Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Мустақилликка 25 йил

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Мустақилликка 25 йил

Замин сайқали

Самарқанд ҳақида гап кетса, сўз аввалида бу шаҳар ер юзининг сайқали экани ҳақидаги таъриф тилга олинади. Бу бежиз эмас. Сабаби Самарқанднинг шонли солномаларида тартиб берилган зарҳал саҳифалар шунга асос беради. Ўтмиш шоирларидан бири: “Самарқанд сайқали рўйи замин аст, бибинки равзаи ризвон ҳамин аст” (Самарқанд ер юзининг сайқали, буюкликнинг бешиги шунда, бағрига боқ: ризвон боғларининг эшиги шунда), деган сатрларни битганида, ҳамма гапириб юрган гапларни шеърга кўчириб қўя қолмаган, балки келиб, кўриб — бу юртнинг мафтункор манзараларидан таъсирланиб, сўнг қалам йўнган. Бир пайтлари Темур ва темурийлар салтанатининг пойтахти, жаҳоннинг илмий марказларидан бири сифатида донг таратган Самарқанд бугун ҳам жаҳон жамоатчилигининг назарида. Сабаби, Юртбошимиз таъбири билан айтганда: “Самарқанд деганда, азалдан илму урфон бешиги бўлган, фан ва маданият, маънавият ва маърифат бугун ҳам юксак равнақ топаётган нурафшон маконни тасаввур этамиз. Бу замин қадим-қадимдан ўзининг буюк санъати билан Самарқанд довруғини бутун оламга ёйган, жаҳон аҳлини ҳайратда қолдириб келаётган қўли гул усталар, моҳир ҳунармандлар юртидир. Самарқанд нафақат ўзининг буюк тарихи ва боқий ёдгорликлари, айни пайтда ўзининг бағрикенг, меҳнаткаш ва меҳмондўст, бағрида юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини мужассам этган, ягона, аҳил оила бўлиб яшайдиган халқи билан бутун дунёга танилган”.

Башарти, узоқ йиллар истибдод исканжасида сиқилиб, оҳори тўкилиб борган бу шаҳарнинг сиёҳи Истиқлол туфайли аслиятига қайтди, қадимги шаклу шамойилига муносиб тарзда янгича кўрку тароват касб этди. Нафсиламбрини айтганда, муқояса асил манзарани тасаввур қилиш имконини беради. Шу боис Самарқанднинг мустақилликкача ва истиқлол йилларидаги манзарасини кеча ва бугун кесимида қиёслаш мақсадга мувофиқ.

Бу воҳа ўтмишда Сўғдиёна, Мароқанд деган номлар билан аталган. Самарқанд топономик жиҳатдан Саман (йирик) ва кент (тураржой, аҳоли пункти) сўзларининг йиғиндисидан ташкил топган бўлиб, йирик аҳоли пункти маъносини англатади. Бунга қуйидаги ривоят ҳам гувоҳлик беради. Ҳофиз Шерозийнинг: “Агар он турки шероз, бадаст орад дили моро, ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро”, деган машҳур ғазалини биласиз. Соҳибқирон ҳазратлари Шероз шаҳрини забт этганидан сўнг шоирни ҳузурига чорлаб: “менинг иккита довруқли шаҳримни бир жононнинг холига бахшида этишга қандай журъат этдинг?” — деб сўраганида, шоир: “Мен аслида “саман қанду ду хурморо” қанднинг катта бўлаги ва иккита хурмо, деб ёзганман — хаттот хато қилган, деб вазиятдан чиққан экан.

Тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақаладиган бу воҳа асосан Зарафшон дарёсининг икки томони, Ҳисор, Нурота, Зарафшон ва Ургут тоғ тизмалари ўртасида, ўўбдиндан Карманагача бўлган кенгликда жойлашган. Майдони 16 минг квадрат километр. Аҳолиси 3,5 миллион киши. Шаҳар жаҳон туризм марказларидан бири сифатида машҳур.

Самарқанд ўзининг узоқ йиллик тарихида жуда кўп шонли ва қонли даврларни бошидан кечирган. Биргина Афросиёб харобалари бу воҳанинг нуфузи нечоғлик кабир, қисматида қанчалар жабр ётганидан мағрур ва маҳзун афсоналар сўзлайди. Соҳибқирон Темур ва темурийлар салтанат тутган тарихий даврларда у дунёнинг фан, маданият ва иқтисодий алоқалар марказига айланади. Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгунгача бўлган давр — салкам 150 йил мобайнида эса бутун Туркистон ўлкаси, хусусан, Самар­қанд ҳам Чор Россиясининг зулми остида яшади — забун ва афтода бир аҳволга тушиб қолди. Тили, тарихи, маданиятидан мосуво бўлди: асрлар салобатини, аждодларимиз салоҳиятини ўзида акс эттирган улуғвор бинолар нураб, адл ва ўктам миноралар қийшайиб, нилий гумбазлар тухум пўчоғи каби шикаста шаклга кирди.

Гарчи, ўтган даврда Самарқанд шаҳрида мавжуд тарихий-меъморий обидаларни таъмирлаш борасида муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, мақсад — шаҳарнинг қадимий шаклу шамойилини тиклаш бўлмагани боис, бу юмушларга панжа орасидан қараб келинган: қайта қуриш, таъмирлаш ишлари қўл учида бажарилган. Шаҳарда тарихий обидалар ва янгидан қад ростлаган замонавий бино ва иншоотларнинг яхлит бир уйғунлигини вужудга келтириш ҳақида-ку, ўйлаб ҳам кўрилмаган.

Мустақиллик бу борада ҳам ўз сўзини айтди. Самарқанд истиқлол йиллари тамоман янгича қиёфа касб этди. — Мафтункор қиёфа. Туристлар ташрифининг кўпайгани ҳам шундан, унинг жамоли “Самарқанд — ер юзининг сайқали”, деган сифатга яна мувофиқ кела бошлаганидандир.

Самарқанд шаҳри билан ҳозирги кунгача Льеж (Бельгия), Лион (Франция), Лахор (Покистон), Пловдив (Болгария), Рио-де Жанейро (Бразилия), Банда-Ачех (Индонезия), Львов (Украина), Бремен (Германия), Красноярск ва Самара (Россия) ва Флоренция (Италия ) каби дунёнинг 11 та шаҳарлари ўртасида “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандум имзоланган. Мустақиллик йиллари Самарқандни кўришга ошиқаётган саёҳатчилар оқими аввалгисидан бир неча ҳисса кўпайди. Бу қуйидаги рақамларни муқояса қилганда яна ҳам яққол кўзга ташланади.

Истиқлолнинг дастлабки даврлари Самарқандда атиги 4-5 та меҳмонхона ва 3-4 та сайёҳлик фирмалари фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда вилоятда 184 та сайёҳлик соҳаси билан шуғулланувчи ташкилотлар хизмат қилмоқда. Хусусан, 2012-2015 йиллар давомида 27 та меҳмонхона, 22 та сайёҳлик ташкилоти янгидан ташкил қилинди.

Дарҳақиқат, Самарқандни қадимий қадамжолар қамраган шаҳар, десак, муболаға бўлмас. Сабаби, тасбeҳ доналари каби шаҳар бўйлаб тизилган зиёратгоҳлар яхлит бир ансамблни ташкил этади. Унинг бугунги кўрку таровати, қадимий маҳобатини бор бўйи билан намоён этиб турибди. Бунда давлатимиз раҳбарининг шахсан иштироки борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бинобарин, маданий ёдгорликларни истибдод йиллари чирмовиқ каби чирмаган режасиз ва тартибсиз қурилишлардан, бино ва иншоотлардан холи қилиб, уни яхлит бир меъморий обида сифатида қайта таъмирлаш, унда зиёратчилар ва сайёҳатчилар учун турли-туман қулайликларни вужудга келтириш баайни давлатимиз раҳбарининг кўрсатма ва йўл-йўриқлари асосида амалга оширилди.

Самарқанднинг Самарқанд бўлиб қайтадан чирой очиши, аввалги улуғвор салобатини тиклашида Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг номини абадийлаштириш, унинг топталган шаънини тиклаш ва улуғ жаҳонгир бобомизга тааллуқли барча асотирларни маънавий мулкимизга айлантириш борасида олиб борилган кенг кўламли ишлар, айниқса, таҳсинга сазовордир.

Муқаддам ҳукмрон сиёсат Темур шахсига қандай муносабатда бўлганини катта авлод вакиллари яхши эслайдилар. Уни атайин бадном қилиш, тарихий хизматларини камситиш, зафарли юришларини зарарли юришлар тарзида талқин қилиб, қанчадан-қанча тарихлар тўқилмади, ўз юртида, ўз миллатдошлари ҳузурида унинг шаънини булғаб қанчадан-қанча ҳукмлар ўқилмади дейсиз. Ўзимизда чиққан айрим олчоқлар ёвга ёқиш, Ялавочга ўхшаб яхши кўриниш мақсадида бадкирдор кимсаларни баъзида очиқ-ошкора алқаб-олқишлаб, баъзида зимдан қўллаб-қувватлаб келганлари ҳам сир эмас.

Шўро замонида кўчалар, ўқув даргоҳларини буюк Темур номи билан аташ нари турсин, соҳибқироннинг номини тилга олишга-да чўчирди одамлар. Бобомизнинг борлиғини биргина ном, биргина мавҳум тушунча билдириб турарди, бу — Гўри Амир мақбараси. Шунинг учун ҳам истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ, мазкур меъморий ёдгорлик Амир Темур мақбараси деган ном билан юритила бошланди. Юртбошимизнинг ташаббуси билан “Амир Темур” ордени таъсис этилди. Нафақат Самарқандда, мамлакатимизнинг барча минтақаларида кўчалар, хиёбонлар, метро бекати, ўқув муассасаларига буюк бобокалонимизнинг номи берилди.

Айтиш жоизки, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, шаҳарнинг ўтмиш ва замон меъморчилиги уйғунлашган янгича қиёфаси барчанинг эътиборини тортмоқда. Самарқанд шаҳрини ривожлантиришнинг 2025 йилгача бўлган бош режаси ишлаб чиқилгач, Амир Темур мақбарасидан Улуғбек расадхонасига қадар масофадаги барча тарихий иншоотлар — Руҳобод мақбараси, Регистон, Бибихоним, Ҳазрати Хизр масжиди, Шоҳи Зинда ва Aбу Мансур ал-Мотуридий ёдгорлик мажмуаларининг уйғунлиги таъминланди.

Миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий шаҳарсозликнинг юксак талаблари асосида кўҳна кентнинг тор, эгри-бугри йўллари текисланиб, кенгайтирилди. Нураб, зах босган кулбалар ўрнида пишиқ ғиштдан кўркам бинолар қад кўтарди. Тарихий обидалар атрофидаги эски, пастқам бинолар ўрнида хушманзара хиё­бонлар, сайилгоҳлар пайдо бўлди. Шаҳар марказида буюк бобокалонимизнинг муаззам ҳайкали ўрнатилди, таъбир жоиз бўлса истиқлолимизнинг энг буюк иншооти қад рост­лади. “Шу тариқа улуғ аждодларимизнинг шаън-шавкатига муносиб баҳо бериб, тарих ва келажак олдидаги ўз фарзандлик бурчимизни адо этдик”, деган эди Президентимиз, жаҳонгир бобомизга ўрнатилган ёдгорлик ҳақида сўзлаб.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур ёдгорлик шунчаки бир санъат асари эмас, балки мураккаб меъморий ечимга эга бўлган йирик иншоотдир. Унинг дастлабки лойиҳаси тамоман бошқача алфозда, унда Соҳибқирон бобомиз қўлида қилич ушлаган қиёфада бўлган. Давлатимиз раҳбари бунинг каби бадиий ечимга ўз эътирозини билдириб, “Амир Темур сиймосини хронологик тарзда эмас, балки яхлит бир фундаментал образ тарзида акс эттириш лозимлигини: давлат бошқарувида ҳарбий кучга таянганларини эътибордан соқит қилмаган ҳолда ўнта ишдан тўққизтасини кенгашу машварат билан, қолган биттасини қилич билан битирдим, деган тузукларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини” уқтирган. Бобомизнинг чеҳрасидан нур ёғилиб туриши лозимлигини, қиличи қинида, бармоғидаги узукни яққол кўрсатиш таклифини киритган. Чунки унда акс этган “Куч — адолатда”, деган ёзув, улуғ жаҳонгирнинг ҳаётий эътиқодини, фаолияти мазмунини англатади.

Истиқлол эпкинлари, авлодлар эҳтиромидан буюк соҳибқироннинг руҳи шод эканлиги шубҳасиз. Соҳиб­қирон бобомиз ҳайкали бизга назар ташлаб тургандек, мус­тақилликнинг ҳимояси учун ҳушёрликни қўлдан қўймаслик лозимлигидан огоҳ этиб тургандек тасаввур уйғотади кишида.

Муаллиф: Х.Маматов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи