Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 15.07.2019



01:31:19 (GMT +5), Сш, 16 июл 2019

Ўзбекистон делегацияси Гаага конференциясининг бош котиби билан учрашув ўтказди

Аҳамият беринг

Ўзбекистон делегацияси Гаага конференциясининг бош котиби билан учрашув ўтказди


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

2019 йилнинг 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси (ХХҲГК)нинг 22-дипломатик сессиясида иштирок доирасида ташкилотнинг бош котиби Кристоф Бернаскони билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашув давомида К.Бернаскони Ўзбекистон делегацияси аъзоларига ХХҲГК фаолиятининг асосий йўналишлари, ташкилотга аъзо давлатларга тақдим қилинадиган шароитлар ҳақида маълумот берди. Бош котиб Ўзбекистон Республикасининг ХХҲГКга қўшилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини хайрихоҳлик билдирди. Бу ўринда Марказий Осиё минтақасининг стратегик аҳамияти, жумладан унинг марказида жойлашган ҳамда минтақанинг йирик ва муҳим мамлакати саналган Ўзбекистон билан алоқаларнинг муҳимлигига эътибор қаратилди. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон делегацияси раҳбари томонидан ХХҲГК вакиллари эътиборига 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракат стратегияси доирасида суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган амалий ҳаракатлар ва чуқур ўзгаришлар ҳақидаги кенг қамровли маълумотлар берилди. 

Х.Мелиев Ўзбекистон республикаси делегациясининг Гаага конференциясининг дипломатик сессиясида кузатувчи сифатидаги иштирокининг халқаро тенденциялар ва халқаро хусусий ҳуқуқ соҳасидаги Ўзбекистон қонунчилиги нормаларини янада унификация қилиш учун аҳамияти юқори эканлигини таъкидлади. 

Томонлар Ўзбекистон хусусий ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришда эксперт кўмаги, Тошкент давлат юридик университети негизида Халқаро хусусий ҳуқуқ қўшма Марказини тузиш истиқболлари каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди. 

Қайд этиб ўтилган ҳамкорлик йўналишлари Гаага конференцияси вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга ўзбекистонлик хусусий ҳуқуқ мутахассисларининг ХХҲГКда амалиёт ўташини ташкил қилиш масаласини биргаликда ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтилди. 

К.Барнасконининг маълум қилишича, ХХҲГК аъзо давлатларга Гаага конвенцияларини имплементация қилишда нафақат эксперт кўмагини, балки техник ёрдам ҳам кўрсатади. Таълим беришга мўлжалланган тадбирларни ўтказиш мазкур техник ёрдам жумласига киради.

Бош котиб Ўзбекистоннинг мамлакатнинг халқаро рейтингларда ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилишини қўллаб қувватлади. Бу борада, К.Бернасконинг фикрича, ХХҲГК аъзолик мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади, зеро инвесторлар ўз сармояларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларига эътибор қаратадилар. Қолаверса, ХХҲГК конвенцияларида иштирок этиш эса, сармояларни ҳимоя қилиш борасида самарали механизм бўлиб хизмат қилиши мумкин. 

Учрашув якунида томонлар келгусида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.