Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 19.10.2019



08:27:52 (GMT +5), Яш, 20 окт 2019

Автомобилларга уч фоизлик йиғим ишлаб чиқарувчи томонидан тўланади

Аҳамият беринг

Автомобилларга уч фоизлик йиғим ишлаб чиқарувчи томонидан тўланади

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июлдаги ПҚ–4397-сон “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган айрим талаблар нотўғри талқин қилиниш ҳолатлари учрамоқда. 


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Т.Азимов Адлия вазирлиги масъул ходими

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июлдаги ПҚ–4397-сон “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган айрим талаблар нотўғри талқин қилиниш ҳолатлари учрамоқда. 

Жумладан, юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун уч фоиздан иборат бўлган йиғим автотранспорт воситаларини сотиб олувчилар томонидан автомобиль харид қилаётган чоғида автомобиль нархи билан бирга амалга ошириши лозимлиги, бунинг учун жорий йилнинг 1 октябрига қадар дилерлик корхонаси билан олди-сотди шартномасини имзолаган, аммо хали автомобилини олмаган харидорлар билан қўшимча келишув имзоланиши ҳамда харидор томонидан мазкур тўлов автомобилни қабул қилиб олиш чоғида дилерлик корхонасига тўланиши керак ҳақидаги хабарлар тарқатилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июлдаги ПҚ–4397-сон “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши белгиланган. 

Ҳозирда амалда бўлиб турган тартибга асосан янги (аввал фойдаланилмаган) автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун тўлов харид нархидан уч фоиздан иборат бўлиб, автотранспорт воситаси Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказилишида автотранспорт воситаси эгаси (фойдаланувчи) томонидан тўланиши лозим. 

Яъни, аввал автомобиль харид қилаётган автомобиль эгаси ушбу автотранспорт воситасини ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказаётганида уч фоизлик йиғимни тўлаб келган бўлса, эндиликда жорий йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатимизда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаси харид қилинганлик учун ушбу йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланадиган бўлди. 

Фуқаролик кодексига мувофиқ қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Шартнома тузишга мажбур қилишга эса йўл қўйилмайди. 

Шунга кўра, шартномада автомобиль учун тўланадиган ҳақ миқдорини ўзгартириш назарда тутилмаган бўлса, у ҳолда шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Бунинг учун шартнома бўйича ҳар иккала тарафнинг розилиги талаб этилади, шартнома тузиш бурчи қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. 

Танлов асосида дилер корхоналар ва сотиб олувчилар ўртасида тузилган шартномалар таҳлили шартнома нархи фақатгина автомобилга қўшимча опциялар ўрнатилганда ўзгариши мумкинлиги белгиланганлигини кўрсатди. 

Юқоридагиларга кўра, 1 октябрга қадар дилерлик корхонаси билан олди-сотди шартномасини имзолаган, аммо ҳали автомобилини олмаган харидорлар билан янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун уч фоиздан иборат бўлган йиғимни дилерлик корхонасига тўлатиш бўйича қўшимча келишув тузишга бўлган бир томонлама уриниш қонун ҳужжатларига зиддир.