Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 19.10.2019



08:29:23 (GMT +5), Яш, 20 окт 2019

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга оид Президент Фармони ижроси қай аҳволда?

Аҳамият беринг

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга оид Президент Фармони ижроси қай аҳволда?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга кўра, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари ташкил этилди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси УЗАКБЕРГЕН ЖАКСИМУРАТОВ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга кўра, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари ташкил этилди.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 27 май куни тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ишга тушириш масалаларига бағишланган йиғилишда Aдлия вазири ва Савдо-саноат палатаси раисига Республика ишчи гуруҳини тузиб, жойларда тадбиркорлар билан очиқ, амалий учрашувлар ўтказиш топширилган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 1-19 июнь кунлари адлия вазири Р.Давлетов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Хоразм, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 6 000 га яқин тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, 900 га яқин мурожаатлар қабул қилинди.

Мазкур мурожаатлар таҳлил қилинганда уларнинг аксарияти “Ҳар бир оила – тадбиркор” ва “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурлари доирасида кредитлар ажратиш, ер участкаси ва бино ажратиш, бузилган иморатларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш, қўшилган қиймат солиғини қўллаш, мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш учун битим тузиш ва имтиёзли кредитлар ажратиш каби масалалардан иборат эканлигини кўрсатди.

Шу билан бирга, учрашувлар давомида мурожаатларнинг 341 таси туман (шаҳар), 309 таси вилоят ҳамда 245 таси республика даражасида ҳал қилиш юзасидан вазирлик ва идораларга топшириқлар берилиб, уларнинг 89 фоизи ҳал этилди.

Хусусан, Сирдарё вилоятида жойлашган “Салар ун-дон нон” МЧЖга АТ “Халқ банки” Сирдарё филиалидан олинган 1 миллион 560 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредитнинг бир қисмини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш юзасидан ижобий хулосаси олинди.

Хоразм вилоятида 9 нафар тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Мактабгача таълим вазирлиги билан тузилган битимларга асосан Молия вазирлиги томонидан жами 11,1 миллиард сўм миқдоридаги ресурс маблағлари тегишли тижорат банклари ҳисоб рақамларига ўтказиб берилиши таъминланди.

Бундай ижобий мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

Энг асосий хулоса, тадбиркорлик қилишга қизиқиш сезиларли ошган бўлса, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилишга, шунингдек уларнинг қонуний талабларини тезкорлик билан ҳал қилишга ҳамда муаммоларни бартараф этишга етарлича эътибор қаратаяпти.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган графикка асосан Адлия вазири ва Савдо-саноат палатаси раҳбарлагидаги республика ишчи гуруҳлари томонидан жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб йил охиригача барча ҳудадларда сайёр учрашувлар ўтказилиши белгилаб берилди.

Хусусан, сентябрь ойида Андижон, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари, октябрь ойида Тошкент шаҳри, Бухоро, Хоразм вилоятлари, ноябрь ойида Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари, декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Тошкент вилоятларида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур учрашувларнинг ўтказилиш вақти ва жойи ҳақида ижтимоий тармоқлари орқали қўшимча маълумотлар бериб борилади.

Фурсатдан фойдаланиб фаолиятида муаммоларга дуч келаётган барча тадбиркорларни мазкур учрашувларда иштирок этишга чақириб қоламиз.