Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Мустақилликка 25 йил

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Мустақилликка 25 йил

Мустақиллик – муқаддас калом, озодлик энг тотли сўз!

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига

Африкалик қора танли бир адиб, озодликни камалакка ўхшатган, бироқ унинг таркибида қора рангнинг йўқлигидан ўксунган экан. Дарҳақиқат, эрксизликнинг манзараси камалакдек сержило, мафтункор эмас. Айниқса жаҳонга эр сифатида танилган халқ эрксизлик балосига дучор бўлса бундан ёмони йўқ. Сабаби, истибдод кишининг исқинини қияди. Ўзлигини тўла намоён этишга йўл бермайди. Айтган сўзинг атай тингланмайди, арз қилсанг, арзинг инобатга олинмайди. Таҳсинга лойиқ ишлар қиласану, эътибордан четда қолган одам каби танилмай қолаверасан: фахр ва ифтихор билан бошинг узра кўтарадиган байроғинг бўлмайди. Меҳнатинг маҳсулини ўзгалар ўзлаштиргани боис, тер тўкиб қилган хизматларинг самарасини сувга оқизгандек бўласан. Жисман яшайсану, руҳан занжирбанд эканингни ҳис қилиб турасан – тирик мурдага ўхшаб қоласан. Бу эрксизликдан-да аянчли манзара: истибдод исканжасида ноҳақлик билан муросаа қилиб яшаш, шунга кўникма ҳосил қилиш – даҳшат! Бундай одамлар ўзлигида, теран тарихий томирларидан узоқлашади. Мушоҳада қобилиятини йўқотади. Зомбига айланган кишилар пуфлаб шиширилган пуфакка ўхшайди. Бўйнидан ип боғлаб, ким қаёққа етакласа – кетаверади.

Бу манзара бизга нотаниш эмас. Ундан форуғ бўлганимизга ҳам кўп бўлгани йўқ – орадан бор-йўғи йигирма беш йил ўтди холос. Мустақилликка эришдигу, “шўролар даври бор бўйи билан изсиз йўқолди, деб ўйлаганлар хато қилади, – деб сабоқ беради Президентимиз. – Бу даврда шаклланган муайян қадриятлар бор. Кишилар онгига ижтимоий тенглик тушунчаси, яхши ишласам ҳам, ёмон ишласам ҳам давлат барибир боқади, деган мафкура кириб қолган. Бундай ёндашиш кишилардаги ташаббусни бўғиб қўйди. Ҳамма нарса - давлат мулки, деган ақида одамларнинг миясига сингдирилиб, кишилар мулкдорлик, эгалик туйғусидан бегона бўлиб қолган. Ўз мулки ва молига эга бўлмаган одамнинг иш деб жон куйдириши жуда қийин. Бундай ҳолат ишчиларнинг меҳнатга интилишига, шахсий рағбатига, иш натижаси учун масъулиятини оширишга салбий таъсир этишини ҳаётимиздаги кўп мисолларда кўряпмиз”.[1]

Дарҳақиқат, қадриятларимиздан шу қадар йироқлашиб кетган эканмизки, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида юртбошимиз Ислом Каримов юксак минбардан туриб мустақиллик деклорациясини эълон қилганларида зал жим-жит бўлиб қолганди. Халқ ишонган ноиблар, юртимизнинг номдор кишилари ҳам нима деярини, нима қиларини билмай бир муддат эсанкираб қолганларини телевизор орқали кузатганмиз. Фикр-ўйларимиз қафасдаги ҳаётга шу даражада мослашиб қолган эканки, парвоз қилиш имкони туғилганида ҳам қанот қоқишга шошилмаганимиз рост. Озодлик деган сўз ҳар қанча тотли бўлмасин, таъм билиш қобилияти сусайган одам учун унинг қадри тезда сезилмас экан.

Шунинг учун ҳам мустақилликнинг дастлабки дамлари, айрим шоввозлар, тўғрироғи истибдод йиллари умумфожеадан ўзларига манфаат йўнишни касб қилган айрим устомон кишилар сиртдан мустақилликни ёқлаган бўлиб, зимдан унинг қоқинишини пойлаб ҳам юрдилар. Хонаси келганда “Ана мен нима дегандим!”, “Худди айтганимдек бўлди!”, “Озмунча огоҳлантирдимми!” дейишга оғиз жуфтлаб туришди. Президентимиз ҳам бундай кимсаларнинг борлиги ва уларнинг асил мақсадлари нима эканини бот-бот қайд этиб турардилар. Жумладан, “Ўзини янги сиёсат тарафдори деб кўрсатиб, истиқлол ва мустақиллик ҳақида олижаноб гапларни сайраб юрган сохта ватанпарварлар ҳам орамизда оз эмас. Улар ҳозир пайт пойлаб турибди, агар вазият сал ўзгарса, қийинчиликлар сал ошиб кетса, бир думалаб янги тузум рақибларига айланиб қолишлари ҳеч гап эмас. Минбарларга сапчиб чиқишга тайёргарлик кўраётганлар ҳам бор. Бунақанги иккиюзламачилардан жуда эҳтиёт бўлишимиз керак”[2] деб, барчамизни огоҳликка даъват қилган эдилар.

Худди мана шу каби нусхалар ишлар ижобий томонга юришиб кетгач, мустақиллик бизга нима берди, қабилидаги асоссиз эътирозларини ифода этишга тушдилар. Бу бесабаб эмас. Башарти, юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Бир неча ўн йиллар давомида республикада сценарийси узоқ Марказда тўқилган қарорлар амалга оширилди, "кампаниялар" ўтказилди. Ўзбекистоннинг чинакам манфаатлари, ўзига хос шароити ва имкониятлари писанд қилинмади. Натижада халқ хўжалигининг нуқсонли, бир томонлама хомашё тузилмаси шаклланди. Республика айрим хомашё турларини, ёқилғи, асбоб-ускуналар ва технологиянигина эмас, балки ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотларини, халқ истеъмоли молларини четдан келтиришга мажбур”[3] эди. Бу номувофиқлик халқнинг турмуш тарзига залворли юк бўлиб тушса-да, шунинг орқасидан тирикчилик ўтказиб, даромад топиб юрган “учар”лар ҳам бўлган. Турган гапки истиқлол туфайли жамиятнинг барча жабҳаларида бошланган кенг қамровли ислоҳотлар мана шу каби кимсаларнинг манфаатига манфий таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Қолаверса, жамиятда яна бир нав қатлам вужудга келган эдики, уларни биргина ном билан атасак – боқиманда деган сўз шунга мувофиқ келади. Башарти, “Боқимандалик уларни ялқов қилиб қўйган, улардаги ташаббусни сўндиришга улгурганди. Кишиларнинг меҳнатига яраша ҳақ тўламай, товар моддий бойликларни кўр-кўрона тақсимланиши оқибатида сунъий тенглаштириш вужудга келганди. Одам меҳнатига, малакасига, ишининг сифатига яраша ҳақ олмаса, қотиб қолади. Шўролар империяси давридагидек, Кремлнинг юлдузи порлар экан, оч қолмаймиз, деган тушунчанинг асирига айланади”. Бу нав кимсалар “олма пиш, оғзимга туш” қабилида яшашни одат қилганлари боис, мустақиллик дарахти мева боғлаганини кўрсалар ҳам, ўзларини кўрмаганга олдилар. Жон койитиб узалгилари келмайди, гўёки кимдир узиб бериши керак. Мабодо шундай бўлган тақдирда ҳам бу одамларнинг рози бўлмаслари аниқ: “Чайнаб бермади” деб чайналишлари тайин.

Бу масаланинг бир жиҳати. Мустақиллик йиллари барча билан бир улуғ мақсад йўлида одим отишни истамай, айру йўл тутган айрим сиёсий партиялар ва ҳаракатлар фаолияти чет элдаги реакцион кучлар – ҳимо беришга чоғланган ҳомийлари томонидан молиялаштирилгани боис мухолифат йўлини тутганлари, мустақиллик туфайли эришган натижаларимизга нописанд муносабатда бўлганлари ҳам яқин тарихимизда кузатилди. Презиидентимиз бунинг каби бузғунчи кучларга матонат билан қарши турдилар. Асоссиз даъволарини илмий, маърифий, тарихий, ҳаётий ҳақиқатлар асосида рад этиб, пучга чиқардилар. Уларнинг ҳаётни билмасликлари, иқтисодий билимлардан йироқ, ҳуқуқий соҳада саводлари етишмаслигини исботлаб бердилар.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, Худодан бир нима юқтирган киши шеър ёзади, асар яратади – бу ҳам истеъдод, бироқ бу мамлакатни бошқариш учун етарли эмас. Ҳофиз Шерозий шоир бўла туриб бир жононнинг холига Самарқанд билан Бухорони ҳадя қилиб юборган эди. Бинобарин, мободо, унинг юрт ҳукмдори бўлганида нима бўлишини фаҳмлаш қийин кечмайди.

Ҳа, “жаҳон тажрибаси ҳамда унча катта бўлмаса-да, ўзимиз босиб ўтган йўл шуни кўрсатадики, мустақилликни қўлга киритиш, уни мустаҳкамлаш, миллий, ижтимоий ва иқтисодий эркинликка эришиш ҳеч қаерда ва ҳеч қачон осон кечган эмас”. Унинг йўлига кимдир ғов қўйиши, кимдир дов бўлиши табиий. Ҳаттоки, юрт тақдири, халқ тинчлиги билан боғлиқ бирор-бир муаммога энг оқилона ечим топган, натижаси мислсиз даражада самарали кечган масалада ҳам эҳтиром ўрнига таънаю дашном эшитишинг ҳеч гап эмасди. Истиқлолнинг дастлабки кунлари ғалла тақчиллиги вужудга келгани-ю, омборларимизда саноқлигина кунларга етадиган озиқ-овқат заҳираси қолгани ҳали кўпларимизнинг ёдимизда. Президентимиз ўшанда аҳолига 25-30 сотихдан томорқа участкаси беришга қарор қилган эдилар. Собиқ иттифоқ раҳбари эса катта бир йиғинда юртбошимизга киноя ва кесатиқ билан: “Бу одамларга ер берди, энди уни илоҳийлаштиришади” деб писанда қилган эди. Ваҳоланки, зудлик билан кўрилган мана шу чора мамлакатни муқаррар бир ҳалокатдан сақлаб қолди. Бинобарин, бундай қарорга келиш ҳам ўз-ўзидан бўлмаган. Бу мана шу халқни яхши билган, унинг характерини, ерга бўлган муносабатини, табиатини теран тушунган одамнинг хулосаси эди. Зотан, халқимиз қадим-қадимдан ер билан тиллашиб келади. Бир парча экин майдони бўлса, бас бўстонни ўзи яратади. Юртбошимиз мана шу ҳақиқатни теран ҳис қилгани боис, халққа томорқа участкалари тарқатиш ҳақида қарорга келди. Ўзини илоҳийлаштиришлари учун эмас, балки мана шу парча заминда мўъжизалар яратишлари учун. Зеро, “тупроғимизнинг ҳар бир қаричи тилла, қунт қилган одам ҳар йили бир неча бор ҳосил кўтариши мумкин”[4] деган эди давлатимиз раҳбари.

Ўтган чорак асрлик масофаларни, мана шу давр билан боғлиқ воқеаларни кўз олдига келтирган киши мустақиллик ўз-ўзидан рўй берган қандайдир табиат ҳодисаси эмаслигини, у осмондан тушмагнлигини чуқур англайди. Қалби уйғоқ, кўзи равшан, идроки бутун инсонда “мустақиллик бизга нима берди”, деган саволнинг туғилиши ноўрин. Чунки, музмуни асрларга тенг мислсиз янгиланишлар, бунёдкорлик намуналари, юксалиш жараёнлари шундоққина кўз ўнгимизда кечяпти-ку! Бунинг барчасини кўрмаслик мумкин эмас, нотовонлар кўролмаслиги мумкин...

Шунинг учун ҳам юртбошимиз: “Мустақиллик менга нима берди, деб эмас, мен ўзим мустақиллик учун нима қилдим”, деган ўй билан яшаш лозимлигини уқдирадилар. Зотан, мана шу каби қараш ҳаётимиз мазмунига айланса, ўтиб бораётган ҳар бир дақиқаларимиз кашфиётлар билан қоришиқ кечади. Зотан, бу тупроқда илм-фан, касб-ҳунар, санъат ва ижоднинг қадимий маҳорат мактаблари мавжуд.

Гарчи бунга эҳтиёж бўлмаса-да, муқояса учун мустақиллик туфайли қўлга киритган қадриятларимизни қисқа сатрларда эслаб ўтсак.

Хуллас, Истиқлол туфайли биз мустақил қарорлар чиқариш, ўз тараққиёт йўлимизни ўзимиз танлаб, истиқболимизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлдик. “Қисқача айтганда, мустақиллик бизга иқтисодиётимизни яхшилаш, шу муқаддас заминда яшовчи ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг фаровонлигини ошириш учун хизмат қилмоқда. Мустақилликка эришганимиздан сўнг биз сохта мафкуранинг яккаҳокимлигидан қутулдик. Маънавиятни, мафкурани зуғумлардан озод қилиб, эркин фикрга, миллий тафаккурга кенг йўл очдик. Эндиги асосий вазифа кишиларимизнинг мустақил фикрлашга ўрганиши, ўзига ишончининг орта боришидир. Чунки тафаккур озод бўлмаса, онг ва шуур тазйиқдан, қулликдан қутулмаса, инсон тўла озод бўлолмайди. Тараққиёт тақдирини маънавий жиҳатдан етук одамлар ҳал қилади. Техникавий билим, мураккаб технологияни эгаллаш қобилияти маънавий баркамоллик билан, мустақил тафаккур билан бирга бориши керак. Мустақиллик бизни мустабид ва мафкуралашган тузум кишанларидан озод қилди, ўзбек халқига ўз юртида бошини баланд кўтариб юриш, ўз маданияти ва анъаналарини, қадр-қиммати, дини ва эътиқодини, она тили ва маънавиятини қайта тиклаш имконини берди. Мустақиллик ва суверенитет жаҳон ҳамжамиятига кириб боришимизга, барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатишимизга имконият яратди. Мустақиллик улкан табиий, минерал-хом ашё, инсоний, ишлаб чиқариш ва интеллектуал ресурсларимиздан ҳамда юртимиз салоҳиятидан энг аввало ўз халқимиз манфаатлари йўлида оқилона фойдаланишимизга шароит яратди. У иқтисодиётни, ижтимоий соҳаларни, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ривожлантиришга, ислоҳ қилишга катта туртки берди. Фақатгина истиқлолнинг ҳаётбахш заминида янги демократик қадриятлар илдиз отишига, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва унинг эрки асосий бойлиги бўлган ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятига мос келадиган янги замонавий сиёсий ва ижтимоий жамоа тузилмалари қарор топишига имкон туғилди. Бир сўз билан айтганда, истиқлол биз учун тараққиётнинг бутунлай янги, кенг уфқларини очди. Ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан яратадиган бўлдик. Ҳаётимиз ва умумий хонадонимизни миллий манфаат ва қадриятларимизга, умумэътироф этилган демократик мезонларга монанд қилиб қуришдек ноёб тарихий имкониятга эга бўлдик. Бу жуда катта бойлик. Биз унинг қадрига етишимиз, кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз керак”.[5]

Хўш, биз-чи, биз мустақиллик учун, унинг қадр-қимматини ошириш, нуфузини сақлаш, шаънини ҳимоя қилиш мақсадида нима қилдик? Нима қилсак шу улуғвор мақсадга муштарак бўламиз – мустақиллигимизни мустаҳкамлашда иштирокимиз нимадан иборат бўлмоғи даркор? Нима қилсак унга ўз улушимизни қўшган ҳисобланамиз?

Бир қараганда бу каби ишлар ҳаммага ҳам тобун эмасдек: бу нарса чегарачиларга ёки чет элларга чиқиб санъатимизни намойиш қилувчи санъаткорларга, фан олимпиадаларида иштирок этиб юртимиз нуфузини юксалтиришда ҳиссаси бор алоҳида иқтидор эгаларига, спортчиларга тааллуқлидек бўлиб туюлади. Бироқ, бу алдамчи таассурот. Аслида, мустақилликни мустаҳкамлашда барчамиз камарбастамиз.

Шу кунларда барча меҳнат жамоалари, корхона ва ўқув муассасалари истиқлолнинг 25 йиллигига муносиб тўёна ҳозирлаш тадоригида хизмат қилмоқда. Шаҳримиз йўлсозлари ҳам байрамгача йигирма бешта кўчани асфальтлаб, йўлларни равон қилишга бел боғлашган. Тунов куни қурилиш ишлари бораётган кўчада, маҳалла оқсоқоли билан хонадон бекасининг мулоқоти қулоғимга чалиниб қолди. Бека бир нимани сўраган шеклли, оқсоқол: “Йўлсозлар кўчаларимизни обод қилиб байрамга тўёна ҳозирлаяпти, сиз ва биз ана шу кўчани супириб-сидириб, тоза, озода тутсак, атрофида анвойи гуллар, манзарали дарахтлар эксак мустақилликни муносиб кутиб олган бўламиз!” – деб турган экан.

Самарқандда узоқ йиллар халқ таълими, сўнг касаба уюшмалари тизимида ҳалол меҳнат қилиб нафақага чиққан Шоназар Элмуродовнинг ташаббусини эса кўпга ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Отахон кексалик гаштини суриб ётса ҳам биров бир нима демасди – нафақаси етарли, нолийдиган жойи йўқ. Аммо, отаси тушмагур фарзандлари билан Нуробод туманининг қир-адирларидан 25 гектарлик боғ ташкил қилишга бел боғлабди – токзор, узумзор қилмоқчи. Лойиҳа-режаси билан халқаро танловда иштирок этиб, грант ютиб олибди. Мана шу маблағ ҳисобидан сувсизликдан қақраб ётган яйдоқ чўлда 4 квт қувватидаги электр энергияси ишлаб чиқарадиган қуёш батареясини ўрнатиб, 140 метр чуқурликдан сув чиқазишга эришибди. Янгидан ўзлаштирилган ерда экин майдони ташкил топибди, 25та янги иш ўрни яратибди. Отахонга офарин демаслик мумкинми?!

Телевидениедаги танишим Зумрадбону деган қизалоқ ҳақида гапириб қолди. Ота-онасидан эрта ажраб қолган бу қизча бобосининг қарамоғида экан. Ғоят закий эмиш. Ёши тўққизда, аммо ҳалитдан кўп китоб ўқиркан, шеърлар машқ қиларкан. Ёзги таътилда 25 та китоб ўқишни дилга туккан, бу унинг мустақиллик байрамига аталга туҳфаси эмас-ми?

Бугунги деҳқонларимиз эртапишар янги навларни яратишмоқда, чорвадорларимиз зотдор молларни кўпайтирмоқда, тадбиркорларимиз янги-янги замонавий технологияларни олиб келиб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси остида ишлаб чиқарилган махсулотлар билан жаҳон бозорига чиқмоқда, спортчиларимиз жаҳон спорт майдонларида Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтармоқда, иқтидорли ёшларимиз турли йўналишдаги фан олимпиадаларида ғолиб бўлишмоқда. Буларнинг барчаси мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Юртимиз нуфузини дунёда сарбаланд қилишга қўшилаётган ҳисса эмас-ми?

Хуллас, мустақил ва суверен давлатимизнинг халқпарвар сиёсати бир мақсадга қаратилган – кучли демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишга. Шунинг учун ҳам олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири – халқчил, адолатпарвар жамиятимизни янада фаровон этишдан иборат. “Бу жамият пойдеворини, энг аввало, бой ва бадавлат, меҳнат қадрини биладиган, маънавий соғлом ва маданий савияси баланд минглаб ва миллионлаб оилалар ташкил этади”. Уларнинг жамланмаси, меҳнати ва меҳнатларининг маҳсули мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Президентимиз таъкидлаганларидек, “ишчи - дастгоҳ ёнида, деҳқон - далада, врач - шифохонада, муаллим - синфхонада, хуллас, ҳар ким ўз жойида”[6] астойдил меҳнат қилса, иши унумдор, куни барорли, ўтиб бораётган ҳар бир дақиқаси самарали бўлса юрт озод, Ватан обод, эл фаравон бўлиб бораверади. Зотан, ҳаракатнинг ҳосиласи барокат экани аксиома – исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат аслида.

Энг асосийси мустақилликнинг муқаддас тушунча эканини тилда талаффуз қилганда, дилдан уни тасдиқлай олсак, озодлик деган сўзнинг таъмини ҳис қилсак, унинг нақадар тотли эканига иймон келтирсак – унга бўлган ҳаққоний муносабатимизни ҳам мустақиллик манфаатларига мувофиқлаштирган бўламиз.



Муаллиф: Худоёр Маматов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, Юридик фанлари доктори, доцент.