Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Нашрлар ва мақолалар

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Мурожаат ортида инсон бор ёҳуд «Халқ қабулхоналари» давлат ва аҳоли ўртасидаги кўприк вазифасини ўтамоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фурқат туманидаги Халқ қабулхонасига тумандаги  3-умумтаълим мактабидан ариза келиб тушди. Унда муассаса маъмурияти мактаб ўқувчилари ака-сингил Муҳаммадали Музаффаров ва Рухшонбону Музаффароваларга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олинишида амалий ёрдам сўраган. Шу боис мазкур мурожаат тегишлилигига кўра ФҲДЁ бўлимимизга келиб тушди.

Аввало мазкур мурожаатнинг юзага келиш омилларига тўхталиб ўтсак. Яъни туманимизнинг Кўк дўппи қишлоғида яшовчи Ғозиева Гулчеҳрахон Музаффаровна бундан бир неча йил муқаддам навоийлик фуқарога шаръий никоҳ асосида турмушга чиқиб, 3 нафар фарзанд кўрган. Фарзандлари туғилган пайтда эса турмуш ўртоғининг фуқаролик паспорти йўқолган бўлмаган. Бинобарин, гўдакларга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олинмаган. Аммо кейинчалик Г.Ғозиева жигарбандларини онасига ташлаб, Россияга кетиб юборган. Шунинг учун юқоридаги мурожаатдан илгарироқ болаларнинг тоғаси ФҲДЁ бўлимига келиб, жиянларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома беришимизни сўраганди. Лекин болаларнинг на отаси, на онаси ФҲДЁ бўлимига келмагани сабабли тоғанинг мурожаати рад қилинган. Оқибатда мактабда ўқувчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштиришда муаммо юзага келиб, мактаб томонидан «Халқ қабулхонаси»га мурожаат этилган.

Муассаса мурожаати ФҲДЁ бўлимига келиб тушгач, болаларнинг онаси тегишли тартибда Россиядан чақиртирилди. Бироқ ота бўлмиш ҳанузгача фуқаролик паспорти олмагани туфайли туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар ёлғиз она аризаси асосида берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қонун устуворлиги таъминланган жамиятимизда ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди. Албатта, бунинг учун ҳукуматимиз томонидан барча ҳуқуқий асослар яратилган. Яъни 2017 йилни мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ва “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 28 декабрь куни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Мазкур Фармон эса “Халқ қабулхоналари”нинг фаолият юритиш тартиб-таомилларини муфассал белгилаб берди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси тузилди.

Эътироф этиш керак, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, бошқа давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, келиб тушган ва тегишлилиги бўйича давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан видеоконференцалоқа орқали ўтказиш, келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши, тизимлаштирилиши ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш ва юритиш йўли билан мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонанинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Фармоннинг 6-бандига мувофиқ, давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва нормаларини бузганликлари учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган жавобгарлик хусусида қатъий огоҳлантирилди.

Айни пайтда ҳар бир вазирлик, қўмита ва идораларда юқоридаги Фармон ижросини таъминлашга қаратилган қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2016 йил 31 декабрдаги 270-сонли буйруғи ҳам ана шу мақсадда қабул қилинди. Шунга асосан, вазирлик ва барча вилоятлар адлия бошқармаларида жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабуллар жадвали ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Шунингдек, мурожаатларни таҳлил қилиб, энг кўп учраётган қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш, бунинг учун эса ҳуқуқий тарғибот тадбирларини кучайтириш вазифаси юклатилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Халқ қабулхоналари ҳақида алоҳида тўхталиб, “Бизнинг асосий мақсадимиз – “Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат” деган фикрни билдирганди. Бугунги кунда эса Президентимизнинг айни фикрлари чинакам ва тўлақонли ифодасини топмоқда. Зеро, инсон омили олий қадрият, унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устундир.


 

Муаллиф: Д.Ҳалилова, Фурқат тумани ФҲДЁ бўлими мудираси