Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Нашрлар ва мақолалар

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Халқ қабулхоналар давлат ва халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприк

Раҳбар, аввало, халқ билан мулоқот қилса, одамларнинг қалбига йўл топиб, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий му­аммо ва эҳтиёжларини билса, жамиятда адолат муҳити қарор топади. Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассаса ва ташкилотларга ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Маълумки, ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати туради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди”, дея афсус билан қайд этди.

2016 йил сентябр ойида Бош вазирнинг интернет тармоғидаги электрон қабулхонаси ташкил этилиши жамоатчилик эътиборини торт­ган энг катта янгиликлардан бири бўлди. Айтиш мумкинки, бу ерда одамлар нафақат шахсий муаммоларини билдириш, балки турли таклифлари, фикр-мулоҳазалари билан давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.

Юртдошларимиз учун муҳим сиёсий-ижтимоий воқеага айланган электрон қабулхона қисқа фурсат ичида оммалашиб кетди. Фуқаролар ҳукуматга мавжуд муаммо ва камчиликларни дадил кўтариб чиқиш имкониятига эга бўлди. Фуқароларнинг тўғридан-тўғри ҳукуматга мурожаат қила олиш имконияти, ўз нав­батида, маҳаллий давлат органлари мансабдор шахс­ларининг масалани ортиқча қоғозбозликсиз, диққат билан ёндашган ҳолда қуйида ҳал этилишини таъминламоқда. Бу билан халқнинг давлатга ишончи ортди. Электрон қабулхона мансабдор шахсларнинг масъулияти қай даражада эканлигини кўрсатиб берди ва эндиликда турли бўғиндаги раҳбарларнинг ўз ишига виждонан ёндашишини тақозо қилмоқда.

Фуқаролар ҳаёти давомида зарурат юзасидан турли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ёхуд мансабдор шахсларга мурожаат этади. Мурожаатни кўриб чиқиш давомида фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклаш, уларни лозим даражада таъминламаслик ҳолатлари ҳам учраб туради.

Фуқаролик процессуал қонунчилигида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизми белгилаб қўйилган.

Давлат органлари ва бош­қа органлар, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан амалга оширилган ва пировард натижада фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига, фуқаро зиммасига бирорта ғайриқонуний мажбурият юклатилишига ёки унинг ноқонуний равишда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлари (қарорлари) судга шикоят қилинишига асос бўлади.

Бугунги кунда биз юқоридаги сўзларни ҳар куни ОАВ орқали эшитиб, ўқиб турибмиз. Бу сўзлар айрим раҳбарларни сергак торттирди, десак, ҳам янглишмаймиз.

Фуқаро ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга, мансабдор шахсга мурожаат қилишга ҳақли.

Бўйсунув тартибидаги юқори орган ва мансабдор шахслар шикоятни бир ой муддат ичида кўриб чиқиши шарт. Агар фуқаронинг шикоятига рад жавоби берилса ёки у шикоят берган кунидан эътиборан бир ой ичида жавоб олмаса, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шикоят ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган фуқаро ёки унинг вакили, шунингдек, фуқаронинг илтимосига ­биноан тегишли равишда ваколат берилган жамоат бирлашмасининг, меҳнат жамоасининг вакили томонидан берилиши мумкин.

Президентимиз ўз маърузаларидан бирида “Сизларга яхши маълумки, биз 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилдик. Лекин, ҳаммамиз тушунамизки, халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш — бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас”, дея алоҳида таъкидладилар.

Фуқароларнинг аризалари, шикоятлари ҳамда мурожаатларига ўз вақтида жавоб қайтариш шарт ва зарурдир. Буни давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари асло ёдидан чиқармаслиги лозим.

 


Муаллиф: С.Абдураҳмонов, Жиззах шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси