Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 19.11.2019



15:50:35 (GMT +5), Сш, 19 ноя 2019

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси тайёрланди

Аҳамият беринг

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси тайёрланди

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси: асосий йўналишлар ва янгиликлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси: асосий йўналишлар ва янгиликлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий суди, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, шунингдек Тошкент давлат юридик университети, Германия Халқаро Ҳамкорлик Жамияти (GIZ) ва АҚШ Халқаро Ривожланиш Агентлиги (USAID) экспертлари иштирок этишди.

Таъкидлаш ўринлики, ушбу ҳужжат лойиҳаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 44-банди ижроси доирасида ишлаб чиқилган.

Кодекс лойиҳасида Давлат дастурида белгиланган қуйидаги вазифалар ўз аксини топган:

-ишни кўришнинг процессуал тартибини такомиллаштириш;

-процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини мақбуллаштириш;

-маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш юритиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш (электрон баённома, электрон маъмурий иш ва бошқалар);

-жабрланувчи аризасига асосан юритиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни тугатиш тартибини жорий қилиш;

-маъмурий жазо чоралари тизимини либераллаштириш;

-жарима жазосини ихтиёрий ижро этишни рағбатлантиришнинг дифференциал тартибини жорий этиш;

-маъмурий жавобгарликка тортишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар тоифасини мақбуллаштириш.

Бундан ташқари, лойиҳада бир нечта концептуал ўзгаришлар таклиф этилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

-Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс лойиҳасида умумҳуқуқий ва махсус принциплар рўйхатини аниқлаштириш ва кенгайтириш;

-Маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан юридик шахслар жавобгарлигини жорий қилиш;

-Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексни “Маъмурий   тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун билан мувофиқлаштириш;  

-Маъмурий жавобгарлик ва маъмурий жазодан озод қилиш.

Давра суҳбатида Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун билан мувофиқлаштириш, юридик шахсларни жавобгарлиги, жарималар миқдори масалаларида жиддий баҳс мунозаралар бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси мутахассислар таклифлари асосида такомиллаштирилади ва умумхалқ муҳокамасига қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Кодекс лойиҳаси қабул қилингач, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ўз кучини йўқотади.