалари бўлиб қолмоқда десак, муболаға бўлмайди. Йиллар, ойлар ўтиб бормоқда, мамлакатимизда янгича дунёқарашга, мустаҳкам имон-эътиқодга, замонавий билимларга эга навқирон авлод камол топди. Бугун йигирма беш ёшга кирган йигит-қизлар эркин ва ҳур жамиятда, қайта тикланган миллий давлатчилик шароитида яшамоқда. Ҳаётимизнинг маъно-мазмуни, халқимизнинг дунёқараши ва турмуш тарзи тубдан янгиланди. Жамият аъзоларининг сиёсий онги ва маданияти, ижтимоий фаоллиги ошди, миллий тараққиётга даҳлдорлик туйғуси юзага келди. Мустабид тузум мафкураси асоратлари, ғайриинсоний таъқиқларидан халос бўлдик, дунёнинг барқарор ривожланаётган, ижтимоий бўҳронларни енгиб ўтаётган давлатларидан бирига айландик. Шу боисдан ҳам бу улуғ неъмат, Ютбошимиз таъкидлаганидек, “топталган қадриятларимизни, дину диёнатимизни, ор-номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, халқимизнинг орзу-интилишларига, миллий манфаатларига жавоб берадиган келажагимизни қуриш йўлини очиб бергани билан тарихимизда абадий сақланиб қолади”.

Тарихий тажриба шундан далолат берадки, миллий озодликка узоқ давом этадиган мислсиз курашлар, оғир йўқотишлар натижасида эришилади. Унинг ижтимоий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, эл-юртда тинчлик-тотувликни сақлаб туриш, ўтиш даврининг мураккабликларига дош бериш фавқулодда қийин кечади. Шу боисдан ҳам дастлабки кунлардан бошлабоқ бу улуғ ва азиз неъматни асраб-авайлаш, жамиятнинг янги бошқарув тизимини шакллантириш, демократик институтлари фаолиятини йўлга қўйиш ёш мамлакатимиз олдида турган муҳим вазифалардан бирига айланди. Янги шароит талаблари асосида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар бошлаб юборилди, “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун”, “Шу азиз Ватан — барчамизники” деган мантиқан ғоят кучли шиорлар ўртага ташланди. Халқимизнинг сабр-бардоши, ақл-идроки, салоҳияти, асрлар давомида шаклланган ҳаётий тажрибаси боис ўтган чорак аср мобайнида ғоят мураккаб синовдан ўтдик, умримизнинг ҳар куни, ҳар дақиқаси биз қураётган эркин демократик жамиятнинг пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилди. Бу йиллар Президент Ислом Каримов раҳбарлиги остида Ўзбекистон танлаган миллий тараққиёт йўли нақадар тўғри ва ҳаётийлигини исботлаб берди. Собиқ тузум шароитидаги сунъий жадаллаштириш ва сакрашларга йўл қўймадик, аммо миллий тикланиш шижоатини асло сусайтирмадик, бу борада бошқалардан нусха кўчирмадик, қарз кўтармадик, ички имкониятларимизга, меҳнаткаш халқимизга суяндик. Миллий истиқлол мафкурасининг бош ғоясида озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш ўз ифодасини топди. Бу ғоя халқимизнинг азалий орзу-умидлари, эзгу интилишлари ҳамда бугунги бунёдкорлик фаолиятининг маъно-мазмунини белгилайди, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун муқаддас бўлган юксак гуманистик қадриятларни ўзида мужассам этади. Бу мафкура қонун устиворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурфикрлилик, турли миллат вакилларига ҳурмат, диний бағрикенглик, дунё мамлакатларининг илғор тажрибаларини ўрганиш каби умумбашарий қадриятларга асосланади, “ҳар бир фуқаронинг фаровонлиги бутун жамиятнинг фаровонлигидир” деган ғояни илгари суради.

Мустақилликка эришиш арафасида ва истиқлолимизнинг дастлабки кезларида мамлакатда юзага келган ижтимоий-сиёсий ҳамда маънавий муҳит кекса ёшли ватандошларимизнинг ёдида, албатта. Таъминотдаги узилишлар, собиқ марказдан келаётган таҳдидлар, ўз умрини яшаб бўлган сохта тузум тарафдорларининг турли фитна-найрангларига бардош бериб, аҳволни қисқа вақт ичида ўнглаш, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, тинчлик-тотувликни сақлаб қолиш, одамларнинг истиқлолимизга бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун ягона тўғри ечимларни топиш, бунинг учун ҳеч иккиланмай ҳаракат қилиш, ҳеч бир йўналишда янглишишга йўл қўймаслик зарур эди. Не бахтки, биз тарихий бурилиш палласидаги бу ҳаёт-мамот имтиҳонидан Юртбошимиз раҳбарлигида омон-эсон ўтдик. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбек ҳалқи ўзи танлаган йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, ҳеч кимга қарам бўлмайди”, деган сўзлари истиқлолнинг залворли қадамларига ишонч ва қатъият бахш этди. Истиқлолни асраш умумхалқ ҳаракатига, умуммиллий мақсадга айланди. Эндиликда ортда қолган чорак асрлик шонли йўлимизга назар ташлар эканмиз, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошларида ёш мустақил мамлакат олдида қандай оғир вазифа тургани ёдимизга тушади. Бу вазифа одамларга собиқ тузум ва унинг ғайриинсоний мафкураси, ғайриахлоқий қадриятлари муқаррар равишда таназзулга юз тутганини, халқимиз ўзи танлаган эрк йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, бинобарин, огоҳ ва ҳушёр бўлиш, “бундан буён эскича яшаб бўлмаслигини, бунга ҳаётнинг ўзи йўл қўймаслиги” зарурлигини тушунтириш, ёшлар орасида янги жамиятнинг янги ғояларини тарғиб қилиш, халқнинг қадр-қимматини кўтариш, ор-номусини жой-жойига қўйиш, яқин ва олис тарихимизни собиқ тузум мафкураси ёлғонларидан тозалашдан иборат эди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида миллий тараққиётнинг халқимизнинг турмуш тарзи ва менталитетига айнан мос модели, миллий истиқлол мафкурасининг асосий тамойиллари ишлаб чиқилди. Ўтган йиллар давомида ўзини ҳар жиҳатдан тўла оқлаган, дунё миқёсида эътироф этилган бу модел мамлакатда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг янги халқчил принципларига асосланган эди. Давлатимиз раҳбарининг “Биз борини асраш ва йўғини яратиш йўлидан борамиз” деган шиори, сохта обрў қозониш учун енгил-елпи қарорлар қабул қилмаслик, ҳар бир ишни узоқни ўйлаб амалга ошириш зарурлиги тўғрисидаги кўрсатмалари айни муддао бўлди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг ҳар бири ўзига хос тарихга, маъно-мазмунга эга десак муболаға бўлмайди. Қисқа вақт ичида жамиятнинг янги демократик бошқарув тизими шаклланди, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд-ҳуқуқ тармоқларининг ўзаро муносабатлари аниқ-равшан белгилаб олинди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда кўппартиявийликнинг юзага келиши, сиёсий партиялар фаолиятининг йўлга қўйилиши, улар орасида соғлом рақобатнинг юзага келиши ҳам муҳим аҳамият касб этди. Истиқлолимизнинг дастлабки қадамларида бизнинг халқимиз учун муносиб ҳаёт тарзи яратиш, ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш, келгуси авлодларга озод ва обод Ватан, эркин фуқаролик жамияти қолдиришдек эзгу ниятларимизга беписандлик билан қараганлар бугун мустақил Ватанимизнинг қатъий ва шахтам қадамларини кўриб ҳавас қилмоқдалар, йигирма беш ёшли Ўзбекистондан ибрат олмоқдалар.

Йигирма беш йилда эришган муваффақиятларимизнинг бош омиллари ҳақида сўз кетганда, Ватан туйғуси, Ватан фахри, Ватан ҳимояси деган фикр ҳаёлимизга келади. Бу туйғу ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида қалбимизга ёруғ нур мисол кириб келди, фахр-ифтихоримизга айланди, беқиёс ғурур бўлиб, онг-шууримиздан жой олди. Улуғ аждодларимизнинг “Ватанни севмоқ иймондандир”, “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир”, деган буюк ҳикматлари давлатимиз раҳбарининг “Шу азиз Ватан — барчамизники”, “Биздан Озод ва Обод Ватан қолсин” деган сўзлари билан уйғунлашиб кетди. Ватанпарварлик, Ватанга муносиб фарзанд бўлиш, уни улуғлаш, шарафлаш, ҳимоя қилиш, бойликларини асраб-авайлаш, кўпайтириш ва келгуси авлодларга етказиш ҳақида ўйлай бошладик. Бу ўй-фикр фикру зикримизни эгаллади, ҳаётимизнинг маъно-мазмунига айланди.

Истиқлол шароитида эришган ютуқларимиздан яна бири “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” шиори остида қураётган янги жамиятимизнинг кун сайин ўлғайиб бўй чўзаётганидир. Бундай жамиятюксак даражада уюшган, онгли ва масъулиятли муносабатлар тизими бўлиб, жамият ҳар бир аъзосининг ҳуқуқ ва эркинлиги давлат институтлари билан бир қаторда, нодавлат тузилмалар, бирлашмалар фаолияти орқали ҳам таъминланади. Чунончи, бугун одамларнинг ижтимоий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятига алоҳида эътибор берилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси замирида инсон манфаатлари ётади. Ўз-ўзини бошқариш жамоатчилик ташкилотлари, турли жамғармаларнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётдаги ўрни ва аҳамияти ошди. Кўппартиявийлик мамлакат сиёсий ҳаётида фикрлар хилма-хиллигини вужудга келтирди. Фуқаролар Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Шу маънода “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бундай жамиятни барпо этишда муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиздир. Чунки, ушбу Қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солади; жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишни таъминлайди; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлайди; давлат ҳокимияти ва ва бошқаруви органларининг ҳамда мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини оширади; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилаб беради.

Жамият ривожланиб борар экан, ижтимоий-маънавий юксалиш, турмуш фаровонлигига эришиш имкониятлари халқнинг орзу-умидлари билан мутаносиб равишда ошиб боради. Демократик ривожланиш йўлидан бораётган мамлакатларда инсон орзу-умидларининг рўёбга чиқиши жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарор ва дастурларнинг бевосита самарасига, жамият аъзоларининг бу жараёндаги бевосита иштироки, ижтимоий фаоллигига боғлиқ бўлади. Бу боғлиқлик, энг аввало, одамлар қалбида жамиятда кечаётган жараёнларга даҳлдорлик туйғусини юзага келтиради. Тинч-тотув яшаш, фаровон турмуш кечириш учун кураш, бу жараёнда фаол иштирок этиш, ташаббускор бўлиш унинг учун маънавий бурчга айланади. Бу бурч одамларни янада фаол бўлишга, жамият, миллат манфаатларини шахсий хоҳиш-истакдан баланд қўйишга даъват этади.

Йигирма беш йил тарихан катта муддат эмас. Аммо ҳаётда шундай йиллар, ойлар ва ҳатто кунлар ҳам бўладики, уларни моҳиятан бирор нарсага қиёслаш ўта мушкул. Кейинги чорак асрда дунё, одамларнинг турмуш тарзи ўзгарди, мустақил Ўзбекистоннинг ривожланиш шиддати, ибратли ишлари эса ўзгараётган дунёни ҳайратга солмоқда десак, муболаға бўлмайди. Дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари молиявий-иқтисодий таназзул боис, турли муаммоларга дуч келиб турган, ишсизлик даражаси ошаётган, ижтимоий ҳимоя режалари қисқараётган бир пайтда, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши саккиз фоиздан кам бўлмаётгани, давлат дастурлари асосида қишлоқларимизда шаҳар шароитидан асло кам бўлмаган уй-жой массивлари қурилаётгани, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилаётгани, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга жуда катта маблағ сарфланаётгани чиндан ҳам ҳайратланарлидир. Бу режаларда Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро молия ташкилотлари иштирок этаётгани Ўзбекистоннинг дунё миқёсида ишончли ҳамкорга айланаётганидан далолат беради.

Мамлакатимиз Конституциясида Ўзбекистон фуқароларининг миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, тенг ҳақ-ҳуқуққа эгалиги қатъий белгилаб қўйилган. Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган ҳар қайси одам мамлакатимизда олиб борилаётган ва кўзда тутилаётган барча ислоҳотлар, авваламбор, унинг манфаати, оиласи ва фарзандлари учун, шу юртнинг фаровонлиги ва тараққиёти учун амалга оширилаётганини аниқ-равшан англаб етиши ниҳоятда муҳим. Бунинг учун ҳар бир киши бугунги тезкор ва талабчан замондан ортда қолмай, ўзининг ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий онги ва хабардорлик даражасини, ислоҳотлар самараси учун ижтимоий масъуллик туйғусини янада ошириши, фуқаро сифатида фаол бўлиши, жамият ҳаётида, дунёда, ён-атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги, уларнинг маъно-моҳиятини тўғри англаши ва тўғри хулоса чиқариши лозим бўлади. Халқимизнинг тинч-тотув ҳаётини, узоқ келажакни ўйлаб амалга ошираётган ишларимиз натижаларини сақлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Қувончлиси шундаки, ортимиздан замонавий билимларни чуқур эгаллаётган, жаҳоний тажрибалардан яхши хабардор, изланувчан, интилувчан, эътиқоди мустаҳкам янги баркамол авлод — ҳаётимизнинг эртанги давомчилари келаётир. Мустақил фикрга, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган бундай ёшларни тўғри йўлдан чалғитиб бўлмайди. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХХХ1 ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этган ватанимиз вакиллари мамлакатимиз шаъни ва ғурурини янада баландликка кўтардилар. Вилоятларимизда ўтган ёшларнинг “Биз буюк Ватан фарзандларимиз” фестивали мустақил Ўзбекистоннинг келажаги ишончли қўлларда эканини яна бир бор намойиш этди. Истиқлол бизга мана шундай буюк маънавий бойликни ато этди. Орадан ўтган йиллар давлатимизни жаҳоний кенгликларга, халқаро сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий, илмий-техникавий ҳамкорлик майдонларига, қутлуғ минбарларга олиб чиқди, обрў-эътиборини мустаҳкамлади, нуфузига нуфуз қўшди. Бу қўҳна дунёнинг талабчан нигоҳи Ўзбекистон деб аталмиш тинч ва осуда, гўшага бурилди. Ҳуррият бизнинг, фарзандларимизнинг, келажак наслларнинг бахтли тақдири бўлиб қолди.

Худоёр Маматов, Самарқанд вилоят адлия бошқармасининг бошлиғи, юридик фанлари доктори

Муаллиф: Худоёр Маматов, Самарқанд вилоят адлия бошқармасининг бошлиғи, юридик фанлари доктори