Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Нашрлар ва мақолалар

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Халқ қабулхоналари давлат ва аҳоли ўртасидаги мулоқот минбари

Президентимиз Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2017 йил — “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қи­лар экан, инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду таш­вишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши кераклигига алоҳида урғу берди.

Шунингдек, бу борадаги ишларни янада кенгайтириш ва тизимли равишда фаолият олиб боришда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Президентимизнинг яқинда матбуотда эълон қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириши билан бир қаторда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг муносиб турмуш кечиришлари учун зарур шарт-шароит яратиш, энг муҳими, давлат органларининг одамлар билан доимий мулоқот ўрнатишини ташкил этишга хизмат қилиши билан долзарб аҳамият касб этади. Бу эса, албатта, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деган конституциявий тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асоси бўлди, десак, асло муболаға эмас.

Фармонда 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилингани муносабати билан аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси иши тўғрисидаги кўплаб ижобий фикрларни инобатга олиб, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг Халқ қабулхоналари ташкил этилиши белгиланди.

Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонанинг асосий вазифалари сифатида аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш, шунингдек, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, бошқа давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали ўтказиш, Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши, тизимлаштирилиши ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш ва юритиш йўли билан мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш Фармонда алоҳида белгилаб қўйилди.

Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорларни бекор қилиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой-коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш масалалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада адлия идоралари тизимида ҳам мурожаатлар билан ишлаш механизми такомиллашиб бормоқда. Жумладан, Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан аҳолига қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларнинг муаммо ва таклифларини эшитиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида бошқармада ҳафтанинг ҳар жума куни “Тадбиркорлар куни”, “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, юқоридаги Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли ўртасида тушунтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга оид тадбирларни ташкил этиш барчамиздан масъулият талаб қилади.

 


Муаллиф: А.Турсунов, Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари