Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 15.07.2019



01:28:51 (GMT +5), Сш, 16 июл 2019

1 августдан бошлаб “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасига старт берилади

Аҳамият беринг

1 августдан бошлаб “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасига старт берилади

2019 йилнинг 15 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда адлия вазири Р.Давлетов ҳам иштирок этди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

2019 йилнинг 15 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда адлия вазири Р.Давлетов ҳам иштирок этди.

Комиссия мажлисида Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама этилди.

Унда таъкидлаганидек, коррупция жамиятни турли йўллар билан ўз исканжасига оладиган, демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказадиган, инсон ҳуқуқлари бузилишига, бозорлар фаолиятининг издан чиқишига олиб келадиган ва шу тариқа тараққиётни ортга сурадиган иллат ҳисобланади.

Адлия вазири мажлисда сўзга чиқиб, бу борада вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. Жумладан, бугунги кунда вазирликка тақдим этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертиза доирасида коррупцияга қарши экспертизадан ҳам ўтказилмоқда. Бу борадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун вазирлик ва идораларнинг юридик хизматига малакали мутахассисларни жалб этиш, уларнинг лойиҳаларни ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича масъулиятини ошириш, Адлия вазирлигининг қонунчилик бошқармаларида бир йилда бир маротаба лойиҳаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича бир ҳафталик стажировка ўташларини ташкил қилишга қаратилган қатор таклифларни билдирди.

Шу билан бирга, вазирлик тизими ходимлари фаолиятида коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишини ва манфаатлар тўқнашувини олдини олиш мақсадида 2019 йил 20 февралда Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш дастури ва мазкур дастурни амалга ошириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ҳамда “Очиқ адлия” дастури тасдиқланганини қайд этди.

Бундан ташқари, жойларда  “Сирли мижоз” ва бошқа рейд тарбирлари ўтказилди. Хусусан, нотариат соҳасида жорий йилнинг февраль – апрель ойларида вазирлик ходимлари томонидан Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидаги 103 та нотариал идораларда рейд текширувлари олиб борилди.Мазкур тадбирларда аниқланган ҳолатлар бўйича 8 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва 21 нафар ходимга интизомий жазо чораси қўлланилган.

Шунингдек, нотариат соҳасида “Биллинг” ва тўловлар бўйича “смс-хабарнома” жўнатиш тизими жорий этилгани ҳақида маълумот берилди. Коррупцияга қарши курашишда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш муҳим ҳисобланди. Шундан келиб чиқиб, вазирлик томонидан ҳуқуқий тарғиботнинг турли инновацион усулларидан фойдаланмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил декабрь ойида “Биз коррупцияга қаршимиз” номли мегатанлов, унинг доирасида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” номли иншолар танлови ўтказилди. Мегатанлов доирасида мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари учун ташкил этилган “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусидаги иншолар танловида 22 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этишди. Танлов натижалари бўйича ғолиблар муносиб тақдирланди.

Ҳозирги кунда вазирликнинг расмий веб-сайтида “Коррупцияга қарши курашиш” номли ходимлар хатти-ҳаракатига оид коррупцияни олдини олиш бўйича мурожаат қилиш имконини берувчи махсус саҳифа очилган. Ушбу сайт орқали юборилган таклиф ва шикоятлар вазирликнинг Мурожаатлар бўлимига тўғридан-тўғри келиб тушади ва улар ушбу бўлим томонидан мунтазам таҳлил қилиб борилади.

Фуқаролар томонидан адлия органлари ва муассасаларидаги коррупциявий ҳолатлар бўйича ахборот бериш тизимини такомиллаштириш мақсадида @antikorbot телеграмм бoти ишга туширилди. Ушбу бот орқали вазирлик тизимидаги идора ва муассасалардаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳамда ноқонуний ишлар ҳақида хабар берилиши мумкин. Бунда юборилган хабарлар белгиланган тартибда кўриб чиқилаётгани ҳақида сўз юритилди.

Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича, шу жумладан олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу эса, давлат хизматини кўрсатишда фуқаро ва ваколатли идора ходими ўртасида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатларни олди олади. Бу соҳада “Сирли мижоз” рейдлари ўтказилиб, унда аниқланган коррупциявий ҳолатлар бўйича жиддий чоралар кўрилиб, бу ҳақда кенг жамоатчиликка маълум қилиниб келинаётгани билдирилди.

Тадбирда қайд этилганидек, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида капитал қурилиш ва таълим тизимларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилади. Унинг доирасида тўрачилик ва қоғозбозлик билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этиш, қонунийликни мустаҳкамлаш каби барча жараёнлар адолатли ва шаффоф тарзда бўлишига эришиш назарда тутилган.

Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди. Унга кўра, Идоралараро комиссиянинг чора-тадбирлар режаси, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлар, Идоралараро комиссия ҳузуридаги Эксперт гуруҳи таркиби ва Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилишга қаратилган медиа-режа тасдиқланди.