Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 18.11.2019



18:40:24 (GMT +5), Дш, 18 ноя 2019

Руслан Давлетов Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни санади

Аҳамият беринг

Руслан Давлетов Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни санади

Адлия вазири Руслан Давлетов тадбиркорлик соҳасида 80га яқин лицензия ва рухсатномалар бериш бекор қилингани ҳақида маълумот берди.


17-18 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида юристлар, вазирликлар ва идоралар мутахассислари, инглиз ҳуқуқи соҳасидаги миллий ва хорижий экспертлар Адлия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган «English Law Day in Tashkent» («Тошкентда инглиз ҳуқуқи») халқаро конференциясида жам бўлишди.

Тадбир аввалида Адлия вазири Рустам Давлетов, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлоу, Англия ва Уэльс халқаро юристлар жамияти қўмитаси аъзоси Сергей Островский йиғилишни очиб бериш учун нутқ сўзлади. 

Адлия вазири ўз чиқишида йиғилиш қатнашчилари, хорижлик меҳмонларга олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

«Айни вақтда Ўзбекистонда бир неча ҳуқуқий ислоҳотлар кетмоқда. Биринчидан, мамлакатда давлат бошқарувининг янги моделига ўтиш бўйича туб маъмурий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунда ҳам давлат органларининг имижини ва маҳсулдорлигини ошириш, ҳам антикоррупциявий чоралар билан тадбиркорлар учун маъмурий енгилликлар бериш ва бу билан иқтисоднинг ўсиши кўзда тутилган.

Шунингдек, ислоҳотларда асосий эътибор бизнесда турли бюрократик процедураларни қисқартиришга қаратилмоқда. Биз бу борада 80га яқин лицензия ва рухсатномаларни бекор қилдик. Лицензия ва рухсатномаларнинг расмийлаштириш муддати қисқартирилди.

Давлатга бўлган ишончни ҳимоя қилиш принципи яратилган бўлиб, у ҳалол сармоядорлар ва тадбиркорлик субъектларини мансабдор шахсларнинг кутилмаган маъмурий хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиш механизмларини назарда тутади.

Иккинчидан, бизнес ва инвестиция киритишда қулай шароитлар яратиш мақсадида иқтисодиёт эркинлаштирилиши олиб борилмоқда. Иқтисодий фаолиятда турли соҳаларда 300га яқин имтиёз ва преференциялар ўрнатилди. Айни вақтда 21та эркин иқтисодий зона ташкил этилган. Бу йилдан солиқ юкини кескин камайтиришни ўзида акс этган солиқ тизими амалга киритилди.

Учинчидан, суд-ҳуқуқ соҳасида комплекс чоралар кўрилмоқда. Жамият бу ислоҳотдан кўп нарса кутмоқда. Балки биз айни вақтдаги суд-ҳуқуқ соҳасидан 100 фоизли қониқиш ҳосил қилмасмиз, лекин ўзгаришлар бўлмоқда», – дея Руслан Давлетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Биринчи кун «English Law Day in Tashkent» мавзусидаги халқаро конференция форматда бўлиб ўтмоқда. Унда инглиз ҳуқуқидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан, инглиз ҳуқуқининг халқаро арбитраж билан қўшилиши ва сингдирилиши бўйича иш юритишда қўллаш масалалари муҳокама қилинади. Тадбир Англия ва Уэльс юристлар жамияти (The Law Society of England and Wales) ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Иккинчи кун Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан «Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқи нормаларини жорий этиш истиқболлари» мавзусидаги халқаро конференция форматида ўтказилади. Анжуман иштирокчилари континентал ҳуқуққа эга мамлакатларда инглиз ҳуқуқини жорий этишнинг долзарб масалалари, хусусан бу соҳада хорижий мамлакатлар тажрибаси ва Ўзбекистон истиқболларини муҳокама қилади.

Иштирокчиларни ўз ҳудудларида инглиз ҳуқуқидан фойдаланувчи мамлакатлар тажрибаси билан таништириш мақсадида Адлия Лорди Питер Гросс, МФЦА бошқаруви маслаҳатчиси Игорь Рогов, МФЦА суди аппаратининг регистратори ва раҳбари Кристофер Кэмпбелл-Холт, «Norton Rose Fulbright» халқаро юридик фирмасининг катта юристи Саймон Кох каби экспертлар ва ҳуқуқшунослар ҳамда Буюк Британия юридик доира вакиллари жалб қилинган.

Маълумот учун, Қозоғистон, ХХР, БАА, Сингапур ва бошқа мамлакатларда инглиз ҳуқуқидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилган. Жорий йилнинг июнь ойида Адлия вазирлиги делегацияси Қозоғистонга ташрифи доирасида «Астана» Халқаро молия марказининг инглиз ҳуқуқини татбиқ этишга доир тажрибасини ўрганди. Ташриф якуни бўйича ушбу тизимни «Навоий» ЭИЗ» ҳудудида жорий этиш бўйича таклифлар тайёрланди.

Бундан ташқари, Адлия вазири Руслан Давлетовнинг 2019 йил 25-28 июнь кунлари Лондон шаҳрига ташрифи доирасида ҳам Буюк Британиянинг тегишли ташкилотлари билан қатор учрашувлар ташкил этилган эди. Уларда Ўзбекистон раҳбарининг республикамиз ҳудудида инглиз ҳуқуқини жорий этишга доир ташаббуси муҳокама қилинган эди.

Британия вакиллари мазкур масалани ўрганишда эксперт ёрдамини кўрсатишга тайёр эканини билдирган. Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этиш истиқболларини муҳокама қилиш бўйича конференция ташкил этишга келишиб олинган.