Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Нашрлар ва мақолалар

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Халқ қабулхоналари-давлат ва аҳоли ўртасидаги кўприк

   Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб Конс­титуциямиз ва унга асосан қабул қилинаётган қонунлар аҳоли турмуш фаровонлигини тобора юксалтириш, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бош қомусимиздаги эзгу ғоялар бугун жамиятимизнинг, давлатимизнинг асосий мақсадига айланиб, йилдан-йилга ўзининг ҳаётий ифодасини топиб бораётир. Конституциямизнинг “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деган 2-моддасига эътибор қаратсак. Мазкур модда воситасида Конс­титуциямизда инсон ва унинг қадр-қиммати бош мақсад сифатида белгиланган.

Шу ўринда савол туғилади, хўш! Конституциямизнинг 2 моддасида белгиланган ушбу бош мақсад бугун ўз ифодасини тўла топиб улгурганми?  Бу борада фаолиятимизда нима камчиликлар бор, нималарга бугун биз эътибор қаратишимиз лозим. 

    Айнан бу борадаги эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар, эътибор қаратилиши лозим бўлган соҳаларни 2016 йилнинг 7 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасининг сайланган президенти Шавкат Мирзиёев “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш - юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гаровидир” мавзусидаги маърузасида кўрсатиб бердилар.

Ушбу тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат  Мирзиёев Бош қомусимиз турмушимиз, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишида, барча соҳада амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлганини таъкидлаб, ҳақиқатан ҳам Конс­титуция ҳар томонлама ривожланишимиз, олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришишимизда, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этишда муҳим аҳамият касб этмоқда деган фикрни билдирдилар.

Тантанали маросимда, анъанага кўра, 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили,  деб эълон қилинди. Бу Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаб берган инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиши каби эзгу ғоянинг мантиқий давоми бўлди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчасини бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Бу эса юрт тараққиётига, халқ фаровонлиги юксалишига олиб келади. Яъни, мулоқот ва манфаат тушунчаси халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилга асосланади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги асосий вазифалар давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари тубдан такомиллашишига замин бўлиб, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини топиш учун имконият яратади. Бу эса, халқнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат  Мирзиёев Бош комусимизда  белгиланган “Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деган норманинг амалдаги ифодасига танқидий ёндашдилар.
                Хусусан:-  “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. 

Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак. 

Яқинда бўлиб ўтган сайловолди учрашувларида мен бир нарсага амин бўлдим. Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди. 

Ҳозирги вақтда одамлар давлат идораларидан нимани истаяпти? Бу ҳақда гапирганда, эътиборингизни муҳим бир масалага қаратмоқчиман. 

Хабарингиз бор, шу йил 25 сентябрда Бош вазирнинг интернет тармоғида электрон қабулхонаси ташкил этилган эди. Ўтган даврда ушбу қабулхонага фуқароларимиздан 218 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди.        Очиқ айтишим керак, бу мурожаатлар таҳлилидан кўп нарса аён бўлди. Таъбир жоиз бўлса, улар ҳаётимизда мавжуд бўлган ўткир муаммоларга кўзимизни очиб берди. 

Мана, одамлар нималар ҳақида мурожаат қилмоқда. Аввало, улар турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, қонунга зид бўлган кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, ставкаси оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш ҳақида, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти ҳақида мурожаат қилмоқда”.

Шу билан бирга, аҳолимиздан уй-жой қурилиши, коммунал, транспорт ва савдо хизмати, энергия таъминотини, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Кўриб турибсизки, азиз дўстлар, бу талабларнинг барчаси қонуний ва адолатли. Бу борада ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман” - дея қайд этдилар давлатимиз раҳбари.

Ушбу камчиликларнинг ечими сифатида давлатимиз раҳбари ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш зарурлигини қайд этдилар.    
 Мақсад–“Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаатэътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат. 
           Ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари” ташкил этилиши ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш одамлар билан очиқ мулоқотда бўлиб, аҳолини ўйлантираётган масалалардан бохабар бўлиш, фуқаролар мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.

Тантанали маросимда бу қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақомини, уларнинг ваколат ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ эканлиги давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидланди.
                Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

                Ушбу фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг куйидаги қабулхоналари тузилмоқда.

                Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси – Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида;

                Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси.Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу фармонига асосан: Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш;

                Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, бошқа давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;

                 Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш;

                 Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган ҳамда тегишлилиги бўйича давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш;

                Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан видеоконференцалоқа орқали ўтказиш;

                Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши, тизимлаштирилиши ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш ва юритиш йўли билан мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

                Айни дамда ушбу Фармон билан мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш; Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек уларнинг фаолиятини меъёрий-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш; давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини, шу жумладан жойларга сайёр чиқишларни ташкил этиш ҳамда келиб тушаётган мурожаатлар бўйича тезкорлик билан тегишли чора-тадбирларни кўриш орқали назорат қилиш ва мувофиқлаштириш; Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган, шунингдек тегишлилигига кўра давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатларни қабул қилиш, қайта ишлаш, кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиниши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, шунингдек, Фармонга асосан, бошқа вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмасида Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати тузилган.

Хулоса қилиб айтганда. Ана шундай масъулиятли вазифаларни амалга оширишда ташкил этилаётган “Халқ қабулхоналари” Конституциямизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деган эзгу тамойилни амалда рўёбга чиқариш учун ташкил этиладиган очиқ мулоқотнинг муҳим меҳанизими бўлади. Зеро, бу қабулхоналар ҳар бир ҳудуддаги вазиятни, аввало, қонун, фармон ва қарорлар ижросини, аҳолининг кенг қатламига етказиш, уларнинг самарадорлигини янада оширишда муҳим қадам бўлади. Бу эса, ўз навбатида, инсон манфаатларини таъминлашга, дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига кириш, халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, Ватанимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлидаги ишларимизни изчил давом эттиришга асос бўлади.


Муаллиф: Х.Матёқубов, Хоразм вилояти адлия бошқармаси Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси