Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Нашрлар ва мақолалар

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Инсон манфаати - олий мақсад

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор вазифа сифатида қаралиб, айниқса ушбу масалага мамлакатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Ҳар бир янги йилни янгича номлаш юртимизда хайрли одат бўлиб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан республикамизда бир неча йиллардан буён Конституция куни байрами арафасида кириб келадиган янги йилни номлаш анъанага айланган. Бу жараён истиқлол йилларида изчил амалга оширилиб, кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида миллий тараққиёт, Ватан ободлиги ва юрт фаровонлигида ниҳоятда катта аҳамият касб этмоқда. Бунга бир мисол тариқасида 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб белгиланишини келтириб ўтиш мумкин.  

Ўтган йиллар номларини бир эсга олсак: 1997 йил – “Инсон манфаатлари йили”, 1998 йил – “Оила йили”, 1999 йил – “Аёллар йили”, 2000 йил – “Соғлом авлод йили”, 2001 йил – “Оналар ва болалар йили”, 2002 йил – “Қарияларни қадрлаш йили”, 2003 йил – “Обод маҳалла йили”, 2004 йил – “Меҳр ва мурувват йили”, 2005 йил – “Сиҳат-саломатлик йили”, 2006 йил – “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, 2007 йил – “Ижтимоий ҳимоя йили”, 2008 йил – “Ёшлар йили”, 2009 йил – “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”, 2010 йил – “Баркамол авлод йили”, 2011 йил – “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, 2012 йил – “Мустаҳкам оила йили”, 2013 йил – “Обод турмуш йили”, 2014 йил – “Соғлом бола йили”, 2015 йил – “Кексаларни эъзозлаш йили”, 2016 йил – “Соғлом она ва соғлом бола йили” деган номлар остида кўп соҳаларга алоҳида эътибор берилиб, бир қатор хайрли, самарали ишлар амалга оширилди. 

2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши ҳам азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсон қадрини, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми, десак муболаға бўлмайди. Бу Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 24 йиллиги муносабати билан 2016 йил 7 декабрь куни тантанали тадбирда: “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак” деган сўзлари билан яна бир бора ўз исботини топади. 

Албатта, инсон манфаатлари устувор бўлган юртдагина юксалиш бўлади, бундай давлат фуқароси ҳар томонлама баркамол бўлиб, ватан учун, халқ учун жони-жахонини фидо қилишга доимо тайёр бўлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча 2016 йил 28 декабрда эълон қилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, шубҳасиз, юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, мамлакатимизда инсон манфаатларини энг олий қадриятга айлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб қолади. Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви идораларининг халқ билан бевосита мулоқотда бўлиши, аҳолининг барча қатлами ичига кириб бориши ва уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиши масаласига алоҳида эътибор қаратишда, энг муҳими, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни илгари сурди. 

Зеро, халқ билан мулоқотнинг мазкур янги тизими барчамизнинг олдимизга долзарб вазифаларни қўймоқда. 

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари тараққиёти узлуксиз давом этувчи, ҳаракатдаги жараён бўлиб, доимо такомиллашиб боради. Инсон ҳуқуқларига оид норма ва қоидаларни ҳар бир шахс қалби ва онгига сингдириш ўз навбатида, миллий ўзини англашга ҳамда ҳуқуқий фаол жамият аъзосини тарбиялашга хизмат қилади. Бугунги кунда мамлакатимизда қабул қилинаётган ислоҳотларнинг барчаси инсонийлик тамойилларига асосланган бўлиб, бу эса мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этишда, фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларининг юзага чиқишига хизмат қилади. Албатта, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да бир жону бир тан бўлиб, астойдил меҳнат қилиб юртимиз равнақига янада ўз ҳиссамизни қўшиб, инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан улуғ ва олий мақсад эканлиги ҳамда бу йўлда куч-ғайратимиз етгунча меҳнат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлиб қолади деган умиддамиз.

 


 

Муаллиф: Ш.Маликова, Бухоро вилоят адлия бошқармаси ҳузуридаги нотариал архив мудираси