Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 17.08.2019



04:04:34 (GMT +5), Яш, 18 авг 2019

Тадбиркорлар учун ягона интерактив портал ишлаб чиқилади

Аҳамият беринг

Тадбиркорлар учун ягона интерактив портал ишлаб чиқилади

Ушбу янгилик 2019 йилнинг 17 май куни адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ва матбуот анжуманида айтилди. Дастлаб соҳа мутахассислари иштирокида 2019 йилнинг 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Прездентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бўйича матбуот анжумани ўтказилди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ушбу янгилик 2019 йилнинг 17 май куни адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ва матбуот анжуманида айтилди. Дастлаб соҳа мутахассислари иштирокида 2019 йилнинг 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Прездентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг масъул ходимлари, шунингдек, тадбиркорлар ва инвесторлар ҳам иштирок этишди.

Матбуот анжуманида иштирок этганлар томонидан таъкидланишича, Фармон билан ҳар бир ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилади.

Қабулхоналар фаолиятининг асосий йўналишларидан бири тадбиркорларни ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказишдир.

Фармонга мувофиқ, қабулхоналарда тадбиркорларни, чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳар куни амалга оширилади.

Бош вазир мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади.

Қабулхоналарда мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган мурожаатлар кўриб чиқилади.

Қабулхоналар секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларидамуҳокама қилиш учун киритадилар.

Фармон билан ҳисобот тизими амалиётга жорий этилаётгани айтилди. Унга кўра:

·         қабулхоналар фаолияти натижалари ҳар чоракда Бош вазир раислигида алоҳида йиғилишларда, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали кўриб чиқилади;

·         Ҳукумат таркибидаги қабулхоналар бўйича котибият Бош вазирга қабулхоналарга келиб тушган мурожаатларнинг кўрилиши жараёни ҳақида ҳар ҳафтада ахборот киритади.

Фармонга мувофиқ “business.gov.uz” ягона интерактив портали ишлаб чиқилади.

Порталда тадбиркорлар томонидан ҳудудлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа параметрлар кесимида муаммо келиб чиққан аниқ бизнес-жараённи акс эттирувчи мурожаат қилиниш имкониятига эга бўлади.

Портал орқали ариза берувчи ўзининг шахсий кабинети орқали мурожаатнинг кўриб чиқилиши жараёнини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин.

Тадбирда иштирок этган бизнес вакиллари банк, хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича ўз таклиф- мулоҳазаларини билдиришди.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига, кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ташкил этилди. Унда якунига етаётган ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 10 дан ошиқ қонун ҳужжатлари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги каби Қонунлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони, “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги каби Ҳукумат қарорларида назарда тутилган янгиликлар тушунтирилди.