Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 20.05.2019



15:51:29 (GMT +5), Дш, 20 Мая 2019

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилади

Аҳамият беринг

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилади

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. https://regulation.gov.uz/uz/document/2758

Ҳужжат билан “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилиши мумкин.

“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомга кўра, кўкрак нишони билан жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматлари учун тақдирланадилар.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифлар ҳар йили 1 октябрга қадар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига тақдим этилади.

Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 октябрга қадар тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.

Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзоднинг объективкаси, сўнгги уч йил давомида у томонидан жамиятда ҳуқуқий онг
ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилган ижобий ишлар тақдим этилади.

Ҳудудий адлия органлари томонидан номзодлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилади ва номзодлар юзасидан хулосалар ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка тақдим этилади.

Ҳудудий адлия органлари раҳбарлари ўз ташаббусига кўра ҳам номзодлар тўғрисида ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка таклиф киритиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Комиссия ташкил этилади.

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 20 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг адлия вазири ўз ташаббуси билан ҳам давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.

Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда уларнинг аҳоли ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қўшган ҳиссаси, бу борадаги фаоллиги, оммавий ахборот воситаларида чиқишлари сони ва уларнинг самарадорлиги инобатга олинади.

Бунда ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилишга қаратилган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган видеороликларнинг тайёрланганлиги, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилиш бўйича турли инновацион самарали услубларнинг ишлаб чиқилиши номзодда устунлик касб этади.

Комиссия хулосаси асосида адлия вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 декабрга қадар чиқарилади.

Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 8 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни байрами арафасида адлия вазири (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ва бошқа ахборот воситаларида эълон қилинади.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти олади.

Бирйўла тўланадиган пул мукофоти вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан топширилади.

Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.