Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 14.09.2019



07:52:40 (GMT +5), Дш, 16 сен 2019

Хусусий нотариусларга рухсат берилди

Аҳамият беринг

Хусусий нотариусларга рухсат берилди

Нотариус хизмати сифат жиҳатдан юқори, тезкор бўлиши фуқароларнинг уларга ишончини мустаҳкамлайди. Бу борада ўтган йилларда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик биалн алоқалар бўлими

Нотариус хизмати сифат жиҳатдан юқори, тезкор бўлиши фуқароларнинг уларга ишончини мустаҳкамлайди. Бу борада ўтган йилларда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, нотариатнинг фаол модели доирасида яратилган электрон алмашиниш тизими фуқароларни кўплаб ҳужжатларни йиғишдан озод қилди ва бу жараёнларни нотариусларнинг ўзи саноқли дақиқаларда онлайн тарзда амалга оширмоқда. Ходимларнинг иш жараёнларини автоматлаштириш ва уларни мониторинг қилишнинг самарали воситалари яратилди.

Шу билан бирга, тизимда ортиқча бюрократик тўсиқлар, навбатлар кўплиги, сансалорлик ва суиистеъмолчиликлар каби кўплаб муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, уларга соҳада туб исолоҳотлар ўтказмасдан барҳам беришнинг имкони йўқ эди. Янги қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони соҳада янги даврни бошлаб берди.

Фармонга кўра, 2019 йил 1 октябрдан транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани нотариал тасдиқлаш бекор қилинди.

Шунингдек, 2020 йил 1 январдан:

давлат нотариал идоралари босқичма-босқич нодавлат – яъни хусусий нотариал идораларга айлантирилади;

корхона ижараси, текин фойдаланиш, бирламчи бозорда мол-мулк лизинги ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинади;

– қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмайди;

– коммунал хизматлар бўйича қарздорлик фақатгина МИБнинг ахборот тизими орқали онлайн режимда текширилади.

– битимлар турли ҳудуддаги нотариал идораларда туриб видеоконференцалоқа режимида амалга оширилиши мумкин;

– очиқ ахборот тизимидан олинган ҳужжатнинг қоғоз шакли электрон шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлади;

– нотариусларга судгача далилларни таъминлаш (гувоҳларни сўроқ қилиш, далилларни кўздан кечириш ва гувоҳлантириш, экспертиза тайинлаш, интернетдаги фактларни тасдиқлаш) мулкий ва мерос масалаларида низоларни судгача ҳал қилиш – медиатор вазифасини бажариш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш каби янги ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади;

– нотариусга мурожаат этишда электрон навбат олиш ва ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш имкони яратилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 январгача эксперимент тариқасида нотариал идораларда мол-мулкни тасарруф этиш билан боғлиқ бўлмаган битимларни, ижро хатларини, ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлаш ва аризаларни электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ҳамда видеоконференция орқали расмийлаштириш йўлга қўйилади.

2021 йил 1 январгача аэропортлар ва темир йўл вокзалларида айрим турдаги нотариал ҳаракатларни онлайн амалга ошириш имконини берувчи инфокиоскалар жойлаштирилади.

Нодавлат нотариат тизимини бошқариш ва уларнинг манфаатларини ифода этиш учун Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилади.

Шунингдек, Фармон билан 2019-2021 йилларда нотариат институтини янада такомиллаштириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

Демак, нотариат соҳасида янги давр бошланди...