Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 19.10.2019



19:59:06 (GMT +5), Шб, 19 окт 2019

Ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори камайтирилади

Аҳамият беринг

Ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори камайтирилади

2019 йилнинг 7 июнь куни Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли матбуот анжуманида бу ҳақда маълум қилинди. 


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

2019 йилнинг 7 июнь куни Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли матбуот анжуманида бу ҳақда маълум қилинди. Матбуот анжумани соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган янгиликларни тушунтиришга қаратилди.

Таъкидлашича, қарорга кўра 2021 йил 1 январга қадар куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги бўйича талаб автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Куннинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши керак:

·                     транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;

·                     йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;

·                     болалар гуруҳини ташкилий ташишда;

·                     хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;

·                     механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);

·                     мотоцикл ва мопедларда.

Ҳужжатга асосан, «фаралар» бўйича қатъий талаб ҳайдовчиларга эмас, ишлаб чиқарувчиларга қўйилади. 

Қарорда белгиланишича, 2020 йил 1 январдан мамлакатда ишлаб чиқариладиган барча автомототранспорт воситалари ички бозорга ишлаб чиқарувчи томонидан автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган ҳолда чиқарилади.

Республикага чет элдан импорт қилинадиган автомототранспорт воситаларида кундузги сигнал чироқларининг мавжудлиги сертификациядан ўтказиш учун мажбурий техник талаб сифатида белгиланади. Яъни, импорт автомобилларнинг ҳам шундай автоматик ёнадиган чироқлари бўлмаса, мамлакат ичкарисига олиб кирилишига рухсат берилмайди.

Тадбирда маъмурий баённома тузилиб, белгиланган миқдордаги жаримани тўлаган ҳайдовчиларга тўланган сўмма миқдори қайтарилмаслиги, шунингдек баённома расмийлаштирилиб, лекин тўлашга улгурмаган ҳайдовчилар учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 9-моддаси 3-бандига мувофиқ, маъмурий баённома бекор бўлиши ва жаримадан озод қилиниши соҳа мутахассислари томонидан билдирилди. Яъни, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқлидир. 

Эслатиб ўтамиз, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 9 апрелдаги 292-сон қарори билан куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт қилиб белгиланганди.

Бундан ташқари, ҳукумат топшириғига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини (ҳозирда 101 минг 365 сўм) камайтиришга оид тегишли Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари соҳа мутахассисларига ушбу қонун ҳужжатлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.