Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Ахборот маркази

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Янгиликлар

Юртимизда байрам шукуҳи

Мамлакатимизда халқимизнинг энг эзгу, энг улуғ қадриятларидан  бири бўлган Наврўз айёмини ҳар йили тантанали нишонлаш аъанага айланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, бу йил ҳам азалий байрамимиз шодиёналик, кўтаринкилик руҳида ўтказилиши кутилмоқда.

 

Девон фаолиятида ўзгаришлар

   Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига кўра Президент девони фаолиятига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Бундан кўзланган асосий мақсадлардан бири аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашдир.

 

Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида

  Маълумки, давлатимиз томонидан халқимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган бўлиб, шулар жумласидан сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилишининг олдини олиш бу борада муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги  “Алкоголли маҳсулотларга ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори инсон организмига зарарли таъсир кўрсатадиган алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймаслик юзасидан назоратни янада кучайтиришга хизмат қилади.

 

Солиқ тўлаш тартибида янгилик

     Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги “Юридик шахснинг алоҳида бўлинмалари бўйича солиқларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори  алоҳида бўлинмалари мавжуд бўлган юридик шахсларни аниқлаш ва уларнинг кўламини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, унинг туб замирида иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт мужассам топган.

 

Тадбиркорларга яна бир рағбат

Республикамиз Президентининг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ишбилармонларга қурилиши тугалланмаган объектлардан ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш, зарур инвестициялар киритиш, замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш жойлари барпо этиш каби бир қатор имкониятлар яратилди.

Жумладан, қарорда тижорат банкларига қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, ижарачиларга 5 йил муддатгача, имтиёзли даври 12 ой бўлган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган ставка бўйича имтиёзли кредитлар бериш белгиланди.

 

Суд тизими янада такомиллашмоқда

       Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлашни, бу эса, ўз навбатида, суд тизимининг янада такомиллашувини тақозо этади. Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар штат бирликларини судьялар ва ҳарбий судлар ходимларидаги ҳарбий хизматчилар ҳуқуқий мақоми, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар учун белгиланган ҳуқуқ, имтиёз ва афзалликлар сақланмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий  суди тизимига ўтказилди.

Суд тизимига киритилган бу каби янгиликлар судни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашни энг олий даражага кўтаришда дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

 

Кенгаш қайтадан шакллантирилди

Дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломаларга бешик бўлган юртимиздан бугун ҳам жаҳон аҳлини лол қолдираётган олимлар, илм-фан намояндалари етишиб чиқмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги давлат мукофотларини таъсис этиш тўғрисида” 2006 йил 25 июлдаги ПФ-3781-сон Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Фармонига биноан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари бўйича кенгаш таркибининг қайтадан шакллантирилди. Бу эса илм-фан тараққиёти ҳукуматимиз эътиборидаги муҳим масалалардан бири эканлигидан далолат беради. Таъкидлаш жоизки, ушбу кенгашга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, тегишли вазирлик ва идоралар тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари етакчи олимлари, фан-техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳаларининг обрў-эътиборли вакиллари киритилди.

 

Нотариал битимлар электрон шаклда

Бугунги кунда барча соҳалардаги ўзгаришлар ягона мақсадга, яъни тезкорлик ва қулайлик яратишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 

27 февралдаги  “Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги қарори фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаб, турли битимларни расмийлаштириш жараёнидаги ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишни таъминлайди.

Энди нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомиллар автоматлаштирилиб, кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларини бошқага ўтказиш тақиқланганлиги ёки хатланганлиги бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилмоқда. Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан давлат хизматлари кўрсатишни назарда тутувчи “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилди.

Идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлаш Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 1 июлидан, мамлакатимизнинг қолган барча ҳудудларида эса 2018 йил 1 июлдан бошлаб амалиётга тадбиқ этилади.

 

Техника хавфсизлиги -  ҳаёт хавфсизлиги

 Қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, инсон ҳаётини муҳофаза қилиш учун техника хавфсизлигини таъминлаш бирламчи омил ҳисобланади. Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлигига қўйиладиган ягона талабларни белгилаш мақсадида 2017 йил 24 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентини тасдиқлаш ҳақида” қарори қабул қилинди.  Ушбу қарорга мувофиқ Умумий техник регламент белгиланган тартибда амалга киритилган кундан бошлаб шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлигига қўйиладиган мажбурий талабларни белгиловчи стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар ихтиёрий равишда қўлланади.

 

Кексаларимизга бепул хизмат

Жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб соат 10:00 дан 16:00 гача  бўлган вақт оралиғида юртимиз пенсионерлари Тошкент метрополитенида бепул юришлари мумкин. Бу эзгу амал “Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 мартдаги 128-сонли қарорига биноан йўлга қўйилди. Улар томонидан тўланиши лозим бўлган маблағлар давлат ҳисобидан қопланади.

Мазкур қарордан кўзланган мақсад нуроний кексаларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик ва эътиборни кучайтиришдан иборатдир.

 

Етти хазинамизнинг бири

Юртимиз аҳолисининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳам давлатимиз эътиборидаги муҳим масалалардан бири саналади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартда “Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиздаги энг йирик Айдар-Арнасой кўлларида балиқчиликни ривожлантириш, балиқ етиштиришнинг замонавий технология ва усулларини қўллаш, балиқ овлаш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, мазкур кўллар ҳудудида туризм, ҳаваскорлик ва балиқ ови спортини ривожлантиришга хизмат қилади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» давлат унитар корхонасининг ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

 

Деҳқон бой бўлса...

 Эндиликда бозорларимизда арзон мева-чева, гўшт маҳсулотлари янада кўпайиши кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айнан шу мақсадга қаратилгани билан эътиборга молик. Мазкур қарор деҳқон хўжалиги ва аҳоли томорқаси учун ажратилган ер майдонларидан янада самарали фойдаланиш, 100 бошдан парранда боқиш ва мевали кўчатлар етиштириш асносида халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш имкониятларини яратади. 

  

Ҳайдовчилар учун янгилик

Жорий йил 2 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга биноан ушбу гувоҳномаларнинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналари босқичма-босқич жорий этилиши назарда тутилмоқда. 2017 йил 1 октябрдан  гувоҳномаларнинг янги намуналари 10 йил муддатга берила бошланади.

Эслатиб ўтиш жоизки, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.


Муаллиф: Адлия вазирлиги Ахборот хизмати