Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Ахборот маркази

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Янгиликлар

Фарзандлар келажагида барча масъул!

Ҳар бир инсон фарзанд кўрса қувонади. Уни авайлаб, ардоқлаб, ширин орзу умидлар билан вояга етказади. Ўйнаб юрган боласи бир зум кўзига кўринмай қолса, то топилгунича қанча изтиробга тушади. Азиз фарзандига қузғун ҳамла қилсаки, бутун  кўз олди қоронғу бўлиб, нолаю фиғонлар чекади. Уни қузғун ҳамласидан ҳимоя қилиш учун азиз жонини ҳам аямайди. Ота-она кўз қорачиғи бўлган азиз фарзандига шунчалик ғамҳўр, шунчалик меҳрибон экан, шу меҳрибонликни фарзанди улғайиб, балоғатга етгандан кейин ҳам  давом эттириши лозим. Кўп ота-оналар боласи улғайгандан кейин “болам вояга етиб ўзини-ўзи эплаб юрадиган бўлди-ку ” деб унга бўлган назоратини сусайтиради.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 1-сон академик лицейида Самарқанд шаҳар Никоҳ уйи ҳамда Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда жамоатчилик вакиллари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан СамДУ профессори А.Насомов, Никоҳ уйи мудираси Н.Маҳматкулова, Самарқанд шаҳар “Мир Сайид Барака” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Р.Қўчқоровлар юртимизнинг тараққиёти, халқимизнинг эртанги куни ёшларнинг баркамол инсон бўлишига боғлиқ эканлигини таъкидлашди. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида бу борада кўзда тутилган вазифалар ҳақида алоҳида тўхталишди.

Таъкидлаш жоизки, никоҳ қуриш, оила барқарорлиги, соғлом авлод барча жамиятлар учун доимо долзарб масалалардан ҳисобланиб келинган. Бу каби масалаларга бепарво бўлган жамиятларнинг келажаги бошқа жамиятларга қарам бўлишгача етиб борган. Шунинг учун жамиятда оила мустаҳкамлигини таъминлашда барча бирдек маъсулдир.

Эрта турмуш қуриш бир қанча салбий оқибатларга олиб келади. Баъзи ҳолларда она бир умрга ногирон ёки касалманд бўлиб қолади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғилиши, шунингдек, рўзғор юмушларидаги уқувсизлик ҳам муаммони янада чигаллаштиради. Чунки эрта оила қурган қизлар ҳеч қандай касб эгалламаган, ҳаётнинг паст-баландига кўникмаган бўлади ва фарзанд кўриб, уни тарбиялашга тайёр бўлмайди.

Кўп ҳолларда ота-оналар манфаатдорлик мақсадида дўстларининг, таниш билишларининг фарзандларига қизларини эрта турмушга берадилар, дабдабали тўй қиладилар. Лекин, афсуски оила нималигини ҳали тушуниб етмаган ёш қизларимизнинг бу оилавий ҳаётга кўникиб кетишлари қийин кечади. Шу тариқа ёш оилаларда турли хил келишмовчиликлар, жанжаллар келиб чиқади ва энг ачинарлиси, оиланинг бузилиб кетиши ажримларга сабаб бўлаётганлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Тадбирда ўғил-қизларнинг тиббий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ёт иллатлар таъсиридан ҳимоя қилиш, бу борада маҳалла, оила ва таълим муассасасининг масъулиятини ошириш хусусида фикрлар билдирилди.

Муаллиф: Самарқанд вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бўлими