Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.05.2019



06:24:44 (GMT +5), Яш, 26 Мая 2019

Учтагача таълим йўналишини танлашда фанлар мажмуаси бир хил бўлиши керакми?

Аҳамият беринг

Учтагача таълим йўналишини танлашда фанлар мажмуаси бир хил бўлиши керакми?

Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш бўйича имтиҳонлар яқин. Бу борада қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинганига қарамай, фуқаролар томонидан саволлар талайгина. “Ўқишга ҳужжатлар қачондан бошлаб қабул қилинади?”, “Учтагача таълим йўналишини танлаш учун фанлар мажмусидаги предметлар кетма-кетлиги айнан бир хил бўлиши керакми ёки бунинг унчалик аҳамияти йўқми?”, “Давлат гранти асосида қабул қилиш бўйича тақдим этилаётган имтиёзлар қабул квотасидан ташқари ҳолатми?” ва ҳоказо.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш бўйича имтиҳонлар яқин. Бу борада қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинганига қарамай, фуқаролар томонидан саволлар талайгина. “Ўқишга ҳужжатлар қачондан бошлаб қабул қилинади?”, “Учтагача таълим йўналишини танлаш учун фанлар мажмусидаги предметлар кетма-кетлиги айнан бир хил бўлиши керакми ёки бунинг унчалик аҳамияти йўқми?”, “Давлат гранти асосида қабул қилиш бўйича тақдим этилаётган имтиёзлар қабул квотасидан ташқари ҳолатми?” ва ҳоказо.

2019 йил 15 майда Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шу каби саволларга ойдинлик киритилди (ҳануз очиқ қолаётган саволлар ҳам йўқ эмас).

Унда “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги”ги Президент қарорида назарда тутилган янгиликлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, Давлат хизматлари агентлигидан вакиллар иштирок этиб, шу кунларда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда татбиқ этилаётган янгиликлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти борасида, шунингдек, ушбу қарорларни тушуниб-тушунмай талқин этиш ҳолатлари кўп кузатилаётгани, оқибатда фуқароларда имтиҳон арафасида нотўғри талқинлар пайдо бўлаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди. Шу каби саволлардан бири абитуриентнинг бевосита учтагача таълим йўналишига ҳужжат топшириш тартиби, ундаги фанлар мажмуаси билан боғлиқ.

– Ушбу вазиятда, яъни абитуриентлар томонидан учта таълим йўналишини танлаш жараёнида фанлар мажмуасидаги предметлар кетма-кетлигига амал қилиш назарда тутилади, – дейди Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов. – Мисол учун, абитуриент “математика, физика, инглиз тили” фанлар мажмуасидан иборат таълим йўналишини танласа, иккинчи ва учинчи танлаган йўналишида ҳам шу кетма-кетлик сақлаб қолиниши керак. Бундай бўлмаган тақдирда, битта абитуриентда учта таълим йўналишида уч хил балл шаклланиб қолади. Савол туғилади: “Хўш, бу балларнинг қай бирини ўқишга кириш учун асос сифатида қабул қилиш мумкин?” Бу ҳолат ўз-ўзидан бошқаларда ҳам эътирозларни юзага келтиради, ўқишга қабул қилиш тизимини мураккаблаштириб юборади. Шунинг учун ҳозирги ҳолатда мазкур муаммонинг бирламчи ечими фанлар кетма-кетлигини сақлаб қолишдир.    

Матбуот анжуманида ҳам таъкидлаб ўтилганидек, бу йилдан эътиборан абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари эса июль-август ойларида ўтказилади.

2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади.

Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида (101 минг 365 сўм) тўлов ундирилади.

Абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари соҳа мутахассисларига ушбу қонун ҳужжатлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.