Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Нашрлар ва мақолалар

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Халқ қабулхоналари – давлат ва аҳоли ўртасида кўприк

Мулоҳаза

Маълумки, инсон манфаатларини, адолатни таъминлаш учун аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан билиш зарур. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар", деб қатъий белгиланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”. Жорий йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши халқимиз кўнглидаги иш бўлди. Бу одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги кенг кўламли ва изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Фармон давлат идоралари вакилларини халқ билан анча яқинлаштирди, тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини оширди. Ўз-ўзидан ҳудудларда мавжуд камчиликлар, муаммолар, аҳолини қийнаб келаётган масалалар қалқиб чиққан бўлса, айрим кишиларнинг таклиф ҳамда мулоҳазалари кўплаб соҳа ва йўналишларни қайта кўриб чиқиш, йўналишни тўғри ўзанга буриш кераклигини ҳам кўрсатиб берди. Мазкур фармон билан бир вақтнинг ўзида 3 та янги тузилма - Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармаси ҳузуридаги фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасини ташкил этиш ҳамда республикамиздаги ҳар бир шаҳар ва туманда Президентнинг халқ қабулхоналарини очиш белгиланди. Халқ билан ишлашда, ечимини кутиб ётган муаммоларни ҳал этишда муҳим воситага айланди. Ушбу тузилмаларнинг асосий вазифаси сифатида халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг бутунлай янги ва самарали тизимини жорий қилиш, уларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўла-тўкис ҳимоя қилишга қаратилган самарали механизмни ҳаётга татбиқ этиш кўрсатилди. Шунингдек, фармонда эндиликда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари, барча даражадаги ҳокимлар фуқаролардан тушаётган аризалар билан ишлашни ташкил этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этиши белгиланди. Қарор ижроси ҳар биримизнинг ҳаётимизда акс этмоқда. Айни кунларда прокуратура, божхона, давлат солиқ бошқармалари ва бошқа кўплаб идоралар масъул ходимлари иштирокида жойларда аҳоли, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларни қийнаётган масалаларга жойида ечим топилаётган эътиборга моликдир.

Ўтган 2016 йилнинг 25 сентябрида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси мурожаатлар билан ишлашнинг замонавий тизимини яратиб берганди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси қисқа даврдаги фаолияти давомида аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди. Ўтган давр мобайнида юз минглаб фуқароларимиз виртуал қабулхона орқали давлатимиз раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятига эга бўлганининг ўзиёқ мазкур қабулхона фуқароларимиз қалбидан нечоғлик чуқур жой олганини, уларга ҳар жиҳатдан маъқул бўлганини кўрсатиб беради. Эътиборлиси келиб тушаётган мурожаатларнинг характери ва мазмун-моҳиятига қараб, қайси ҳудудда қандай муаммо борлигини, фуқароларни нима кўпроқ ташвишга солаётгани яққол кўринди. Бу келгусида тегишли ҳудудларни стратегик ривожлантиришнинг мақсад ва вазифаларини ҳам аниқлаштириб олиш имконини беради. Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар туманларга чиқиб халқ билан мулоқотда бўлаяпти. Аҳолини қийнаётган муаммолар, ҳудудда ечимини кутаётган масалаларни атрофлича ўрганишаяпти. Ушбу мулоқот натижалари келгусида ҳудудни жадал ривожлантириш учун белгиланган муҳим йўналишларни мукаммаллаштириш учун ҳам асқатади. Мухтасар айтганда, юртимизда “Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратилаяпти. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон халқни рози қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда замон талабларига жавоб берадиган механизм яратишга, халқ ва аҳоли ўртасида кўприк вазифасини бажаришга қаратилган. Бундан халқ руҳланаяпти, одамлар ҳаётидан мамнун бўлиб, рағбат топаяпти. Катта-катта марраларни кўзлаяпти, яратишга, юрт равнақи учун меҳнат қилишга иштиёқи ошаяпти. Бунинг негизида давлатимиз раҳбари қайд этганидек, "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ" деган олижаноб мақсад мужассам.


Муаллиф: С.Хидирназарова, Шаҳрисабз туман ФҲДЁ бўлими мудираси.