Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 18.11.2019



19:28:17 (GMT +5), Дш, 18 ноя 2019

Тошкентда инглиз ҳуқуқи куни: сўз — конференция иштирокчиларига

Аҳамият беринг

Тошкентда инглиз ҳуқуқи куни: сўз — конференция иштирокчиларига

Пойтахтимизда “English Law Day in Tashkent” (“Тошкентда инглиз ҳуқуқи куни”) халқаро анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этишнинг долзарб жиҳатлари нималардан иборат? Чет эллик юристлар билан тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган мазкур анжуманда ана шу каби саволларга жавоб изланди ва соҳа истиқболлари ҳақида ўзаро фикр алмашилди.


Пойтахтимизда “English Law Day in Tashkent” (“Тошкентда инглиз ҳуқуқи куни”) халқаро анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этишнинг долзарб жиҳатлари нималардан иборат? Чет эллик юристлар билан тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган мазкур анжуманда ана шу каби саволларга жавоб изланди ва соҳа истиқболлари ҳақида ўзаро фикр алмашилди.

Чика МУРА,

Англия ва Уэльс юристлар жамияти вакили:

— Бугун бутун дунё мамлакатингизда рўй бераётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатмоқда ва барча соҳада, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни ижобий баҳоламоқда.

Форум доирасида халқаро миқёсда турли савдо ҳамда бошқа соҳаларда шартномалар тузилишида Англия ёки инглиз ҳуқуқининг қўлланилиши масаласи муҳокама этилди. Бир компаниянинг бошқа компания томонидан сотиб олиниши ёки уларнинг қўшилиши, шунингдек, қурилиш жараёнларида инглиз ҳуқуқининг қўлланилиши масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўйлайманки, мамлакатингизда инглиз ҳуқуқининг татбиқ этилиши турли компаниялар орасидаги ўзаро баҳслар ёхуд халқаро миқёсда тадбиркорликни ривожлантиришда юзага келадиган муаммоларни ижобий ҳал этишга имкон беради. Бу Ўзбекистон тараққиёти учун ҳар тарафлама фойдалидир. Биз эса ушбу ҳуқуқни жорий этишда ҳамкорликка тайёрмиз.


Сергей ОСТРОВСКИЙ,

Англия ва Уэльс юристлар жамиятининг халқаро қўмитаси аъзоси:

— Инглиз ҳуқуқи кунининг Тошкентда ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон ўзининг стратегик жойлашуви ҳамда халқаро қарашлари билан Буюк Британия ҳуқуқшуносларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис инглиз ҳуқуқини қўллашда ўзаро ҳамкорликда иш юритиш тарафдоримиз.

Англия қонунчилиги ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу тизим аллақачон бизнес учун одатий ҳолга айланган. Бу халқаро бизнес экспертлари ҳамда инвесторлар томонидан шартнома муносабатларида фойдаланиладиган энг фойдали воситадир. Яъни бу механизм кўпинча бизнесда қўлланилади.

Амалий бизнес юристи сифатида шуни таъкидлашим мумкинки, инглиз ҳуқуқи мамлакатингизда хорижий сармояларини жалб қилишда муваффақият келтиради. Бу эса Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашда қўл келади.


Саймон КОХ, Буюк Британиядаги “Norton Rose Fulbright” халқаро юридик фирмаси катта адвокати:

— Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш йўлида катта қадамлар ташлади. Шуни ҳисобга олиб, бизнес юритиш, сармояларни жалб қилиш имкониятлари билан бир қаторда, Ўзбекистонда инглиз қонунчилигини қўллаш вақти ҳам келди. Албатта, мамлакатингиз қонунчилиги ҳамда инглиз қонунлари ўртасида фарқлар мавжуд. Аммо инглиз ҳуқуқи халқаро битимларда кўпроқ қўлланилади ва бу иш муносабатларида маълум даражада эркинлик ва мослашувчанликни таъминлайди.

Ўз нутқимда халқаро сармояларни рағбатлантирадиган ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган ҳуқуқий тизим яратиш учун инглиз қонунларининг мослашуви ва қўлланилиши ҳақида гапирдим. Форум доирасида ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан ўзаро фикр алмашдик. Бу ҳам ҳамкорлигимизнинг ижобий тасдиғидир.