Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 19.10.2019



08:25:44 (GMT +5), Яш, 20 окт 2019

Ўзбекистонда арбитражнинг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Аҳамият беринг

Ўзбекистонда арбитражнинг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

2019 йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда арбитражнинг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

2019 йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда арбитражнинг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тарақиёт дастури, USAID халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференцияда Парламент аъзолари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари, мутахассислар, ҳуқуқшунос олимлар, миллий ва хорижий экспертлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи, юридик фанлар доктори Исломбек Рустамбеков маъруза билан Ўзбекистоннинг минтақада етакчи арбитраж марказларидан бирига айланиш истиқболларига тўхталиб ўтди ва бунга ҳозирда олиб борилаётган ислоҳотлар тўлиқ мос келиши ва мазкур натижага эришиш учун пойдевор бўлаётганлиги кўрсатиб берди. Шунингдек, мазкур мақсадга эришиш йўлида халқаро талабларга мувофиқ келадиган ҳуқуқий базани шакллантириш, халқаро арбитраж моҳиятини тадбиркорлик субъектлари ва ҳуқуқшунос мутахассислар ўртасида кенг ёритиш ҳамда тегишли инфратузилмани шакллантириш лозимлигини таъкидланди.

Конференцияда арбитраж институтининг турли жиҳатларига, халқаро арбитражни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича хорижий ва миллий тажрибага, Ўзбекистонда ҳакамлик судлари фаолияти ва уларни ривожлантриш истиқболларига бағишланган сенаторларнинг, БМТТД лойиҳаси, Осиё тараққиёт банки экспертларининг, олимлар ва мутахассисларнинг маърузалари ҳамда нутқлари тингланди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда имкон қадар қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, инвесторлар, айниқса хорижий инвесторлар фаолияти учун ҳуқуқий шарт-шароит яратиш, шунингдек халқаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқдалигини таъкидлаб ўтишди.

Тадбирда Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражи фаолияти ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

Анжуман якунида Тошкент халқаро арбитраж маркази ва Гонконг арбитраж маркази ўртасида меморандум тузиш маросими ўтказилди.