Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 14.09.2019



07:48:06 (GMT +5), Дш, 16 сен 2019

Суд: шарҳлар учун ОАВ ва блогер жавобгар бўлади

Аҳамият беринг

Суд: шарҳлар учун ОАВ ва блогер жавобгар бўлади

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда авж олган “Мақола ва постлар остида қолдирилган шарҳлар учун ОАВ ва блогер жавобгарми?” деган масалага халқаро тажрибани ўрганиб, жавоб изладик. Қуйида ушбу изланишлар натижасида учраган иккита ўзига хос суд прецедентини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Фурқат Тожиев Адлия вазирлиги масъул ходими

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда авж олган “Мақола ва постлар остида қолдирилган шарҳлар учун ОАВ ва блогер жавобгарми?” деган масалага халқаро тажрибани ўрганиб, жавоб изладик. Қуйида ушбу изланишлар натижасида учраган иккита ўзига хос суд прецедентини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Бунда ўша мамлакатларда демократик тамойилларга юқори даражада амал қилиниши, суд ҳокимиятининг мустақиллигига алоҳида эътибор қаратиш жоиз.

Эстония

Интернет орқали хабарларни тарқатуви Delfi AS компанияси 2006 йилда “AS Saaremaa Laevakompanii” компанияси тўғрисида мақола эълон қилади ва ушбу мақола сўнгидан жуда кўплаб изоҳлар қолдирилади.

Қолдирилган изоҳларнинг орасида компанияга нисбатан турли ҳақорат ва туҳматлар ҳам мавжуд эди. Шу сабабли компания Delfi Asни судга беради ва Эстониянинг барча даражадаги судлари қолдирилган изоҳлар учун Delfi Asни айбдор деб топади ҳамда жарима тўлаш бўйича мажбурият юклайди.

Delfi AS Эстония судлари томонидан чиқарилган қарорни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 10-моддаси яъни фикр билдириш эркинлиги ҳуқуқига зид эканлигини қайд этади ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига апелляция киритади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Delfi ASнинг ҳуқуқлари ноқонуний бузилган ёки бузилмаганлигини аниқлаш учун барча фактларни ўрганиб чиқади.

Хусусан, Эстониянинг Фуқаролик кодекси ҳамда Мажбуриятлар тўғрисидаги қонунида шаън ва қадр-қимматга путур етказиш, обрўсизлантириш, шахснинг ҳаётига аралашиш мумкин эмаслиги ва бу жавобгарликка сабаб бўлиши қайд қилинган. Ушбу ҳолатлар юз берганида уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва содир этилишига туртки бўлган омиллар ҳам аниқланиши белгиланган.

Эстониянинг “Ахборот жамияти хизматлари тўғрисида”ги қонунига кўра маълумот узатувчи ўз саҳифасида ўчирилиши ёки йўқ қилиниши лозим бўлган (туҳмат, ҳақорат, террористик материаллар) маълумотлар пайдо бўлгани биланоқ тезкорлик билан уни ўчириши лозим, шунингдек маълумотлар суд, полиция ёки бошқа давлат назорати органларининг талаблари билан ўчирилади.

Европа кенгаши Вазирлар қўмитасининг 2003 йил 28 майдаги 840-йиғилишида Интернет тармоғида алоқа эркинлиги тўғрисидаги Декларацияни имзолаган.

Мазкур декларациянинг еттинчи принципида Давлатлар интернет тармоғидаги онлайн ноқонуний ҳаракатлардан фуқароларнинг шахсий ҳаёти, маълумотлари, дахлсизлигини ҳимоялаши кераклиги белгиланган.

Европа Парламентининг 2000 йил 8 июндаги 2000/31/EC-сонли директивасига кўра интернет тармоғидаги учинчи шахслар томонидан қолдирилган изоҳлар учун муаллиф қуйидаги ҳолатларда жавобгар бўлмайди:

агар қолдирилган маълумотнинг ноқонуний эканлигини ёки зарар келтириши мумкинлигини билмаганида;

муаллиф қолдирилган маълумотга боғланиш ва уни ўчириб юбориш имкониятига эга бўлмаганида.

Қолган барча ҳолатларда муаллиф ўз саҳифаси учун жавобгардир.

Босма оммавий ахборот воситаларида ҳар бир ахборот чиқаётганида ёлғон, туҳмат, ҳақорат ва шунга ўхшаш маълумотларнинг олдини олиш учун таҳрир қилинади.

Лекин интернет нашрларнинг, ижтимоий тармоқларнинг ўзига хос жиҳати мавжуд, яъни қолдирилаётган изоҳларни муаллиф олдиндан таҳрир қила олмайди. Босма нашрларда нашриётчи таҳрир қилиш орқали маълумотларни тозалаш мажбуриятига эга, интернет тармоғида эса пост муаллифи билдирилаётган изоҳларни ўзгартириш ёки ўчириш учун масъул.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Delfi AS қолдирилган изоҳлар учун жавобгар эканлигини ва унга нисбатан Эстония судлари томонидан тайинланган жазо Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 10-моддасига зид эмаслиги ҳақида қарор қабул қилади.

Янги Зеландия

Янги Зеландия Олий суди айнан Facebookдаги учинчи шахслар томонидан қилинган тухмат, ҳақорат учун жавобгарликни белгилашга оид “Murray ва Wishart” ўртасидаги ишни кўриб чиқиб, туҳмат ва ҳақорат учун саҳифа эгасини жавобгар сифатида белгилайди.

Ушбу ҳолатда Суд ўз қарорини халқаро ҳужжатларга мувофиқ қабул қилганлигини қайд этиб қуйидагиларни билдиради:

Facebook ҳамда бошқа ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳлар учун саҳифа муаллифи қолдирилган изоҳ муаллифи сифатида баҳоланади;

саҳифа эгалари туҳмат ёки ҳақорат ҳақидаги маълумотни ўз саҳифасида қолдирилганлигини билсалар уларни оқилона муддатда ўчириши лозим.

Бунда ҳақорат қилинган шахснинг изоҳни ўчириб ташлаш тўғрисидаги талаби бўлиши шарт эмас, чунки туҳмат ва ҳақорат барча қонунчилик билан тақиқланган ҳамда саҳифа бу унинг эгасининг матбуот жойи ҳисобланади, матбуотда эса бундай ҳолатлар учун муаллифлар жавоб беради.

Суд Facebookдаги саҳифани девор сифатида қабул қилган ва у деворга бошқалар туҳмат маълумотларни ёпиштириб кетса, бунда девор эгаси жавобгар бўлиши тайин дея уқтиради.

Хулоса

Юқоридаги ҳолатлар шарҳларга жавобгарлик масаласини бошқа бир ракурсдан кўрсатиб бераётгани, хусусан, “топик стартер”ларга шарҳлар учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгилаётгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистонда ижтимоий медиа соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш – нисбатан янги йўналиш бўлиб, биз бу борада илк қадамларни қўймоқдамиз. Шунингдек, сўз эркинлиги борасида сўнгги йилларда юртимизда кузатилаётган шиддатли ўзгаришлар ҳам фуқароларнинг кўп янги тушунчаларни фарқлашлари ва ўрганишларини тақозо қилмоқда. Бугунги кунда сўзга масъулият билан ёндашиш, шарҳ қолдирганда белгиланган талабларни унутмаслик қонун ва жамият олдидаги бурчимиздир.