Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Ахборот маркази

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Янгиликлар

Тошкент шаҳар нотариал идоралари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бевосита раҳбарлигига ўтказилади
10

Адлия вазирлигида нотариуслар ҳамжамияти билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда республиканинг барча ҳудудларидан келган нотариуслар ва адлия органларининг мутасадди раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қайд этиш лозимки, нотариат жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришиш жараёнида малакали юридик ёрдам кўрсатадиган, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган, ҳуқуқий низоларни олдини олиш ва ҳуқуқий муносабатларни ишончли ва тинч йўл билан ҳал этилишини таъминлайдиган институт ҳисобланади.

Бўлиб ўтган очиқ мулоқотда бугунги кунда нотариал идоралар фаолиятида йиғилиб қолган муаммолар атрофлича таҳлил қилинди, уларни бартараф этиш механизмлари ва таклифлари ўртага ташланди. Хусусан, нотариал идораларда навбатларнинг ортиб бораётганлиги, нотариуслар ва идора ходимларининг фуқаролар билан муомала маданияти, давлат божларини ҳисоблашда ягона амалиётни йўлга қўйиш, шунингдек нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда ортиқча ҳужжатларнинг талаб қилинаётганлиги ва бошқа шу каби масалаларга тўхталиб ўтилди.

Шунингдек нотариус касбининг эртанги куни, аҳолига нотариал хизматларни кўрсатишнинг энг замонавий услубларини кенг жорий этиш ва соҳани янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

10

Учрашув натижасида қуйидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди:

Биринчидан, республиканинг 21 фоиз нотариуслари ва 23,2 фоиз нотариат хизматлари Тошкент шаҳар нотариал идоралари салмоғига тўғри келишини эътиборга олиб, пойтахтдаги нотариал идоралар фаолияти шаҳар адлия бошқармасидан бевосита Адлия вазирлиги бўйсунуви ва бошқарувига ўтказилди ва вазирлик томонидан алоҳида назорат қилиб борилиши белгиланди. Нотариал идоралар жойлашувига қараб, тегишли секторларга бўлиниб, ҳар бир сектор бўйича махсус ишчи гуруҳлар томонидан назорат ишлари олиб борилади ва муаммолар “Йўл хариталари асосида” бартараф этилиши таъминлаб борилади.

Бу жараёнда самарали жаҳон андозаларидан келиб чиқиб жамоат назорати механизмлари кенг қўлланилиши кўзда тутилди. Шу мақсадда, Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда “Адлия билан мулоқот” гуруҳини ҳам яратиб, аҳолининг бу соҳадаги мурожаатлари, таклифлари ва эътирозлари бўйича ишлашнинг янгича тизими йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, пойтахт нотариал идоралари негизида “Энг илғор тажриба” лойиҳаси амалга оширилишига келишиб олинди. Ушбу лойиҳага асосан ахборот-коммуникация технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, ягона нотариал амалиётнинг жорий этиш, нотариал хизматлар ва мижоз учун зарур бўлган барча маълумотлардан фойдаланиш имкони тўлиқ яратиш, ходимлар томонидан малакали ва сифатли ҳуқуқий тушунтиришлар беришни кўзда тутади.

10

Иккинчидан, соҳага юқори даражадаги билим, юксак маънавиятли ва маданиятли мутахассисларни жалб қилиш мақсадида нотариус лавозимини эгаллаш бўйича ўтказиладиган танловларни мутлақо янгича ёндашув ва талаблар асосида ўтказиш тартиби жорий этилди. Эндиликда танловлар шаффоф ва очиқ тарзда, бевосита интернет тармоғида тўғридан-тўғри узатиш орқали ҳамда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ўтказилиши белгилаб олинди.

Хусусан, куни кеча бундай форматда биринчи маротаба танлов ўтказилди ва унинг жараёни вазирликнинг расмий сайти орқали тўғридан-тўғри намойиш этиб борилди. Танлов ўтказиш стандартлари ва талабгорларга кучли талаблар қўйилганлиги натижасида 25 нафар талабгорлардан фақат 4 тасигина танловда ғолиб деб топилди.

Учинчидан, нотариус касби вакиллари бугунги кун талабига, энг аввало халқнинг ишончини қозонишда, сифатли нотариал хизматлари кўрсатишда мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан соҳанинг барча ходимлари номидан тегишли МАЖБУРИЯТНОМАни қабул қилдилар. Мажбуриятда нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажариш, халққа сидқидилдан хизмат қилиш, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этиш, одоб-аҳлоқ қоидаларини сўзсиз бажариш, нотариус қасамёдини бузмаслик кабилар акс эттирилди. Ушбу мажбуриятномани ҳар бир нотариал идорада фуқаролар учун кўринарли жойларга осиб қўйиш белгилаб олинди.

10

Тўртинчидан, нотариуслар фаолиятига юқори талабларни қўйиш билан бирга, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, меҳнат шароитларини яхшилаш, ортиқча ва ўзини оқламаган мажбуриятлардан ҳамда нотариуснинг ваколат доирасига хос бўлмаган функциялардан озод этиш чоралари ҳам кўрилиши белгиланди. “Йилнинг энг яхши нотариуси” номли танлов эълон қилиниб, уни доимий ўтказиб боришга келишиб олинди.

Шунингдек йиғилишда

 Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантириш Ҳаракатлар Стратегиясида назарда тутилган нотариал идоралар соҳасида режалаштирилаётган ислоҳотлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, энг кутилаётган ва нотариал соҳасида давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг қўллаш орқали нодавлат нотариал идоралари тизими фаолияти йўлга қўйилиши, мажбурий нотариал тасдиқланадиган битимлар турларини мақбуллаштириш, нотариал идораларга электрон мурожаат қилиш тартибини белгилаш, давлат божини электрон тўлов тизимидан фойдаланган ҳолда қабул қилиш тартибини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.


Муаллиф: Адлия вазирлиги Ахборот хизмати