Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 17.08.2019



04:20:50 (GMT +5), Яш, 18 авг 2019

Адлия вазири ўринбосари: "Коррупцияга хотиржам қарашга ҳаққимиз йўқ"

Аҳамият беринг

Адлия вазири ўринбосари: "Коррупцияга хотиржам қарашга ҳаққимиз йўқ"

Коррупция – қонуннинг қўпол равишда бузилишидир. Энг ёмони, уни амалга оширган шахс бошқаларнинг ҳуқуқларига путур етказади. Алал-оқибат бу иллат жамиятга, мамлакат тараққиётига рахна солади.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА

Ёхуд бармоғимиз доим коррупциянинг пульсида бўлади!

Коррупция – қонуннинг қўпол равишда бузилишидир. Энг ёмони, уни амалга оширган шахс бошқаларнинг ҳуқуқларига путур етказади. Алал-оқибат бу иллат жамиятга, мамлакат тараққиётига рахна солади.

Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашиш долзарблигича қолмоқда. Адлия идораларида коррупцияга қарши жиддий чоралар кўрилмоқда. Вазирликнинг бу борадаги фаолиятида бошқа ташкилотларга ўрнак бўладиган жиҳатлар ҳам бор. Бу қандай жиҳатлар?

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Худоёр МЕЛИЕВ билан шу ҳақида суҳбатлашди.

– Коррупция халқнинг давлатга ишончини пасайтиради, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади, – дейди Х.Мелиев. – Коррупция тизгинланмаса, тараққиёт йўлида қилинаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўз самарасини бермайди.

Қолаверса, коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширадиган, инвестиявий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган омилдир.

Шу боис коррупция билан муроса қилиб бўлмайди, “бутун дунёда бор”, “коррупцияни барибир енгиб бўлмайди” каби важлар билан уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам мумкин эмас. Коррупцияни фақат тубдан йўқ қилиш ҳақида ўйлаш керак.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг зарур ҳуқуқий асослари мавжуд. Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида имзолаган биринчи қонун “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонундир. (2017 йил 4 январь).

Бу кўп нарсани англатади, албатта. Коррупцияга қарши курашиш масаласига биринчи навбатда аҳамият берилишини, уни енгишга бўлган сиёсий иродани ифодалайди.

Қонун ижросини тўлиқ таъминлаш ва коррупцияга қарши курашишни тизимли ҳамда тартибли амалга ошириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди. Адлия вазири эса ушбу комиссия раисининг ўринбосари ҳисобланади.

– Адлия тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Тизимда “коррупция биринчи рақамли душман”, деб эълон қилинган. Уни бартараф этиш бўйича жиддий амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Биз имитация ёки қуруқ югур-югур билан коррупцияни енгиб бўлмаслигини яхши биламиз. Шу сабабли натижага урғу бераяпмиз. Бунда биз жамоатчилик назорати ва инновацион усулларни уйғунлаштирган ҳолда коррупцияга қарши курашиш тизимини яратдик.

Аввало, адлия органлари ва муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Токи адлия ходимлари меҳнатига яраша ҳақ олсин, эҳтиёж туфайли коррупцияга қўл урмасин ва иш ўрнини йўқотмаслик учун ҳалол ишласин.

Нотариат соҳасида коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар борлиги ва бу борада бизга бот-бот "сигнал"лар келиб туриши сир эмас. Шу сабабли мазкур соҳага муносиб ва ҳалол кадрларни танлаш ҳамда танлов жараёнини шаффоф ўтказиш учун нотариус лавозимига танловларни онлайн кузатиб бориш амалиёти қўлланилмоқда. Бу, айтиш мумкинки, бошқа ҳеч бир давлат идораларида ҳозиргача амалга оширилмаган тажриба. Шунингдек, нотариал идораларда видеокузатув камералари ўрнатилиб, иш фаолиятини узлуксиз мониторинг қилиш тизими жорий этилди.

Коррупциявий ҳолатларга қарши курашиш ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида қисқа муддатли текшириш (рейд) ва “Сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш тартиби жорий қилинди. Бунда тегишли ходимларимиз мижоз сифатида хизматдан фойдаланади, бу жараёнда таъмагирлик учраса, фош қилади.

– “Сирли мижоз” тадбири, “Очиқ адлия” ижтимоий дастури қандай натижа кўрсатмоқда?

– Жорий йилнинг февраль-апрель ойларида вазирлик ходимлари томонидан Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидаги 103 нотариал идорада рейд текширувлари ўтказилди. Мазкур тадбирларда аниқланган ҳолатлар бўйича 8 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди ва 21 нафар ходимга интизомий жазо чораси қўлланилди.

Кўрилаётган чоралар ўзининг самарасини бермоқда. 2016 йилда 44 нафар ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 11, 2018 йилда эса 1 нафарни ташкил этди.

Фаолият очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мониторингини олиб бориш мақсадида Жамоатчилик кенгаши тузилди.

Жорий йилда адлия вазири буйруғи билан Адлия вазирлигининг адлия органлари ва муассасаларида кадрлар билан ишлаш дастури қабул қилинди. Вазирлик фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар беришга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастури тасдиқланди.

Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йили Адлия вазирлиги республикамиздаги энг очиқ, шаффоф давлат ташкилоти, деб эътироф этилди.

Маълумки, коррупциявий қилмишларга юқори латентлик хос, яъни бундай турдаги ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти очилмай қолади. Чунки бундан икки тараф ҳам манфаатдор. Шу сабабдан коррупцияга қарши кенг кўламли, ақлли ва инновацион кураш чораларини доимий тарзда жорий этиш мақсадга мувофиқ. Бунда коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаблар ва шароитларни бартараф қилишга асосий урғу берилмоқда.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ўз вақтида етказилишини таъминлаш мақсадида яқинда телеграм тармоғида “@antikorbot” номли махсус бот ишга туширилди. Келиб тушган хабарларга тезкор амалий муносабат билдириш тизими яратилди.

Ушбу бот орқали фуқаролар Адлия вазирлиги ва унинг тизимидаги таълим муассасаларидаги ноқонуний ишлар, жумладан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бериши мумкин.

– Очиқлик ва шаффофлик коррупция кушандаси ҳисобланади. Шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар қандай натижа бермоқда?

– Адлия вазирлиги фаолиятида очиқлик ва шаффофлик муҳим ўрин эгаллайди. Шу ўринда бир нарсага тўхталиб ўтсам: коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар, шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш дастури тасдиқланди. Бу ҳам давлат ташкилотлари ичида биринчилардан бўлиб адлия тизимида амалга оширилган амалий иш, таъбир жоиз бўлса, коррупцияга нисбатан жиддий зарбадир.

Очиқ фаолият юритиш борасида қатор чоралар белгиланган. Вазирлик биносидаги хоналарнинг жойлашуви ҳам қайта кўриб чиқилди. Ходимлар кенг майдонда бир-бирини бемалол кузата оладиган даражада жойлаштирилди. Ташкилотга келган фуқаролар ҳам ходимлар қандай иш билан банд бўлишини ўз кўзлари билан кўриши мумкин. Содда қилиб айтганда, деворлар ва эшиклар ҳам энди шаффофликни таъминлайди. Бу усул коррупциявий омилларнинг олдини ҳам олади.

Йилида икки марта Адлия вазирлиги марказий аппаратида, Давлат хизматлари агентлигида, адлия органлари ва муассасаларида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, ходимларни аттестациядан ўтказишда илк маротаба жамоатчилик назоратини назарда тутувчи мутлақо янги механизм жорий этилди. Ҳудудий адлия органларида ходимларнинг аттестацияси жараёни вазирликнинг расмий веб-сайти minjust.uz орқали онлайн тарзда трансляция қилиниши йўлга қўйилди.

Адолатли тарзда ўтган ушбу тадбирда адлия органлари ходимларининг 60 нафари аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 33 нафари эгаллаб турган лавозимига лойиқ, деб топилди. 17 нафарига 6 ой синов муддати белгиланди. 10 нафари эгаллаб турган лавозимига нолойиқ, деб топилиб, эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Нотариат тизимида коррупциянинг олдини олиш учун тўловлар онлайн тарзда амалга оширилиши ва бунда тўлов квитанциялари “Биллинг” тизими орқали чиқарилиши тартиби йўлга қўйилди.

Бундан буён ҳам коррупцияга қарши курашиш нафақат тизимли ва изчил тарзда давом эттирилади, балки янада кучайтирилади. Биз ишни “фақат қўлга тушган ўғри” қабилида ташкил қилмоқчи эмасмиз. Балки “ўғрилик қилган ўғри” принципи асосида ишлаймиз. Яъни коррупция масаласида нафақат фактларни, балки шубҳа-гумонларни ҳам синчиклаб ўрганамиз.

Бунинг учун, аввало, коррупцияни прогнозлаш тизимини ишлаб чиқамиз. Бунда биз, албатта, фуқароларнинг ёрдами ва фаол иштирокига таянамиз. Яъни вазирликнинг телеграм мессенжеридаги “Huquqiy axborot” каналида ва “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Коррупцияни бирга енгамиз” мавзусида ижтимоий сўров ўтказиб борилади.

Шу йўл билан биз коррупция жараёнларини мониторинг қиламиз, маълумот йиғамиз. Таъбир жоиз бўлса, бармоғимиз доим коррупциянинг пульсида бўлади. Сўров натижаларини таҳлил қилиб, коррупцияга олиб келувчи омилларини бартараф этишга қаратилган чораларни ишлаб чиқамиз.

Коррупцияга қарши тарғиботни сусайтирмаймиз, унга нисбатан тоқатсизлик ва муросасизликни тарбиялашни давом эттирамиз. Бунинг учун коррупцияга қарши тарғибот материалларини тайёрлаб, адлия органлари ходимларига ва кенг оммага тарқатишни режалаштирганмиз.

Таълимдаги коррупцияга жиддий зарба бериш мақсадида Тошкент давлат юридик университетидаги якуний давлат аттестация жараёнини онлайн тарзда тўғридан-тўғри узатмоқчимиз.

Жамоатчилик назоратини рағбатлантирамиз. Яъни адлия органлари ва муассасалари мансабдор шахслари томонидан содир этилган коррупцияга оид хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар берган шахсларни мукофотлаш тартиби жорий этилади. Шунингдек, давлат нотариал идоралари ва давлат хизматлари марказларига мурожаат қилувчилар томонидан кўрсатилган хизмат сифатини баҳолаш тизими жорий этилади.

Умуман айтганда, шу каби яна қирқдан ортиқ чора-тадбирни амалга оширишни режалаштирганмиз. Ўйламайманки, қисқа фурсатда уларнинг барчасини амалга оширамиз. Натижасини назоратга оламиз. Бундан буён ҳар қандай ноқонуний ҳолат, айниқса, коррупцияга хотиржам қарашга ҳаққимиз йўқ!